Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 05 / Бухгалтерга тавсиялар

Ижтимоий солиқ ва ЖШДС. Қандай қилиб МҲЭКМ қайта ҳисобланади. ҚҚС тўлаш тартиби

 

Солиқ қонунчилигининг долзарб саволларига молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВнинг жавобларини эълон қилишни давом эттирамиз. Ушбу материалда – МҲЭКМни қайта ҳисоблаш қоидалари, таълим бўйича имтиёзларни қўллаш, ходимларга бўнак тўлаш чоғида ЖШДСни тўлаш ва иш ҳақига доир, ҚҚС ҳисоблаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги бошқа саволларга жавоб оласиз.

 

ДСҚ ва Молия вазирлигининг 30.12.2019 йилдаги ахборот хабарида ижтимоий солиқ 2020 йилда давлат ташкилотлари учун 12%ни ташкил этиши кўрсатилган, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида эса 25% ставка кўрсатилган. 2020 йил учун бюджет ташкилотларига ижтимоий солиқнинг қайси ставкаси белгиланган?

 

Қуйидагилар учун ижтимоий солиқ ставкаси 25%дан 12%гача пасайтирилади:

давлат корхоналари;

устав фондида 50% ва ундан ортиқ давлат улушига эга юридик шахслар;

устав фондидаги 50% ва ундан ортиқ улуш 50% ва ундан ортиқ давлат улушига эга бўлган бошқа юридик шахсга тегишли бўлган юридик шахслар;

юқорида санаб ўтилган субъектларнинг тузилмавий бўлинмалари.

Бюджет ташкилотлари учун ижтимоий солиқ ставкаси 25% миқдорида сақлаб қолинди.

 

ЖШДС бўйича имтиёзли суммаларни (совғалар ва моддий ёрдам) ва жисмоний шахсларга тўланган бошқа тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун қандай МҲЭКМ қўлланилади – йил бошидагими ёки охиридаги ёхуд тўлов санасидагими?

 

Солиқ солинмайдиган даромадларни ҳисоблашда (Солиқ кодексининг 378-моддаси) ёки ЖШДС бўйича солиқ тўловчилар айрим тоифаларининг жами даромадлари суммасини камайтиришда (Солиқ кодексининг 380-моддаси) тўлов кунидаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори олинади.

Бунда Солиқ кодексида солиқ даври учун МҲЭКМга нисбатан каррали миқдорга тенг сумма кўрсатилган бўлса, имтиёз суммаси солиқ даври охирига белгиланган МҲЭКМ бўйича қайта ҳисобланади.

 

МИСОЛ. Имтиёз солиқ давридаги МҲЭКМга нисбатан каррали миқдорда берилган.

Иш берувчи томонидан солиқ даври мобайнида ходимларга натура ­шаклида берилган, қиймати 2,11 МҲЭКМгача бўлган совғаларга ЖШДС солинмайди (Солиқ кодексининг 378-моддаси ­10-банди). Мазкур ҳолатда йил якунлари бўйича имтиёз суммасини йил охиридаги МҲЭКМдан келиб чиққан ҳолда аниқлаймиз.

 

Суммалар солиқ даврига боғланмаган ҳолда МҲЭКМга каррали миқдорларда ифодаланган бўлса, улар тўлов амалга оширилган ойдаги МҲЭКМдан келиб чиқиб ҳисобланади.

 

МИСОЛ. Тўлов солиқ даврига боғланмаган ҳолда МҲЭКМга каррали миқдорларда ифодаланган

Меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиққа бошқача тарзда шикаст етганлик билан боғлиқ зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича жабрланувчи меҳнатда майиб бўлгунига қадар олган ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоиз ҳисобидаги, унинг касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига мувофиқ белгиланадиган ҳар ойлик тўловларда (вояга етмаган шахс меҳнатда майиб бўлиб қолган тақдирда, зарарнинг ўрни унинг иш ҳақи (даромади) миқдоридан келиб чиққан ҳолда, лекин қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,76 бараваридан кам бўлмаган миқдорда қопланади) жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди (СКнинг 369-моддаси 2-қисми 10-банди). Ушбу сумма ҳар ойда тегишли ойнинг охирги санасидаги МҲЭКМдан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади ва тўланади. Демак, январь учун тўлов февралда тўланса, у январдаги МҲЭКМдан келиб чиқиб ҳисобланади.

 

Эътибор беринг

Шахсий автомобилдан хизмат мақсадларида фойдаланилганлиги учун белгиланган нормалар доирасида тўланган компенсация тўловига жисмоний шахснинг даромадлари сифатида қаралмайди, хизмат сафарлари бундан мустасно.

Нормалар 2.04.1999 йилдаги 154-сон ВМҚда иш ҳақига каррали миқдорларда белгиланган. Ушбу қарорга тегишли ўзгартиришлар киритилгунига қадар норма базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисобланиши лозим.

 

МИСОЛ. Ходим шахсий автомобилидан хизмат мақсадларида фойдаланади.

Бир ойдаги компенсация миқдори 4,5 БҲМга тенг. 2020 йил январь ойи учун бу сумма 1 003 500 сўмни (223 000 сўм х 4,5) ташкил этади.

 

Иш берувчининг ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга оид харажатлари ижтимоий солиқ солиш объекти ҳисобланади (Солиқ кодексининг 403-моддаси). Жисмоний шахсларнинг фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бўйича даромадларига ижтимоий солиқ солинадими?

 

Солиқ кодексининг 371-моддасига мувофиқ предмети ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишга оид тузилган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларга мувофиқ жисмоний шахсларга тўловлар (бундан якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар мустасно) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар жумласига киритилади.

Ижтимоий солиқ солинадиган объект бўлиб ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича иш берувчиларнинг харажатлари ҳисобланади (СКнинг 403-моддаси).

Бунда Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари ҳамда Ўзбекистон Республикасида юридик шахсларнинг доимий муассасалари, ваколатхона ва филиаллари орқали фаолиятни амалга оширадиган Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган юридик шахслар иш берувчи ҳисобланади.

Ижтимоий солиқни ҳисоблаш учун солиқ базаси Солиқ кодексининг 371-моддасига мувофиқ тўланадиган харажатлар суммаси сифатида аниқланади.

Шу тариқа, Солиқ кодексининг 371-моддасига мувофиқ тўлов тўлайдиган Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса, ваколатхона ва чет эл юридик шахсларининг филиаллари орқали амалга оширадиган юридик шахслар – Ўзбекистон Республикаси норезидентлари ижтимоий солиқни белгиланган тартибда тўлайдилар.

 

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида ўқиш учун ҳақ тўлашда ЖШДС бўйича имтиёзга таълим олаётганнинг эри (хотини) ҳам киритилди. Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга қачон ўзгартиришлар киритилади?

 

Солиқ кодексининг 378-моддаси 16-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юртларида таълим олиш (ўзининг, 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўловга йўналтириладиган солиқ тўловчининг солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадларига ЖШДС солинмайди.

Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан ушбу Низомга ўзгартиришлар ва қўшимчалар тайёрланмоқда. Бироқ, Солиқ кодексининг нормалари тўғридан-тўғри амал қилиши сабабли, таълим олаётганнинг эри (хотини) 2020 йил 1 январдан белгиланган имтиёздан фойдаланишга ҳақли.

 

Таълим учун ҳақ тўлашда ЖШДС бўйича имтиёзга таълим олувчининг эри (хотини) ҳам киритилди. 2107-сон Низомга мувофиқ, 2019 йил якунларига кўра контракт пулини тўлаган ота-онанинг солиқ солинадиган даромади 2019 йилда тўланган контракт пулидан кам бўлса, имтиёздан фойдаланишга ҳақли бўлган бошқа жисмоний шахслар бундай ҳуқуқдан фойдаланишга ҳақли бўлади. 2020 йилда таълим олувчи жисмоний шахснинг эри/хотини 2019 йил якунлари бўйича ушбу имтиёздан фойдаланиши мумкинми?

 

– Йўқ, мумкин эмас. 2019 йил якунлари бўйича ЖШДСни ҳисоб-китоб қилишда эр (хотин) имтиёздан фойдалана олмайди, чунки ҳисоб-китоб 2019 йилда амал қилган қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 

Тўлов манбаида ҳисобланган солиқ суммаси солиқ агенти томонидан солиқ тўловчига даромадлар тўлаш билан бир вақтда, бироқ солиқ ҳисоботи тақдим этиладиган муддатлардан кечиктирмай тўланади (СКнинг 390-моддаси 1-қисми). 2020 йилда иш ҳақи бўйича аванслар тўлангандан ЖШДС тўлаш зарурми?

 

– Солиқ кодексининг 367-моддаси 2-қисмига мувофиқ меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида даромад олинганда, бундай даромаднинг олинган санаси деб, солиқ тўловчига меҳнат шартномаси (контракти) асосида меҳнат мажбуриятларини бажарганлиги учун, унга даромадлар ҳисобланган ойнинг охирги куни эътироф этилади.

Бундан келиб чиққан ҳолда ойнинг биринчи ярми учун иш ҳақи бўйича аванс олинганда ЖШДС тўланмайди.

 

ШЖБПҲ тўғрисидаги Қонунга мувофиқ якка тартибдаги тадбиркорлар ихтиёрий асосида ШЖБПҲга бадаллар киритиши мумкин. Солиқ кодексига мувофиқ барча солиқ тўловчилар даромадларига ЖШДС солинадиган бўлса, буни мажбурий тартибда амалга оширадилар. Якка тартибдаги тадбиркорлар ШЖБПҲга бадаллар тўлаши шартми?

 

– Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ШЖБПҲга ажратмалар тўлаш тартиби 2020 йилда сақланиб қолди, ўзгартирилмади. ШЖБПҲга ажратмалар ихтиёрий асосда тўланади.

 

Якка тартибдаги тадбиркорлар (9.12.2019 йилдаги ЎРҚ-589-сон Қонунга 13-илова) учун қатъий белгиланган миқдордаги ЖШДС суммаси жадвалига изоҳларда айтилишича, жисмоний шахс – I ёки II гуруҳ ногирони фаолият тури ва уни амалга ошириш жойидан қатъи назар, қатъий белгиланган солиқ суммасини белгиланган миқдордан 50%, бироқ бир ойда БҲМнинг 50%идан ошмайдиган миқдорда тўлайди. ЖШДСнинг қатъий белгиланган ставкасида қайси санадаги БҲМ қўлланилади?

 

– Мазкур ҳолатда тегишли ойнинг охирги санасидаги БҲМ қўлланилади.

 

Ўқиш (таълим) соҳасида хизматлар ҚҚСдан озод этилган. Мазкур имтиёз чет эл компанияси томонидан кўрсатилган шундай хизматларга ҳам татбиқ этиладими?

 

– Ўқиш (таълим) соҳасида хизматлар, жумладан тест ва имтиҳонларни ташкил этиш ва ўтказиш ҚҚСдан озод этилган хизматлар рўйхатига киритилган (СКнинг 243-моддаси 1-қисми 10-банди). Имтиёзни қўллаш учун солиқ тўловчи, башарти бу фаолият қонун ҳужжатларига мувофиқ лицензияланиши лозим бўлса ёки рухсат этувчи ҳужжатларни талаб этса, имтиёз бериладиган фаолият учун тегишли лицензия ва бошқа рухсат этувчи ҳужжатларга эга бўлиши лозим (СКнинг 243-моддаси 2-қисми).

Ўзбекистонда нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолият лицензияланади (ВМнинг 27.03.2018 йилдаги 241-сон қарори). Шу боис, агар чет эл компаниясида Ўзбекистон қонун ҳужжатларига мувофиқ берилган лицензия мавжуд бўлса, мазкур хизматлар ҚҚСдан озод этилади.

Агар чет эл компаниясида бундай лицензия бўлмаса, у томондан кўрсатилаётган хизматларга ҚҚС солиниши лозим. Бунда Ўзбекистон уларни амалга ошириш жойи деб эътироф этилади.

Ўқитиш (таълим) соҳасида хизматлар бўйича реализация қилиш жойи улар ҳақиқатда кўрсатилган жой бўйича аниқланади. Агар хизматлар Ўзбекистонда кўрсатилган бўлса, Ўзбекистон уларни кўрсатиш жойи деб эътироф этилади (СКнинг 241-моддаси 3-қисми 3-банди). Бироқ, ушбу норма электрон шаклда кўрсатиладиган таълим хизматларига нисбатан татбиқ этилмайди. Улар бўйича реализация қилиш жойи фаолият жойи (юридик шахс) ёки харидор (жисмоний шахс) жойлашган жой бўйича аниқланади (СКнинг 241-моддаси 1-қисми).

 

1.01.2020 йил ҳолатига ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси реализация қилишдан айланма бўйича ҚҚС суммасидан 18 млн сўмга ошди. 2020 йилнинг январь ойи учун бюджетга тўланадиган ҚҚС 5 млн сўмни ташкил этди. 2020 йилдан бошлаб ой – ҚҚС бўйича солиқ даври ҳисобланади, ҳисобот ўсиб бормайдиган якун билан тақдим этилади. Январь ойи учун солиқ тўлаш чоғида йил бошига ҚҚС суммаси камайтириш учун инобатга олинадими?

 

– Ҳа, ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасининг реализациядан айланма бўйича ҚҚС суммасидан ошган суммаси ҚҚС бўйича бюджет билан кейинчалик ҳисоб-китобларда ҳисобга олинади. Энди ҳисобот ҳар ойда топширилиши ва кўрсаткичлар ой учун ўсиб бормайдиган якун билан акс эттирилишига қарамай, бухгалтерия ҳисобида бюджет билан ҳисоб-китоблар илгаридагидек – ўсиб борувчи якун билан юритилади. Бу шуни англатадики, 2020 йилнинг январь ойи учун ҚҚС бўйича бюджет билан ҳисоб-китобларда 2019 йил якунлари бўйича ҳосил бўлган ҚҚС бўйича ортиқча сумма инобатга олинади.

 

Корхона муассиси – жисмоний шахс дори воситаларини ишлаб чиқаришда ишлатиладиган материалларни устав капиталига ҳисса сифатида топширади. Мазкур вазиятда ҚҚС ҳисоблаб ёзиш бўйича мажбуриятлар вужудга келадими? Мазкур операция бўйича ҳисобварақ-фактура расмийлаштириладими ёки қабул қилиш-топшириш далолатномаси етарлими?

 

– Йўқ, мазкур ҳолатда ҚҚС ҳисоблаб ёзилмайди ва ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилмайди.

Жисмоний шахслар икки ҳолатда ҚҚС тўловчи деб эътироф этилади (СКнинг 237-моддаси 1-қисми):

1) товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромади солиқ даврида 1 млрд сўмдан ошган ёхуд ихтиёрий равишда ҚҚСни тўлашга ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобланганда;

2) Ўзбекистоннинг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш чоғида. Улар божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ божхона тўловлари таркибида ҚҚСни тўлайдилар.

Муассис-жисмоний шахс томонидан материалларни топшириш қабул қилиш-топшириш далолатномаси билан расмийлаштирилиши лозим.

 

Чет эл юридик шахсининг ДМда ҚҚС бўйича солиқ базаси қандай аниқланади?

 

– Чет эл юридик шахсига қарашли ДМ товарларни (хизматларни) реализация қилиш айланмасидан келиб чиққан ҳолда ҚҚСни мустақил равишда ҳисоблайди ва тўлайди (СКнинг 238-моддасининг 2-қисми). ҚҚС бўйича солиқ базасини у томонлар белгилаган битим нархидан келиб чиқиб, акциз солиғини ҳисобга олган ҳолда (акциз тўланадиган товарлар, хизматлар учун) ва унга ҚҚСни киритмасдан реализация қилинган товарлар қиймати сифатида аниқлайди (СКнинг 248-моддаси).

 

МИСОЛ. ҚҚС бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаймиз

Чет эл юридик шахси буюртмачи – Ўзбекистон корхонаси билан шартнома бўйича Ўзбекистонда объект қурмоқда ва шу муносабат билан ДМни рўйхатдан ўтказди. Смета бўйича ишлар қиймати ҚҚС бўйича солиқ базаси бўлади ва 200 минг АҚШ долларини ташкил этади. Шартнома бўйича умумий ишлар қиймати 15%лик ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 230 минг АҚШ долларини ташкил этади.

 

Чет эл юридик шахси солиқ тўловчи сифатида солиқ органларида рўйхатдан ўтмаган бўлса, солиқ агенти – ушбу чет эл юридик шахсининг товарлар (харидлар) сотиб олувчиси чет эллик шахснинг даромадларидан ҚҚС суммасини ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши шарт, чет эллик шахс – сотувчига эса унга берилиши лозим бўлган даромад суммасини ҚҚСни чегирган ҳолда ўтказади. Бунда Солиқ кодексининг 240 ва 241-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон товарларни (хизматларни) реализация қилиш жойи деб эътироф этилиши керак.

 

Чет эл юридик шахсининг ДМ учун ҚҚС бўйича ҳисобот тақдим этишнинг қандай муддатлари белгиланган? Бажарилган ишлар далолатномаси тарафлар томонидан имзоланган, бироқ буюртмачидан пул маблағлари олинмаган бўлса, ҳисобот қандай тартибда тақдим этилади?

 

– 2020 йилдан ой ҚҚС бўйича солиқ даври ҳисобланади (СКнинг 259-моддаси). Айнан ушбу давр ҳисобот даври ҳисобланади. Яъни ҚҚС бўйича солиқ ҳисоботи ҳар ойда – ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 20-санасидан кечиктирмай тақдим этилади (СКнинг 273-моддаси). Бунда кўрсатилган хизматларга буюртмачи томонидан ҳақ тўланган ёки тўланмаганлиги аҳамиятга эга бўлмайди. Хизматлар бўйича реализация қилиш айланмаси амалга оширилган кун ҳисобварақ-фактура ёки хизматлар кўрсатилганини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат расмийлаштирилган (имзоланган) кун ҳисобланади (СКнинг 242-моддаси).

 

Чет эл юридик шахсига қарашли ДМ 2019 йилда шартнома бўйича ишларнинг бир қисмини бажарди, улар бўйича далолатномалар имзоланган ва ҳақ тўланган. Ишларнинг бир қисми 2020 йилда бажарилмоқда. Мазкур ҳолатда ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база қандай аниқланади?

 

– Чет эл юридик шахсига қарашли ДМлар 2020 йил 1 январдан бошлаб ҚҚС тўловчига айланганлиги сабабли 2020 йилда бажариладиган ишлар ҳажми бўйича улар ҚҚС тўлаши лозим. Бунинг учун буюртмачилар билан шартномаларга қўшимча битимларни тузиш керак, унда шартнома суммасида ҚҚС ҳисобга олинмаганлиги ва кейинчалик ишлар қийматига ушбу солиқ суммаси киритилиши кўрсатилади. ҚҚСсиз аниқланган ва 2020 йил 1 январга қадар бажарилган ишлар ҳажмини алоҳида кўрсатиш зарур.

2020 йил 1 январгача ишлар (хизматлар) харидори ҚҚСни ўз маблағлари ҳисобидан тўлаган.

 

МИСОЛ. Бир қисми 2019 йилда бажарилган ишлар бўйича ҚҚС солинадиган базани аниқлаймиз.

Буюртмачи объектидаги фаолияти ДМ ташкил этишга олиб келувчи чет эллик пудратчи умумий суммаси 200 минг АҚШ долларилик шартномага мувофиқ 2019 йилда ишларнинг бир қисмини (150 минг АҚШ доллари) бажарди.

2019 йил декабрда қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича натижа топширилди, 2020 йил январда ҳақ тўланди.

Ишларнинг қолган қисми (50 минг АҚШ долларига) 2020 йил январь-февраль ойларида бажарилади, далолатномалар 2020 йил мартда имзоланади.

ҚҚС ҳисоблаш учун солиқ солинадиган базани аниқлаймиз.

Пудратчи 2019 йилда ҚҚС тўловчи ҳисобланмаган. Демак, далолатномалари 2019 йил декабрда имзоланган, 2019 йилда бажарилган ишлар ҳажми бўйича ҚҚСни у ҳисобламайди ва тўламайди. Ушбу ишлар бўйича ҚҚС 2007 йилдаги таҳрирдаги Солиқ кодексининг талабларига мувофиқ уларнинг харидорлари томонидан тўланади.

2020 йил январда буюртмачидан ҳақ олинганда ДМ томонидан солиқ ҳисобланмайди.

1.01.2020 йилдан бошлаб норезидентга қарашли ДМ ҚҚС тўловчига айланади ҳамда бажарилганлиги тўғрисида далолатнома 2020 йил 1 январдан кейин имзоланган ишлар ҳажми бўйича ҳисоботни топшириши ва ҚҚСни тўлаши шарт. Бу хизматларни реализация қилиш айланмаси амалга оширилган сана бўлиб ҳисобварақ-фактура ёки хизматлар кўрсатилганини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар расмийлаштирилган (имзоланган) сана ҳисобланиши билан боғлиқдир (СКнинг 242-моддаси 4-қисми).

Қоидага кўра, пудратчи ва буюртмачи ўртасида тузилган қўшимча битим 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги шартнома бўйича ишларнинг бажарилмаган қисмига ҚҚС суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги шарт кўрсатилган ҳолда имзоланади: жами – 57,5 минг АҚШ доллари тўланади, шу жумладан ҚҚС – 7,5 минг АҚШ доллари (50 х 15%).

 

Бюджетга тўланадиган ҚҚС суммасини ҳисоб-китоб қилишда чет эл юридик шахсига қарашли ДМ ҳисобга олиш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинми?

 

– Ҳа, мумкин. Бюджетга тўланадиган ҚҚС суммасини ҳисоб-китоб қилишда, ДМ ҳисобланган ҚҚС суммасини ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланган (тўланадиган) солиқ суммага камайтиришга ҳақлидир. Бунда Солиқ кодексининг 266 ва 267-моддаларида назарда тутилган ҳисобга олиш шартлари бажарилиши лозим.

 

buxgalter.uz сайти материали асосида.

 

Прочитано: 914 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика