Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 40 / Кадрлар бўлими

Қайта ташкил этишда ишдан бўшатиш ва ишга қабул қилиш

 

Бир ташкилот бошқасига қўшиб юборилганда ходимларни ишдан бўшатиш ва ишга қабул қилиш қандай расмийлаштирилади?

 

– Мазкур ҳолатда 2 та юридик шахсни қўшиб юбориш шаклида қайта ташкил этиш юз бериб, бунинг натижасида битта янги – уларнинг ҳуқуқий вориси юзага келади.

Юридик шахсларни қўшиб юбориш меҳнат шартномаларини бекор қилиш учун асос бўлмайди. Бунда ходимлар сони ёки штати ўзгармаса уларнинг розилиги билан меҳнат муносабатлари давом этаверади (МКнинг 98-моддаси). Янги мулкдор иккала ташкилотнинг ёки улардан бирининг раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, бош бухгалтери билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлидир (МКнинг 100-моддаси, 6-банди).

Қўшиб юборишда янги ташкил этилган юридик шахснинг штат жадвали тузилади ва тасдиқланади. Унга янги тузилмавий бўлинмалар, лавозимлар киритилиши мумкин. Айрим лавозимлар чиқариб ташланиши мумкин.

Қўшиб юборилган юридик шахсларнинг ходимлари билан меҳнат шартномаларига қўшимча битимлар тузилиши лозим, уларда иш берувчининг янги номи ва бошқа зарур маълумотлар кўрсатилади (МКнинг 73-моддаси).

Янги штат жадвалида ходимларнинг лавозимлари сақланиб қолган бўлса, штат қисқартирилиши муносабати билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш учун асос қолмайди.

Мазкур ҳолатда меҳнат дафтарчасининг 3-устунида алоҳида сатр билан тартиб рақами қўйилмаган ҳолда «Корхона (номи) (санаси) қайта ташкил этилганлиги муносабати билан (янги номи) қайта номланди» деб ёзилади, ­4-устунда эса бунга асос – буйруқ, унинг санаси ва рақами қўйилади. Сўнгра кейинги тартиб рақами билан янги штат жадвалига мувофиқ ходимнинг бошқа лавозимга тайинланиши буйруқ рақами ва санаси кўрсатилган ҳолда 4-устунда қайд этилади (АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 2.13-банди).

Қўшиб юбориш оқибатида ходимнинг меҳнат вазифаси (штат жадвали бўйича лавозими) ёки илгари меҳнат шартномасида кўрсатилган тузилмавий бўлинма ўзгарадиган бўлса, ходимнинг розилиги талаб этиладиган бошқа доимий ишга ўтказиш ўринли бўлади (МКнинг 92-моддаси).

Бундай ҳолатда меҳнат дафтарчасининг 3-устунига қайта номлаш тўғрисидаги ёзувдан сўнг кейинги тартиб рақами билан янги штат жадвалига мувофиқ бошқа лавозимга ўтказилганлиги тўғрисида ёзув киритилади, 4-устунда тегишли буйруқнинг сони ва санаси кўрсатилади.

Қўшиб юборилгандан кейин ҳуқуқий ворис бўлган ташкилотнинг штат жадвалида ходимларнинг барча лавозимлари ҳам сақланиб қолмаслиги ёки уларнинг сони ўзгариши мумкин. Бундай ҳолларда қўшиб юбориш тартиб-таомилини ўтказищдан олдин ҳар бир ташкилотда ходимлар сонини қисқартириш ва ишда қолган ходимлар билан янги ташкилотда меҳнат шартномаларини тузиш лозим.

Штат қисқартирилиши қуйидагича тартибда амалга оширилади.

Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни камида 2 ой олдин ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт (МКнинг 102-моддаси 1-қисми).

Иш берувчи ходимлар сонини (штатини) қисқартириш чора-тадбирлари кўрилганда ходимга янги ташкилот штатидаги бошқа ишни (бўш лавозимни) таклиф этиши шарт. Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин (МКнинг 92-моддаси).

Иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасини 2 ойлик муддат тугагунгача бекор қилишга ҳақлидир. У ходимнинг ёзма розилиги билан огоҳлантиришни унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин, бунда ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўланади (МКнинг 102-моддаси 2-қисми, 109-моддаси). Бундан ташқари, иш берувчи жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида бу ҳолат назарда тутилган бўлса, ходимнинг вакиллик органининг розилигини олиши лозим (МКнинг 101-моддаси).

Штат қисқарганлиги муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда иш берувчи, юқорида айтиб ўтилган тўловлардан ташқари, фойдаланилмаган барча таътилларни ҳисоб-китоб қилиши ва компенсация тўлаши шарт (МКнинг 110, 151-моддалари).

 

Валерия Ляндрес,

кадрлар хизмати ходими.

Прочитано: 779 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика