Фирма 2017 йил февралда рўйхатдан ўтказилган. Фирма балансига асосий воситалар келиб тушди.
АВ қачон қайта баҳоланиши керак эди: 2018 йилнинг 1 январь ҳолатигами ёки 2020 йилнинг 1 январь ҳолатигами?
– Асосий фондлар қийматини қайта баҳолаш 1 январь ҳолати бўйича (1 февралгача) қайта баҳолашни ўтказиш даврида нархлар даражасидан келиб чиқиб ўтказилади:
● ҳар йили – микрофирма ва кичик корхоналар тоифасига кирмайдиган ташкилотлар томонидан;
● 3 йилда бир маротаба – микрофирма ва кичик корхоналар томонидан (Низомнинг 2-банди, АВ томонидан 4.12.2002 йилда 1192-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Корхонанинг кичик бизнес субъектларига (микрофирмага) мансублигини аниқлаш учун Давлат статистика қўмитасига ёзма равишда мурожаат қилишингиз керак. Корхонанинг ҳисоб сиёсатида асосий воситаларни қайта баҳолашнинг даврийлиги ва қўлланиладиган услублар ёзилган бўлиши лозим.
1 январь ҳолати бўйича асосий фондларни қайта баҳолаш олдинги қайта баҳолаш натижасида олинган объектларнинг дастлабки (тикланиш) қийматидан, йил давомида келиб тушган асосий фондлар бўйича эса – ҳисобга олиш қийматидан амалга оширилади (Низомнинг 4-банди).
Асосий фондларнинг тўлиқ тикланиш қиймати ташкилотнинг хоҳишига қараб қайта баҳолашни ўтказиш даврида 1 январга шаклланган, баҳоланаётганларига айнан ўхшаш бўлган янги объектларга ҳужжатлар асосида тасдиқланган бозор нархлари бўйича алоҳида объектлар қийматини бевосита ҳисоблаш йўли (бевосита қайта баҳолаш усули) билан ёки асосий фондлар турлари бўйича ва уларни харид қилиш даврларига боғлиқликда табақаланган асосий фондлар қийматини ўзгартириш индексларини қўллаган ҳолда айрим объектларнинг дастлабки (тикланиш) қийматини индекслаш йўли (матн давомида – «индекс усули») билан аниқланади (Низомнинг 5-банди).
Шу тариқа, агар корхона кичик бизнес субъектларига мансуб бўлса ёки у микрофирма бўлган тақдирда, асосий воситалар 3 йилда бир марта 3 йил учун бирваракайига, яъни 2020 йилнинг 1 январь ҳолатига ўтказилади. Агар корхона кичик бизнес субъектига кирмаса, қайта баҳолаш ҳар йили 2018 йилнинг, 2019 йилнинг ва 2020 йилнинг 1 январига ўтказилади.
Эльвира ЖИЛЬЦОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.