Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 44 / Божхона

Имтиёзлар – ТИФ ТН коди бўйича

 

Умумбелгиланган солиқларни тўловчи ташкилот (МЧЖ) йўловчиларни шаҳар йўловчи ташиш транспортида (автобусда) ташийди, шунингдек юридик шахслар билан тузилган шартномаларга мувофиқ ходимлар ва туристларни ташиш бўйича хизматларни кўрсатади. Ташкилот ҳаракатланувчи таркибни янгиламоқчи, бунинг учун Хитойдан янги автобуслар олиб келмоқчи ($ 50 000 дан 20 та автобус). Бу мақсадда банкдан кредит оляпмиз.

Автобуслар божхонадан ўтаётганда ҚҚС тўлашимиз керак бўладими?

Шаҳар йўловчи ташиш транспортида йўловчиларни ёки туристларни ташиш учун автобусларни олиб келишга бирор-бир имтиёз борми?

Автобуслардаги ўриндиқларнинг сони аҳамиятга эгами?

ҚҚС тўлангудек бўлса (бу сумма эса биз учун салмоқли бўлади), уни йил давомида бўлиб-бўлиб тўлашимиз мумкинми?

ҚҚСдан ташқари божхонада яна қандай тўловларни тўлашимиз керак бўлади?

 

– Божхона божидан озод этиш тарзидаги тариф имтиёзлари қуйидагиларга нисбатан берилади:

халқаро йўналишда юклар, багаж ва йўловчилар ташишни амалга оширадиган транспорт воситаларига, шунингдек уларнинг йўлда қатнов вақтида, оралиқ тўхташ пунктларида бир маромда ишлаши учун зарур бўлган ёки транспорт воситаларида юз берган аварияларга (носозликларга) барҳам бериш учун божхона ҳудудидан ташқарида олинган моддий-техника таъминоти предметларига ва анжомларига, ёқилғига, озиқ-овқатга ва бошқа мол-мулкка;

божхона ҳудудига қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган технологик асбоб-ускуналар, шунингдек бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, агар уларни етказиб бериш контракти (шартномаси, келишуви) шартларида назарда тутилган бўлса. Олиб кирилган технологик асбоб-ускуналар олиб кирилган пайтдан эътиборан уч йил мобайнида экспортга реализация қилинган ёки текин берилган тақдирда, мазкур имтиёзнинг амал қилиши божхона божларини тўлаш мажбуриятлари тикланган ҳолда бекор қилинади (БКнинг 297-моддаси 1, 13-бандлари).

Божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёзлар ТИФ ТН коди Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатига (АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган) киритилган янги технологик жиҳозларга тақдим этилади. Қайд этамизки, унда 8702 ТИФ ТН коди остидаги товарлар (8702 10 19, 8702 10 99, 8702 90 19, 8702 90 39 дан ташқари) кўрсатилган – 30 ва ундан ортиқ кишини ташиш учун мўлжалланган автобуслар, Евро-4 стандартига мувофиқ келадиган ҳайдовчилар ҳам ҳисобга олинади.

Айтиб ўтилган имтиёзлар битта контрактга (шартномага) мувофиқ янги технологик ускуна билан бирга комплект етказиб берилган ва ушбу ускунанинг ажралмас қисми ҳисобланган бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларга ҳам татбиқ этилади.

 

Маълумот учун. Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга қўшилган қиймат солиғини ва акциз солиғини тўлаш бўйича имтиёзлар Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига мувофиқ берилади (Божхона кодексининг 298-моддаси).

Божхона кодексининг 299-моддасида божхона расмийлаштируви учун божхона йиғимларини тўлаш бўйича имтиёзлар белгиланган. Хусусан, юридик шахслар томонидан олиб кириладиган қиймати ЭКИҲнинг 10 бараварини ташкил этадиган товарлар тўловдан озод этилади.

 

Товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда қуйидаги божхона тўловлари тўланади (Божхона кодексининг 289-моддаси):

импорт божхона божи;

акциз солиғи (товар акциз тўланадиган бўлса);

ҚҚС;

божхона расмийлаштируви учун йиғим.

Қонун ҳужжатларида бошқа божхона тўловлари ҳам белгиланиши мумкин.

 

Кечиктириб ва бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисида

Божхона органининг қарорига асосан тўловчига божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши мумкин (Божхона кодексининг 329-моддаси).

Божхона тўловларини тўлаш муддатининг қўшимча даврга узайтирилиши божхона тўловларини кечиктириб тўлашдир. Божхона тўловларини тўлаш муддатини қўшимча даврга узайтириб, тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммасини шу давр ичида қисмларга бўлиб тўлаш божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлашдир.

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан 60 календарь кундан ошмаслиги лозим.

Божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан 90 календарь кун муддатга кечиктириб тўлаш имконияти қуйидагилар бўйича берилади:

ишлаб чиқарувчи корхоналарга экспорт маҳсулотини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган, божхона ҳудудига олиб кириладиган товарлар учун ҚҚСни тўлаш бўйича;

моддий ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналарга, фермер хўжаликларига, шунингдек юридик шахс мақомини олган деҳқон хўжаликларига ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган товарлар учун божхона тўловларини тўлаш бўйича.

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти божхона тўловларининг битта ёки бир нечта турига, шунингдек тўланиши лозим бўлган бутун суммага ёки унинг бир қисмига нисбатан берилиши мумкин.

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарор Божхона кодексининг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари суммаларини тўлаш бўйича ёзма мажбурият қайд этилган ариза ва божхона тўловлари тўланиши таъминланиши тасдиқловчи ҳужжат зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан ­эътиборан 5 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда божхона органи томонидан қабул қилинади.

Божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти Президентининг ёхуд Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан узоқроқ муддатларга ва божхона тўловлари тўланиши таъминланмаган ҳолда берилиши мумкин. Чунончи, Президентнинг «Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (27.06.2019 йилдаги ПФ-5755-сон) билан Молия вазирлиги ва ДСҚга божхона имтиёзлари тақдим этилиши тартибини қайта кўриб чиқиш вазифаси топширилди. Бунда, ҚҚС тўловчиси бўлган хўжалик юритувчи субъектларга товарларни олиб кирганда, шунингдек, иш (хизмат)ларни импорт қилганда уларни солиқ тўлашдан озод этиш ўрнига 120 кунгача бўлган муддатга тўловни кечиктириш механизмларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги белгиланди (ПФ-5755-сон Фармоннинг 10-банди).

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 

Прочитано: 101 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика