МЧЖ балансида Тошкентда жойлашган квартира бор. Уни қолдиқ қиймати бўйича ходимга сотиш режалаштириляпти.
Мазкур битимга қандай солиқлар солинади?
Фойда солиғи
АВни реализация қилишдан олинган фойда корхонада фойда солиғини ҳисоблашда жами даромадга киритилади (СК 297-м. 3-қ. 6-б., 298-м.). АВни сотишдан кўрилган зарар СК 305-моддаси бўйича чегириш учун асосларга мувофиқ келса, фойда солиғини ҳисоблашда чегириб ташланиши лозим.
Қўшилган қиймат солиғи
АВни реализация қилиш ҚҚС солинадиган айланма ҳисобланади (СК 239-м. 1-қ. 1-б.).
ҚҚС бўйича солиқ базаси реализация қилинадиган АВ объекти қийматидан келиб чиқиб ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда аниқланади. Бунда 1.01.2020 йилдан солиқ базаси реализация қилинаётган АВнинг қолдиқ қийматидан кам бўлмаслиги шарти чиқариб ташланган (СК 248-м. 1-қ.).
Айланмадан олинадиган солиқ
Айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар учун АВни реализация қилишдан олинган фойда жами даромадга киритилади ва унга солиқ солинади (СК 463-м.). Реализация қилишдан кўрилган зарар солиқ базасини камайтирмайди.
Мол-мулк солиғи
Мол-мулк солиғи бўйича солиқ базаси объект реализация қилинган ойдан бошлаб камайтирилади. Солиқ даври мобайнида солиқ базаси ўзгарганда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ суммаси тўғрисидаги аниқлаштирилган маълумотнома тақдим этилади. Бунда солиқ даврининг қолган қисми учун бўнак тўловлари тенг улушларда солиқнинг ўзгарган суммасига тузатилади (СК 413-м. 417-м. 7-қ.).
Жисмоний шахсда солиқ оқибатлари юзага келмайди.