Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 30 / Коррупция – оқибати оғир иллат

Ким қандай курашади?

 

Ҳар бир давлат коррупцияга қарши ўз ҳолича курашиб келади. Натижада қайсидир давлатда бу иллатга деярли барҳам берилган бўлса, қаердадир у «гуллаб-яшнаш»да давом этади. Коррупцияга қарши курашиш борасида баъзиларнинг тажрибасига назар ташлайлик.

 

Сингапур тажрибаси

Коррупцияга қарши муваффақиятли курашиш намунаси сифатида Сингапурдаги ислоҳотларни кўрсатиш мумкин. Бу давлат қисқа вақт ичида Осиёнинг қолоқ мамлакатидан дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бирига айланди. Бунинг замирида эса коррупцияга қарши кураш ётади.

Ҳукумат бу борада махсус дастур ишлаб чиққан бўлиб, унга кўра барча даражадаги амалдорларнинг фаолияти тўлиқ шаффоф бўлиши таъминланди. Коррупцион алоқалар илдиз отмаслиги учун мажбурий ротация тартиби жорий этилди. Барча даражадаги амалдорларнинг фуқаролар билан муносабатларида тизимли назорат ўрнатилди ва турли бюрократик тўсиқлар олиб ташланиши учун бу муносабатлар механизми такомиллаштирилди.

Бундан ташқари, барча мансабдорларнинг маошлари сезиларли даражада оширилди, суд тизими мустақиллиги таъминланди, пора олганлик ва берганлик учун жазо кескинлаштирилди. Шу билан бир вақтда коррупциянинг ҳар қандай кўриниши ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиб турувчи мустақил ОАВ шакллантирилди.

Сингапур етакчиси Ли Куан Юнинг коррупция устидан ғалаба қозонишни истаган инсон ўз қариндошлари ва яқин дўстларини ҳам қамашга тайёр бўлиши кераклиги ҳақидаги машҳур ибораси мамлакатда коррупцияга қарши кураш аёвсиз бўлганидан далолат беради.

Хитой тажрибаси

Агар Сингапурда коррупциячи амалдор маълум бир муддатга қамоқ жазосини олган бўлса, Хитойда бунинг учун бир умрлик қамоқ ёки ўлим жазоси жорий этилган. Маълумотларга кўра, 2003 йил­дан бери бу давлатда 10 мингга яқин мансабдор отувга ҳукм қилинган, 120 минг нафари эса узоқ муддатларга қамалган. Айрим ҳолатларда пора билан ушланган амалдорларнинг қўллари чопилган.

Хитойликлар пора олиш иллатига қарши курашиш бўйича махсус курсларга қатнашади. Давлат хизматчилари руҳий ва жисмоний машқлар орқали ақл ва таналарини соғломлаштиради. Шунингдек, Хитойда онлайн-ўйин ишлаб чиқилган бўлиб, ўйин шартларида порахўр амалдорлар бутун қариндошлари билан қириб ташланишлари керак бўлади.

Ҳонгконг тажрибаси

Хитойнинг шундоққина ёнида жойлашган Ҳонгконг ҳам коррупцияга қарши курашда эришган муваффақиятлари билан мақтанса арзийди – илгари мамлакатнинг деярли барча давлат идоралари коррупция ботқоғига ботганди. Бу ботқоқдан чиқиш учун қуйидаги чоралар амалга оширилди: давлат амалдорлари барча мол-мулкини (хусусан, автомобиль ва бошқа қимматбаҳо буюмларини) ҳалол йўл билан топган маблағларига сотиб олганини исботлаб бериши лозим. Агар буни исботлай олмаса, уни қамоқ кутади ва барча мол-мулки мусодара қилинади.

1974 йилда бу ерда «Коррупцияга қарши мустақил комиссия» ташкил этилган бўлиб, комиссия офицерлар ҳамда зиёлилар ва бизнесменлардан ташкил топган. Улар ўта катта миқдорда маош олади ва фақатгина губернаторга бўйсунади.   

Ҳонгконг аҳолиси ва ОАВ вакилларига порахўрликка қарши курашиш учун кенг имконият берилган – фуқаролар пора сўраган амалдор устидан комиссияга шикоят қилиши, журналистлар эса ҳар қандай амалдор фаолияти юзасидан текширув ўтказиши мумкин. Натижа эса ҳайратланарли – 30 йил ичида порахўрлик даражаси 90 фоиздан 3 фоизга тушган.

Дания тажрибаси

Данияда қонунга сўзсиз итоат қилиш, жамиятнинг барча аъзолари томонидан ахлоқ тамойилларига риоя қилиш жамиятни самарали бошқаришнинг асосий услуби ҳисобланади. Ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида ҳамма бирдек жавобгар бўлиб, маъмурий ёки жиноий ҳаракати учун масъулиятдан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Машинасида тезликни оширгани учун Дания қироличасининг ўғли, шаҳзода Йоахим жарима тўлаган ва матбуотнинг кескин танқидига учраган. Турмуш ўртоғи ўз фермасида хорижлик ишчиларни рўйхатдан ўтказмасдан ишлатгани учун вазирлардан бири истеъфога чиқишга мажбур бўлган.

Коррупция ҳақида шингил фактлар

  • Тарихчи Геродотнинг ёзишича, эрамиздан аввалги VI асрда ҳукмдорлик қилган Эрон шоҳи Камбиз Сизам исмли қозини пора олгани учун терисини шилиб олишни ва у ўтирган қозилик курсисини ўша тери билан қоплашни буюрган. Қозилик лавозимига эса порахўрлик нима билан якун топишини ҳамиша ёдда тутиши учун Сизамнинг ўғли Отан тайинланган;
  • Жаҳон банки маълумотларига кўра, бутун дунё бўйича олинадиган бир йиллик пора миқдори 1 трлн доллардан ортиқроқни ташкил этади. Порахўрликка қарши фаол кураш олиб бориладиган мамлакатнинг ЯИМ бир йил ичида 5 бараварга ошади.

Интернет материаллари асосида

Прочитано: 482 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика