Дори воситаларини улгуржи етказиб берувчи товарни етказиб бериш чоғида пул чегирмасини тақдим этган. Бунинг натижасида товар қиймати ва ҚҚС миқдори камайган. Етказиб берувчи тақдим этилган чегирма миқдорига қўшимча ҳисобварақ-фактурани ёзиб бермаган.
2020 йилда солиқ ҳисоботида ҚҚСга тузатиш киритиш қандай акс эттирилади?
– Чегирма реализация қилиш бўйича айланма амалга оширилган санадан кейин тақдим этилган бўлса, у албатта қўшимча ҳисобварақ-фактурада акс эттирилиши лозим.
Харидорларга реализация қилиш бўйича айланмани амалга ошириш санасида чегирмалар (бошқа тижорат бонуслари) берган солиқ тўловчи солиқ базасини бундай чегирмалар (тижорат бонуслари) чегириб ташланган ҳолдаги нархдан (тарифдан) келиб чиққан ҳолда аниқлайди (СК 248-м. 2-қ.). Ушбу чегирма ҳисобварақ-фактурада акс эттирилмайди.
Реализация қилиш бўйича айланма амалга оширилган санадан кейин (товар юклаб жўнатилгандан кейин) чегирма тақдим этилган тақдирда, корхонада ҚҚС бўйича солиқ базасига тузатиш киритилади.
Бунда чегирмалар бериш шартлари шартнома шартларида ёки солиқ тўловчининг нарх (тариф) сиёсатида назарда тутилган бўлса, илгари амалга оширилган товарларни (хизматларни) етказиб бериш бўйича солиқ базаси камайтирилади. Бундай шартларда товарлар етказиб бериш (хизматлар кўрсатиш) шартномасининг муайян шартлари харидор томонидан бажарилиши, шу жумладан товарларнинг (хизматларнинг) муайян ҳажмини олиш ва муддатидан олдин ҳақ тўлаш назарда тутилиши мумкин. Солиқ базасига тузатиш киритиш (салбий ёки ижобий) қўшимча ҳисобварақ-фактура ёки тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар асосида амалга оширилади. Товарларни (хизматларни) етказиб берувчи томонидан солиқ базасига тузатиш киритилаётганда, харидор етказиб берувчи томонидан расмийлаштирилган қўшимча ҳисобварақ-фактура асосида илгари ўзи ҳисобга олиш учун қабул қилган солиқ суммасига тегишли тарзда тузатиш киритади (кўпайтиради ёки камайтиради) (СК 257-м.).
Замира ЖЎРАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.