Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 40 / Биз яшайдиган уй

Турар жой хизматлари «академиклиги»га навбатдаги номзод ким?

 

Турар жой хизматлари «академиклиги»га навбатдаги номзод ким?

 

«Фаровон коммунал» бошқарув компанияси (БК) директори Гулнора Алиевани кўпчилик «турар жой хизматларининг академиги» дея эътироф этади. Аслида Г.Алиева УКХ бўйича олийгоҳларни битирмаган, бу соҳага ҳам тасодифан келиб қолган. Мазкур жабҳанинг барча икир-чикирларини эса ҳаётнинг ўзи ўргатган. Шунга қарамай, унинг бошқарув компанияси – республикада энг яхшилардан бири ҳисобланади. Унинг бошқа БКлардан фарқи шундаки, доим биринчилар қаторида юришга ўрганган. Бундан ташқари БК турар жой соҳаси учун интеллектуал маҳсулотларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Гулнора ҳақиқатан ҳам академик андозадаги инсонлардан, малакали бошқарувчи. Турар жой соҳасини ипидан игнасигача яхши билади, кўп квартирали уйларни қандай бошқариш лозимлигини амалиётда намойиш этиб келмоқда. Доимо истиқболга қараб қадам ташлайди. Ғоялар, лойиҳалар унда «қайнаб ётибди». Унинг гап-сўзига қулоқ осишади, тажрибасидан ўрганишади. Кўп квартирали уйларни бошқариш билан боғлиқ бир қатор масалаларга тушунтиришлар бериш учун УКХ бўлинмалари кўпинча уни маслаҳатчи сифатида жалб этиб туради. Гулнора янги уй-жой қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда фаол қатнашиб келади.

7 йил олдин у ташкил этган «Фаровон коммунал» БК таркибида унинг бошқаруви остидаги 160 та кўп квартирали уй бор, уларда оз эмас-кўп эмас, 25 минг киши истиқомат қилади. Бу кўп қаватли уйлар пойтахтимизнинг тўртта туманида жойлашган. Хизматларнинг асосий улуши консалтинг ва бухгалтерия ҳисобига тўғри келади. БК кўп қаватли уйларни мукаммал таъмирлашда пудрат ишларини ҳам бажаради. Хизматлар ҳажмининг тахминан 80%и турар жой соҳасига тегишли. БК штатида 25 нафар киши ишлайди.

 

Осмондан ерга тушиб…

Ўн икки йил олдин Гулнора моҳир дизайнер эди, хусусий бизнеси бўлган – багет, яъни ром, карнизлар учун мўлжалланган тахта устахонаси ишлаб турган. Санъат асарлари: расмлар, девор-суратлар, фотосуратлар ва бошқа нарсаларни рамкага солиш ишлари билан машғул бўлган. Бу ижодий ёндашув, кўп меҳнат ва қунт-эътиборни талаб қиладиган камёб касблардан ҳисобланади. Багет тайёрлаш бўйича уста бадиий дидга эга бўлиши, рассомчилик, меъморчиликдан хабардор бўлиши, реставратор малакасига ошно бўлган, услубларни ҳис этадиган инсон бўлиши лозим. Хуллас ҳар ишда ижодий ёндашув керак. Фалакнинг гардиши бир айланди-ю, сув сизиб чиқаётган қувурлар, чакка ўтаётган томлар, «пулларимиз қаерга сарфланди?» деган саволларга тўла бўлган турар жой муаммолари бир зумда уни қамраб олди. Бу худди осмондан ерга тушиб қолгандек гапга ўхшарди. Гулнора УКХ соҳасида фақат сув кранини «очиб-ёпиш»дан ўзга нарсани билмасди.

– Уйларнинг муаммоларига пухтароқ киришга вақт йўқ эди, – дейди Гулнора. – Бизнинг «Лилия ишонч» ХУМШнинг ишидан қониқмаган қўни-қўшнилар дабдурустдан менинг олдимга масалани кўндаланг қўйишди: «Биз сени ширкат директори этиб сайладик. Сен ёш, ҳаракатчансан, шунинг учун ишни уддалайсан, биз эса сенга ёрдам берамиз». Бу мени, албатта, лол қолдирди. Лекин қўшнилар ўз иддаоларида қатъий эдилар. Шу туфайли таслим бўлақолдим: «Майли, бир амаллайман. Хусусий бизнесни йўлга қўйганман-ку, уй хўжалигини бошқаришни ҳам эпларман» дедим.

Дастлабки вақтда ширкатни устахонамда ўтириб, телефон орқали бошқараман деб ўйлагандим. Уйда яшовчилар қўнғироқ қилса, таксига ўтириб, масалани ҳал этиш учун «оёғимни қўлга оламан». Кейин томни таъмирлай бошлашди. Маблағлар йиғилди, уларни усталарга бердим. Қўшни ХУМШ раиси эса: «Нима қилиб қўйдинг, бу ахир ноқонуний ҳаракат-ку!» деб койиди. Мен дарҳол ҳужжатларни ўрганишга тушиб кетдим. Ҳужжатларни бош кўтармай ҳижжаладим. Ҳозир қоқ тунда уйғотсангиз, ҳаммасини ёддан айтиб бераман. Уй хўжалиги соҳасини синчиклаб ўргана бошлаганимда қизиқишим ортди. Бу одамлар учун қанчалик муҳим иш эканлигини тушуниб етдим. Ана шундан кейин бу юмушга пухта киришиб кетдим. Ширкатимиз эса пойтахтнинг Учтепа туманида барқарор ишлаётган ширкатлар сафига қўшилди.

Одамларнинг ғам-ташвиши билан яшаш ҳаётим тарзига айланиб қолди. Мутафаккир шоиримиз Алишер Навоий айтганларидек: «Одами эрсанг демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами».

Менга туман ХУМШ уюшмасига раҳбарлик қилишни таклиф этишганда розилик билдирдим. Сабаби бу янги иш-тажриба, янги имкониятлар эшигининг очилиши эди. Афсуски, ҳозир уларга етарлича аҳамият берилмаяпти. Лекин Уюшмадаги фаолиятим турар жой соҳасидаги муаммоларни яхшироқ тушуниб етишга ва тўғри қарорлар қабул қилишга ёрдам берди.

 

Бухгалтерия ҳисоби бизнес сифатида

Уй мулкдорлари ва ХУМШ раҳбарлари ўртасидаги кўплаб мунозаралар ҳисоб тизимини тўғри йўлга қўя олмаслик – ишни пухта режалаштирмаслик, даромад ва буромадлар сметасини тузмаслик, бадални ҳисоблаб чиқмаслик, мулкдорлар олдида ҳисоб бера олмаслик оқибатида юзага келади. Биз бу йўналишни бизнес сифатида ривожлантириш мумкинлигини тушуниб етдик, у анчайин талабгир бўлиши мумкин эди. 2012 йилда «Фаровон коммунал» ихтисослаштирилган БКни ташкил этдик. Ишни ХУМШлар учун бухгалтерия ҳисобини юритиш ва консалтинг бўйича хизматларни кўрсатишдан бошладик.

Самарадорлик дарҳол сезилди. ХУМШлар малакали ҳисоб хизматларидан фойдаланишди. Хизматлар марказлаштирилган тарзда кўрсатилгани боис бу улар учун арзонга тушарди. Талаб шакллангани сайин бухгалтерия ҳисобини 1С дастури бўйича ўрганиш зарурати туғилди. Бу ишимизни анчайин енгиллаштирди. Ҳисобни автоматлаштириш орқали уни тизимлаштириш, харажатлар, кирувчи оқимлар, материаллар ҳаракати, фойдани шакллантириш ва ҳ. к. бўйича исталган давр учун маълумотларни тезкор олиш имкони туғилди. Тизим шундай йўлга қўйилган эдики, биз ишлар сифатини таҳлил қилиш, «осмондан тушган» эмас, балки асосланган ишларни прогноз қилиш имкониятини қўлга киритдик. Бу ўринда материалларнинг хизмат кўрсатиш муддатлари, таъмирлов ишларини ўтказиш вақтидан келиб чиқилди. Ҳар бир уй бўйича прогнозни шакллантирар эканмиз, ХУМШ ишидаги заиф бўғинларни кузатиб бордик. Масалан, томни рубероид билан қоплашни олайлик. Унинг хизмат кўрсатиш муддати 5 йил. Агар 2 йилдан кейин томдан чакка ўтадиган бўлса, демак ё раис қаердадир ўғирлик қилган ёхуд ишёқмас пудратчи уни алдаган, раис эса ишни тўғри қабул қила олмаган бўлиб чиқади.

Дастлабки вақтда республиканинг барча ХУМШлари учун битта банк хизмат кўрсатган, кредитлар бўлмаган, шу боис биз барча тушум ва харажатларни осонгина прогноз қила олардик. Улар турли банкларга ўтиб кетишгач ва кредитлар ажратила бошлагач, мулкдорларнинг деярли барча маблағлари қарзларни сўндиришга йўналтира бошланди. Мураккабликлар вужудга келди. Бизга турлича кредит тарихига эга бўлган янги ХУМШлар келиб қўшилди, шундан сўнг бухгалтерия ҳисобининг асосий йўналиши олдинда турган ишларни прогноз қилиш эмас, балки бажарилган, шу жумладан кредитлашнинг салбий оқибатларини бартараф этишга қаратилган ишларни амалга ошириш бўлиб қолди. Бошқача айтганда, кредитлар туфайли «қарзлар ботқоғи»га ботиб қолган ХУМШларни қутқариш асосий вазифа эди. Аввал чўкаётганларни соҳилга чиқариб олиб, ана ундан кейин жонлантиришни ўйлаш керак эди.

Ҳисоб юритишнинг бу амалиёти интеллектуал маҳсулот сифатида ягона ҳисоб-китоб маркази тажриба лойиҳасига асос бўлди, лойиҳани ҳокимият ва Мирзо Улуғбек туман ХУМШ уюшмаси илгари суриб чиқди. Мени ушбу лойиҳани йўлга қўйиш мақсадида маслаҳатчи сифатида, кейинчалик эса бош бухгалтер сифатида жалб этишди. Ҳозирда маҳсулот қайта ишланган, малакали ҳисоб юритиш ва ишда шаффофлик таъминланишидан манфаатдор бўлган ХУМШлар эса ҳисоб-китоб марказининг хизматларидан фойдаланиш учун шартномалар тузишмоқда.

Бу йиллар оралиғида ХУМШдаги бухгалтерияга нисбатан бўлган талаб ва ёндашувлар ўзгарди. Ҳозирда фақат бухгалтерия ҳисобини юритиш билан чекланиб қолиш тўғри эмас – бу ўта тор доирадаги иш бўлиб, у ҳолда шунчаки ҳисобчига айланиб қоласан вассалом. ХУМШ ёки БК бухгалтери тармоқнинг ўзига хос юзи бўлиши, ширкат қандай ишлашини билиши керак. Бугунги кунда бу бухгалтериянинг алоҳида йўналишига айланмоқда.

Кредит олингандан кейин пудрат ишларини бажарадиган БКга талаб-эҳтиёж юзага келди. Бухгалтерия ҳисобидан ташқари, биз ишлаб чиқариш йўналишини ривожлантиришни бошладик, ХУМШлар билан пудрат шартномаларини тузяпмиз. Мижозларимизнинг асосий қисмини айнан бухгалтерия хизматларимиздан фойдаланаётган ширкатлар ташкил этади. Улар бизга ишонч билдиришади, биз бу ишни жиддий ва узоқ муддатли бажараётганимизни кўрганлари учун биз билан бехавотир шартномалар тузишади. Биз ХУМШга доимий асосда хизмат кўрсатмаймиз. Пудрат ишларига узоқ йиллардан буён биз билан ишлаб келаётган малакали мутахассисларни жалб этмоқдамиз. Лекин уй-жой соҳасидаги янги шабадаларни ҳисобга олган ҳолда доимий штатдаги авария-диспетчерлик хизматларини йўлга қўйишни ўйлаб турибмиз. Чолғуни қандай созласанг, шундай соз чиқар…

Уй-жой соҳаси – бу шундай чолғу асбобики, уни қандай созласанг, шундай соз чиқаради. Уни ХУМШ раҳбарларининг тўғри ўзанига мослаб созлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Улар билан шартнома тузишдан олдин шарт қўямиз: барча маблағлар қатъий равишда ширкатнинг ҳисобрақамига келиб тушиши керак – нақд пул билан ҳисоблашишга йўл қўилмайди. Бу менинг принципиал ёндашувим ҳамда ХУМШнинг барқарор ва ҳалол ишлаб кетишининг кафолатидир.

Мулкдорлар мақсадли жамғармалар тўғрисида қарор қабул қилган тақдирда, бу умумий мажлиснинг баённомаси билан тасдиқланиши керак. Бухгалтерия мақсадли тушумлар ва улар харажатларининг алоҳида ҳисобини юритиши лозим. Мақсадли тушумлар учун банкда қўшимча равишда шахсий ҳисобварақ очиб қўйса бўлади. Одатда банкчилар ширкатларнинг хоҳиш-иродасига мувофиқ иш тутадилар. 7 та уйдан иборат ХУМШ учун 7 та шахсий ҳисобварақ очиб берилган ҳолатлар ҳам амалиётда бўлган. Асосий қоида: барча тушум ва харажатлар – фақатгина банк ҳисобварақлари орқали амалга оширилса бас.

 

Ғоялар, лойиҳалар, самаралар

Биз кўп қаватли уйларда биргина умумий уйдаги мол-мулкка хизмат кўрсатиш билан чекланиб қолмаймиз. Замонавий талаблардан келиб чиққан ҳолда квартира ичидаги таъмирлаш ишларини амалиётга татбиқ этиб бормоқдамиз. Бундай хизматларга талаб юқори. Уйда истиқомат қилаётганлар ишга тасодифий одамларни ёллашади, бунинг ортида эса таваккалчилик ва кафолатланмаган сифат ётибди. Шу туфайли махсус бўлинмани шакллантирмоқдамиз. Сантехниклар, электриклар бизда бор, қўшимчасига дизайнер ва бўёқчиларни ишга жалб қилмоқдамиз. Ландшафтни лойиҳалашда ўзимизни синаб кўрмоқчимиз. Бу ҳам бир йўналиш – кўрайлик-чи, қўлимиздан бу иш ҳам келиб қолар. Қозон шаҳрида кўп квартирали уйлар ҳудудини ободонлаштириш учун кичик меъморчилик ишланмалари, шийпончалар, скамейкалар, болалар майдончаларини қураётган БК борлигини кўрдим. Буларга бизда ҳам ниҳоятда талаб катта. Тошкентда бир завод болалар майдончасини ишлаб чиқарар эди, лекин бу ўтган асрнинг андозаси бўйича қилинган. Ҳозирда гап замонавий қурилиш ишланмаларини бошқариш устида кетмоқда. Ушбу соҳа ўз хусусиятига эга бўлиб, унинг ҳам бозорда ўз ўрни бор. Замонавий турар жой мажмуасининг бошқарувини зиммамизга олдик. Клининг (тозалаш) бозорига кириб боришни мўлжалламоқдамиз, бу орқали ХУМШ билан тузилган шартномага кўра уй атрофидаги ҳудуд, йўлаклар, офис биноларини ўзимиз тозалаймиз.

Ҳозирги вақтда қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларининг электрон базасини яратиш бўйича лойиҳа устида иш олиб бормоқдамиз. Бу иш Миробод туман савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда амалга ошириляпти. Бозорда сифатсиз материаллар, шубҳали ишлаб чиқарувчилар урчиб кетди. Электрон каталог турар жой мутахассисларининг материаллар бозорида тўғри йўналиш топа олишига, тадбиркорларнинг эса улар маҳсулотларига барқарор талабни таъминлашга имкон беради, лекин бунда маҳсулотнинг сифати муҳим аҳамиятга эгадир. Ҳозирча лойиҳа пойтахт учун мўлжалланган. Агар у ўзини оқласа – бошқа минтақаларда қўллашга ўтамиз. Чунки кўпчилик ички бозорларимизда қандай материаллар борлигидан бехабар, бошқа ҳудудлардан олиб келишади. Етказиб бериш учун кетадиган вақт эса – бу бизнес учун катта йўқотишдир.

БКнинг яна бир лойиҳа андозасини бичиб қўйдик – Учтепа туманида материаллар марказини очмоқчимиз. Марказ БКнинг авария-диспетчерлик хизматининг яна бир сегментига айланиши керак. Бу нима учун керак? Масалан, қоқ тунда авария содир бўлди, дейлик. Қаерга чопасиз? Аварийкани чақиртирса бўлади. ХУМШнинг ўз сантехниги эса қўл остида материаллар бўлган тақдирда ҳамма ишни ўзи бажариб қўйган бўлар эди. Лекин материалларни топиш, харид қилиш учун ҳам вақт кетади, одамлар эса кутиб тура олмайдилар. Бундай марказ фавқулодда вазиятни бартараф этишда анча қўл келади, тиғиз вақтда марказ омборидаги материаллардан фойдаланилади. Кейин истифода этилган материаллар ё қайтариб берилади ёхуд ўзаро ҳисоб-китоб йўли билан ҳисоблашилади. Коммуналчилар марказга материаллари ёки маблағлари билан ҳисса қўшишлари мумкин. Бу мен кўп бора тўқнаш келган долзарб муаммодир. Лойиҳада иштирок этишга тайёр турган БК бор. Ғоямизни Учтепа тумани ҳокими Ф.Абдуллаев маъқуллаган. Ҳозирги кунда кўплаб БКлар қурилиш пудрат ташкилотига айланган ҳолда турар жой соҳасидан кетиб қолишяпти. Кетганда ҳам мутахассислари билан бирга, тўпланган иш тажрибаси билан кетишяпти. Туман ҳокимияти бу жараённи тўхтатишдан манфаатдор, уй-жой секторига иш ҳажмларига эга бўлиш ва шу тариқа турар жой мутахассисларини ортга қайтариш ҳаракатида.

 

Уй-жой соҳасига ишончни қайтариш

УКХ – жонли соҳа эканлиги менга ёқади, одамлар доимо сенинг хизматингга эҳтиёж сезиб яшайдилар. Мазкур тармоқда қўл қовуштириб ўтирмасангиз, ғояларни амалга ошириш йўлида кўпгина ишларни қилса бўлади. Истаган киши бозорда ўз ўрнини топа билади. Ҳаммаси қандай мақсадларни олдинга қўйишга боғлиқ. Мен учун бу шахмат ўйинига ўхшайди. Барчаси сипоҳларни қай тартибда қўйиб чиқишга, қандай қадам қўйишга боғлиқ. Бир сафар илгарилаб кетиб, кейин ҳаммасини йўқотиб қўйиш муаммо эмас. Лекин ишни аста-секин олиб бориб ҳам мақсадга эришса бўлади.

Бугун УКХда қизиқ даврлар кечяпти. Бироқ ғоя ва лойиҳаларни амалга ошириш учун вақт умуман етишмайди. Ҳозир яна бир йўналишни ишлаб чиқяпмиз – лок-бўёқ маҳсулотлари ва ҳовли ирригация тармоқлари (ариқлар) учун бетон буюмларини ишлаб чиқарувчи мини корхоналарни ташкил этмоқчимиз. Мазкур мини-цехларни ишга туширадиган инвесторлар ҳам бор. ХУМШ учун маҳсулотлар таннархи бўйича сотилади. Ортиқча маҳсулотни эса бозорга ҳам олиб чиқиш мумкин. Лойиҳаларимизнинг барчаси биринчи навбатда ХУМШга, фуқароларнинг фаровонлигини оширишга қаратилган. Одамларнинг турар жой соҳасига ишончини қайтаришимиз керак. Бунга қай йўсинда эришса бўлади? Хизматлар сифатини ошириш, нарх сиёсати, хизмат кўрсатиш ва ахборот олиш даражасини ошириш йўли билан.

Турар жой соҳасидаги 12 йиллик давр оралиғида мулкдорлар анча ўзгарганини айтиб ўтишим керак. Улар ўз ҳуқуқларини билишади, ширкат раҳбарларини фаол ҳолда «ушлаб туришади» ва уларга нисбатан ўзига хос мухолифликда туришади. Муносабатлар анчайин конструктив тус олган. Уйда яшовчилар ахборот технологияларидан фойдаланишади, ижтимоий тармоқларда гуруҳлар ташкил этишади. Бирор хатоликка йўл қўйилса – ахборот шу заҳотиёқ Интернетда пайдо бўлмоқда.

Турар жой соҳасида самарали иш олиб бориш учун 2 та дастак ишга туширилиши керак деб ўйлайман: бадалларни ўз вақтида киритиш ва улар сарфини назорат қилиш. Бизда-чи? Одамлар пулни тўлашади, уларнинг маблағлари қандай сарф қилинаётганини эса ҳеч ким назорат қилмайди. Бу эса қоидабузарликларнинг асосидир. Маблағларни мулкдорлар тафтиш комиссияси номидан назорат қилиши даркор. Қонун ҳужжатларида уларга шундай имконият берилган. Қайиқни сувда тутиб туриш учун эшкакларнинг барчасини ҳаракатлантириш керак-ку, ахир. Агар бундай ҳаракат қилинмаса, қайиқ қайси томонга сузишни билмаса, ХУМШ саёзликда ботиб қолади-вассалом. Бу ўринда четдан айбдорни қидириб ўтиришнинг ҳожати қолмайди.

Яна бир жиҳат. Ширкат ва БК раҳбарларини ҳимоялаш маъносида бир луқма айтмоқчиман. Кўпгина ХУМШ аъзолари раисни рингга тушган жангчи, калтак ейдиган болакай ўрнида кўришади, уни ҳақорат қилиш, унга бақириш мумкин деб ҳисоблашади. Лекин айни вақтда ўз маблағлари ва уйларини унга ишониб топширадилар. Модомики уй мулкдорлари раис ва БКни сайлашган экан, ўз танловлари учун масъулиятни ҳам ҳис этишлари лозим бўлади.

 

Сўз охирида жасур, фақат олдинга қараб юрадиган ҳамда ўз мақсади йўлида қатъиятли бўлганлар ҳақида бир иқтибос келтирмоқчимиз. Бу иқтибос айнан «турар жой хизматлари академиги» Гулнора Алиева хусусида айтилгандек гўё: «Ҳеч қачон билмаган ишингизга қўл уришдан чўчиманг. Нуҳ кемасини оддий дурадгор қурган бўлса, Титаникни профессионаллар қурган эди».

 

 

Фойдали тажриба

 

Ҳокимият мулкдорларнинг ҳуқуқий саводхонлиги билан шуғулланмоқда

 

УКХнинг барча даражадаги бошқарувчилари кўп қаватли уй мулкдорларининг ҳуқуқий саводсизлигидан муттасил нолиб, лекин ўзи бирор чора қўлламаётган бир вақтда пойтахтнинг Учтепа туман ҳокимияти айни шу юмушга қўл шимарди. Уй-жой мулкдорларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида видеороликни тасвирга олди ва Интернет тармоғига жойлаштирди.

 

Видеороликда уйдаги умумий мол-мулкка нималар кириши, бу мол-мулкни сақлаб туриш учун бадал миқдори қандай ишлаб чиқилиши, ХУМШ аъзоларида маблағ бўлмаганда том қандай таъмирланиши, бадал тўламайдиганлар билан масалалар қандай ҳал этилиши, ширкат иши қай тарзда назорат қилиниши ва ҳоказолар жонли ва тушунарли тарзда акс эттирилган.

Биз яшаётган ахборот асрида уй-жой мулкдорларининг саводсизлиги турар жой соҳасидаги асосий муаммолардан деб белгиланиши, бу албатта, ачинарли ҳол. Турар жой соҳасининг барча даражадаги раҳбарлари уларни ҳуқуқ ва мажбуриятлар тўғрисида, уйни асраб-авайлаш ва сақлаш ҳақида доимий хабардор қилиб туриш кераклиги хусусида кўп йиллардан буён бонг урадилар. Бугунги кунда кўп қаватли уйларга асосан кечагина хусусий уйларда яшаган минтақалардан ташриф буюрганлар жойлашмоқда. Бир қарашда, Интернетга кириб, ҳақ-ҳуқуқлар тўғрисида осонгина билиб олиш мумкиндек туюлади. Бироқ бу ишга фақат «товуқ қақиллаганда», яъни мулкдорлар ҳуқуқига дахл қилинганда киришилади. «Жараённи депсинишдан олиб чиқадиган асосий муаммони – маблағ масаласини ҳал қилиш керак» деб таъкидлашади яшовчилар.

Самарали маърифий ишларни амалга ошириш учун, албатта, семинарлар, видеороликлар, буклетлар, ҳуқуқий саводхонликни оширишга қаратилган лойиҳалар бўлиши, ОАВ билан ҳамкорлик қилиш ва бошқа ишлар бажарилиши даркор. Буларнинг ҳаммаси харажатларни талаб этади. Лекин, «жон куйдирмасанг, жонона қайда, тоққа чиқмасанг, дўлона қайда» деган гаплар ҳам бор. Хайрли ишларга маблағ сарфлашдан қўрқмаслик керак, улар бир кун мевасини беражак...

 

 

Буни билган маъқул

 

Сизга электрон ҳисоблагич ўрнатишга келишса...

 

Кўплаб истеъмолчиларда замонавий электрон ҳисоблагичларни ўрнатиш муносабати билан юзага келган қийинчиликлар бирор юмушга шошма-шошарлик билан, апил-тапил киришиш мана шундай хайрли ва муҳим ишни ҳам муаммога айлантириб юбориши мумкинлигини яққол кўрсатиб турибди. Бунга яқинда пойтахтимизда юз берган ихтилофли воқеалар ҳам ёрқин мисол бўла олади. Электрон ҳисоблагичларни ўрнатиш кампанияси тезкорлик билан, яшин тезлигида бошлаб юборилди, бунда фуқаролар алоҳида хабардор ҳам қилинмади, ҳисоб приборларидаги кўрсаткичларни қандай олиш йўллари ҳам тушунтирилмади. Шошқалоқлик ўз натижасини ҳам тезда кўрсатди. Кўплаб истеъмолчилар мураккаб электрониканинг моҳиятини тушуниб етишга улгурмадилар. Айрим жойларда ҳисоб приборлари нотўғри ўрнатилиб, хатоликлар юзага кела бошлади. Кўп қаватли уйлардаги фуқароларнинг айримлари улар хабардор қилинмагани учун аросатда қолдилар. Нима ҳам дердик: яхшисини ният қилган эдик, бари-бир доимгидек натижага эришдик.

Ҳисоблагичларни ўрнатишга жалб этилган ходимларнинг қўли қўлига тегмай қолди. Пировардида на ечиш-ўрнатиш далолатномалари олинди, на эски ҳисоблагичларнинг, на Мажбурий ижро бюросининг кўрсаткичлари қайд этилди, ваҳоланки, бу ишлар Бюро ходимлари ҳозирлигида амалга оширилиши керак эди. Кимнингдир эшиги тагига эски ҳисоблагичларни ташлаб кетишди, кимлардадир янги ҳисоб приборларининг паспорти топилмади, бошқаларнинг нима учундир эски электр ҳисоблагичларини олиб кетишди. Эндиликда қўлланилмаган тақдирда ҳам булар фуқароларнинг мулки-ку ахир. Бу ҳисоблагичларни нима қилишни ўзлари ҳал этишлари керак эмасмиди? Буларнинг ҳаммаси истеъмолчиларни ҳурмат қилмаслик, улар ҳуқуқларини поймол этиш, умуман олганда – УКХ ислоҳотларини обрўсизлантириш ҳисобланади. Зеро, замонавий ҳисоб приборларини ўрнатиш Давлат дастурида назарда тутилган бўлиб, энергетика тармоғини модернизация қилиш вазифаларидан ҳисобланади.

Бу масала ижтимоий тармоқлар туфайли кенг жамоатчиликка етиб борди, Энергетика вазирлиги, Монополияга қарши қўмита эътиборини ўзига қаратди. «Ҳудудий электр тармоқлари» (ҲЭТ) АЖнинг Ахборот хизмати истеъмолчиларга мурожаат қилиб, замонавий электрон ҳисоблагичларни ўрнатишда юзага келадиган барча тушунмовчиликлар ва бузилишлар, фуқаролар ҳуқуқларининг камситилиши тўғрисида хабардор қилиш бўйича ахборот тарқатди. ҲЭТ билан 71-233-01-28, 78-150-75-64 телефон рақамлари ёки «Hududiy elektr tarmoqlari» AJ bilan muloqot» телеграм-канали орқали боғланиш мумкин.

Афсуски, бизда қонун ҳужжатларини бузиш ва бунинг учун жавоб бермасликка ўрганиб қолишган. Янги ҳисоблагичларни ўрнатишда ҳам шундай бўлди чоғи – ҳаммасини батамом унутишди-вассалом. Ваҳоланки, бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда уларни ўрнатиш тартиби белгиланган. Агар ҲЭТ ходимлари аввал бошдан шу ҳужжатларга амал қилганларида эди, кўпчиликни бу даражада хит қилиб юбормаган бўлардилар. Электрон ҳисоблагичларни ўрнатиш жараёни ҳозир давом этмоқда. Истеъмолчилар ва ҲЭТ ходимларига ушбу жараёнларни тартибга соладиган ҳужжатларни эслатиб ўтамиз.

 

Ҳисоблагични тўғри ўрнатинг

I. Энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг замонавий асбобларини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низом (ЭНҲАТ, АВ томонидан 4.05.2018 йилда 3005-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – Низом).

1. Маиший истеъмолчиларга ҳисоблагичлар энергия таъминоти ташкилотлари томонидан тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ ўрнатилади.

2. Улар ўрнатилишидан камида 10 кун олдин маиший истеъмолчилар бу ҳақда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали хабардор қилиниши лозим (умуман ишламайдиган ва фойдасиз банд – муаллиф изоҳи).

3. Приборлар бепул ўрнатилади.

4. Ҳисоблагичлар, махсус шкафларни харид қилиш, приборларни алмаштириш, монтаж қилиш, давлат қиёсловидан ўтказиш ҳамда ўрнатиш, рўйхатга олиш, пломбалаш таъминотчи ҳисобидан амалга оширилади.

5. Эски ҳисоблагичларни демонтаж қилиш ва ўрнатиш таъминотчининг ваколатли ходими томонидан Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда – Бюро) вакили ва истеъмолчи иштирокида амалга оширилади.

6. Таъминотчи ва Бюронинг вакиллари истеъмолчига ўзларининг хизмат гувоҳномасини кўрсатишга мажбур.

7. Янги ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш ишлари соат 8.00 дан 20.00 гача амалга оширилади.

8. Ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш вақтида таъминотчи ва Бюронинг вакиллари қайта монтаж қилинган ҳисоблагич пломбаларининг бутунлигини текширади.

9. Эски ҳисоблагич қайта монтаж қилинганда далолатнома тузилади, унда ҳисобга олиш приборининг тури, унинг завод рақами, ишлаб чиқарувчининг товар белгиси, ечиш пайтидаги кўрсаткичлари, пломбаларнинг бутунлиги ва бошқа зарур маълумотлар кўрсатилади. Далолатнома 3 нусхада тузилиб, нусхалари истеъмолчига, таъминотчи ва Бюронинг вакилларига тақдим этилади.

10. Истеъмолчининг айби билан ҳисоблагичга зарар етказилган тақдирда: улаш схемаси ўзгарганда, пломба бузилганда, ҳисобга олиш приборларидан ташқари бошқа энергия ресурсларини қабул қилгичлар уланганда таъминотчи ҳисобга олишнинг замонавий приборини ўрнатишдан воз кечиши мумкин. Шундай бўлган тақдирда Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларида белгиланган тартибда далолатнома тузилади.

 

II. Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари (ВМнинг 12.01.2018 йилдаги 22-сон қарорига 1-илова)

Электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш Қоидаларнинг 7-боби билан тартибга солинади. Ушбу боб нормаларига мувофиқ юқорида номи келтирилган Низом ишлаб чиқилган.

 

 

 

Хуш келибсиз,

ёки бегоналарнинг кириши ман этилади

 

Коммунал хизматларни етказиб берувчи таъминотчиларнинг вакилларидан кимлар кўп квартирали уйлардаги мулкдорларнинг хонадонларига қўйилиши мумкин? Уларнинг хатти-ҳаракатлари қайси ҳужжатлар билан тартибга солинади?

 

Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари

(ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига 1-илова)

♦ Истеъмолчи индивидуал ҳисобга олиш асбобларидан назорат кўрсаткичларини ёзиб олиш учун етказиб берувчининг вакилини, хизмат гувоҳномаси мавжуд бўлган тақдирда, олдиндан келишилган вақтда қўйишни таъминлашга мажбур (86-банднинг 8-хатбошиси).

♦ Етказиб берувчи камида 2 сутка олдин истеъмолчини ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда, шу жумладан етказиб берувчининг вакилларини ҳисобга олиш асбобини кўздан кечириш ва уларнинг кўрсаткичларини ёзиб олиш учун ҳисобга олишнинг умумий ва индивидуал ҳисобга олиш асбобларига сабабсиз қўймаслик оқибатида иссиқлик энергияси беришни тўлиқ ёки қисман тўхтатиш чора-тадбирларини кўриш ҳуқуқига эга (71-банд).

♦ Етказиб берувчи истеъмолчиларнинг иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимини йил чорагида бир марта текшириши, истеъмолчилар томонидан индивидуал ҳисобга олиш асбоби ёзиб олинган кўрсаткичларининг тўғрилигини ўз маълумотлари билан текшириши ва улар томонидан иссиқ сувнинг истеъмол қилинган ҳажми тўғрисида маълумотлар тақдим этилиши, шунингдек зарур ҳолларда ёки истеъмолчининг талабига кўра уй ичидаги иссиқлик таъминоти тизими ёки уй ичидаги асбоб-ускуналарни текшириши шарт (58-банд).

♦ Истеъмолчилар (олдиндан келишув бўйича ёзма ёки оғзаки шаклда) Етказиб берувчининг вакиллари, уларда хизмат гувоҳномалари бўлган тақдирда, ҳисобга олишнинг умумий ёки индивидуал ҳисобга олиш асбоби, иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимларига, квартира ичидаги асбоб-ускунага уларни кўздан кечириш учун бошқарувчи ташкилот вакилининг мажбурий иштирокида тўсиқсиз кўздан кечиришларини таъминлаши шарт (59-банд).

 

Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари

(ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига 2-илова)

♦ Истеъмолчи ИСКХ ташкилоти вакили ўз хизмат гувоҳномасини кўрсатгач, унга белгиланган тартибда сувни ҳисобга олиш асбоби ўрнатилган жойга бориш шароитини яратиб бериши, сувни ҳисобга олиш асбоби ўрнатиладиган ерни ҳозирлаши, назорат винтели ва зулфинларнинг ишлашини таъминлаши, иш олиб боришга халақит берувчи омилларни бартараф этиши шарт (67-банднинг 4-хатбошиси).

♦ Истеъмолчилар (аввалдан оғзаки ёки ёзма равишда келишилган ҳолда) ИСКХ ташкилоти ва Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда Бюро деб юритилади) вакилининг, у хизмат гувоҳномасини тақдим этгач, белгиланган тартибда ўз ҳудуди ёки тасарруфидаги сувни ҳисобга олиш асбоблари, узеллари, ичимлик сув ва оқова сув тармоқлари, қурилма ва иншоотлари олдига тўсиқсиз боришини таъминлаши шарт (80-банд).

♦ ИСКХ ташкилоти вакили сувни ҳисобга олиш асбобларини ечиш ёки янгилаш ишларини олиб бориш учун нарядга ва хизмат гувоҳномасига эга бўлиши керак. Кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолатларда истеъмолчи ёки унинг вакили, фойдаланувчи ташкилот сув ўлчаш узеллари, ичимлик сув ва канализация тармоқлари, иншоотларида текшириш ёки бошқа ишларнинг амалга оширилишига рухсат бермасликлари керак ( 81-банд).

♦ ИСКХ ташкилоти, истеъмолчини 7 кун аввал ёзма равишда огоҳлантирган ҳолда, истеъмолчининг сувни ҳисобга олиш узели, ичимлик сув ва канализация тармоқлари, қурилмалари ва иншоотларини назорат қилиш ҳамда сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичларини қайд этиш, пломбаларни ўрнатиш мақсадида кўздан кечириш учун келганда истеъмолчи томонидан асоссиз равишда киритилмаганда сувни узатиш ва оқова сувларни қабул қилишни тўлиқ ва қисман тўхтатиши мумкин…(127-банднинг 1, 3-хатбошилари).

 

Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари

(ВМнинг 12.01.2018 йилдаги 22-сон қарорига 1-илова)

♦ Бюро ва ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг вакили гувоҳномасини кўрсатган тақдирда, хонадондаги электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини соат 8.00 дан 20.00 гача ҳеч қандай қаршиликларсиз кўриш ҳуқуқига эгадир. Электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини кўздан кечириш учун Бюро ходимини қўймаслик далолатнома билан расмийлаштиради…(109-банд).

♦ Электр энергияси истеъмолчилари ўрнатилган тартибда Бюро ва (ёки) ҳудудий электр тармоқлари корхонаси вакилига электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларини кўришига имкон беришга мажбур (127-банднинг 1, ­8-хатбошилари).

 

Табиий газдан фойдаланиш қоидалари

(22-сон қарорига 2-илова)

♦ Табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларига тамға қўйиш Бюронинг масъул ходимлари томонидан газ таъминоти ташкилотлари вакиллари билан ҳамкорликда истеъмолчи иштирокида далолатномани расмийлаштирган ҳолда амалга оширилади (75-банд).

♦ Табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларини алмаштириш, таъмирлаш, хизмат кўрсатиш, давлат қиёсловидан ўтказиш ва созлигини мониторинг қилиш учун ечиб олиш газ таъминоти ташкилоти вакиллари ва Бюро вакиллари томонидан истеъмолчи иштирокида амалга оширилади (81-банднинг 1-хатбошиси).

♦ Истеъмолчи Бюронинг ваколатли ходимларига сутканинг исталган вақтида табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборини кўздан кечириш учун кириш имкониятини таъминлаши шарт. Маиший истеъмолчиларнинг табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш приборларини кўздан кечириш соат 08.00 дан 20.00 гача амалга оширилади (85-банд).

♦ Газ таъминоти ташкилоти тасдиқлаган жадваллар ва тарифлар бўйича истеъмолчиларнинг ички газ тармоқлари ва газдан фойдаланиш ускуналарини қуйидаги муддатларда техник тафтишдан ўтказиш ва уларга профилактик хизмат кўрсатиш:

 кўп қаватли турар жойлардаги газ плиталар, бошқа газ приборлари мавжуд бўлмаганда - 2 йилда бир марта;

 турар жойлардаги газ плиталари, иситиш, сув иситиш приборлари - йилда бир марта, профилактик хизмат кўрсатиш - ҳар бир иситиш мавсуми бошланишидан аввал;

истеъмолчиларни техник хизмат кўрсатиш (тафтиш ўтказиш) саналари ҳақида турар жойлар йўлакларида эълонлар ёки бошқа мавжуд усуллар орқали камида уч сутка аввал огоҳлантиришга мажбур (135-банднинг «з», «и» кичик бандлари).

♦ Маиший истеъмолчилар фавқулодда ва авария ҳолатларида, куннинг исталган вақтида ўз хизмат гувоҳномаларини кўрсатган газ таъминоти ташкилоти ишчиларига қаршилик кўрсатмасдан уларнинг газ сизиб чиқиш ҳолатини текшириш учун барча ертўлалар, техник йўлаклар, хоналарга киришини таъминлаши шарт (139-банднинг «г» кичик банди).

 

 

 

Қишга тайёргарлик

 

Иссиқлик йўқлиги далилини аниқлаш бўйича 12 қадам

 

Уйда яшовчиларнинг иссиқлик таъминоти ёмонлиги ёки унинг мавжуд эмаслиги борасидаги шикоятлари одатда чўлу биёбонда бонг урган одамнинг унига ўхшаб қумга сингиб кетади – сабаби улар бу далилни қандай қайд этишни билишмайди. Ваҳоланки бу ҳолат Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидаларининг (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига 1-илова) 13-боби билан тартибга солинади.

Иситиш мавсумининг бўсағасида бундай вазиятларда қай тарзда ҳаракат қилиш лозимлигини истеъмолчиларга эслатиб ўтамиз.

1. Иссиқлик энергияси етказиб берилмаган ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилган тақдирда истеъмолчи бу ҳақда етказиб берувчини ва ижро этувчини, яъни ХУМШни хабардор қилади. ХУМШ иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимларидан фойдаланган ҳолда истеъмолчиларга иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиладиган уй ичидаги тизимларга хизмат кўрсатиш ва уларнинг техник ҳолати учун жавоб беради.

2. Бу ҳақдаги хабарни истеъмолчи ёзма шаклда ёки оғзаки, шу жумладан, телефон орқали бериши мумкин. Хабарни етказиб берувчи ёки ижро этувчи албатта рўйхатдан ўтказиши керак. Бунда истеъмолчи ўз фамилияси, исми ва отасининг исмини, аниқ яшаш манзилини, шунингдек етказиб берилмаган иссиқлик энергияси турини (иситиш, иссиқ сув таъминоти) ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлигини маълум қилиши шарт. Етказиб берувчи (ижро этувчи) истеъмолчига буюртманомани олган шахс тўғрисидаги маълумотларни (фамилияси, исми ва отасининг исмини), буюртманомани рўйхатдан ўтказиш рақамини ва уни қабул қилиш вақтини хабар қилиши шарт. Бу муҳимдир, мабодо муаммо ҳал этилмаган тақдирда, истеъмолчи бошқа инстанцияларга мурожаат қилишга мажбур бўлади.

3. Агар иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлигининг сабаблари маълум бўлса, етказиб берувчи (ижро этувчи) бу ҳақда дарҳол истеъмолчига хабар бериши ва буюртмаларни рўйхатдан ўтказиш дафтарида тегишли ёзувни қайд этиши шарт. Ушбу белги иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги ҳолати етказиб берувчи (ижро этувчи) томонидан эътироф этилиши учун асос ҳисобланади.

4. Етказиб берувчига (ижро этувчига) иссиқлик энергияси етказиб берилмаганлиги ёки иссиқлик энергиясининг сифатини текширишнинг аниқ вақти ва санасини истеъмолчи билан келишиши шарт. Текшириш натижалари бўйича далолатнома тузилади, уни истеъмолчи, етказиб берувчи, ижро этувчи ёки уларнинг вакили имзолайди.

5. Юқорида номи келтирилган учлик ягона қарорга келмасалар, у ҳолда иссиқлик энергияси сифатини баҳолашнинг янги вақти ва санаси белгиланади. Унга маҳаллий давлат ҳокимияти органи, стандартлаштириш органлари, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоат ташкилотлари, ваколатли давлат органлари вакиллари ҳамда етказиб берувчи ва ХУМШ вакиллари таклиф этилади.

6. Такроран баҳолаш натижалари бўйича коммунал маҳсулот етказиб берилмаганлиги ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлиги тўғрисида далолатнома тузилади. Ҳужжат истеъмолчи, етказиб берувчи, ижро этувчи ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади. Далолатномани маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ҳам имзолаши мумкин.

7. Далолатномада сифат параметрлари бузилиши, иссиқлик энергиясини етказиб бериш тўхтатилиши бошланишининг ёки зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб берилганлигининг вақти ва санаси кўрсатилади.

8. Далолатнома иссиқлик таъминоти бўйича хизматлар учун тўлов миқдорини қайта ҳисоб-китоб қилиш учун асос ҳисобланади.

9. Етказиб берувчи, ижро этувчи ёки учинчи шахслар томонидан иссиқлик энергиясини етказиб берилмаганлиги оқибатида истеъмолчининг ёки у билан бирга яшайдиган шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига, кўп квартирали уйдаги хоналарнинг мулкдорлари умумий мулкига зарар етказилган тақдирда, уч томонлама далолатнома тузилади ва уни имзоланади. Далолатномада бундай зарар етказилганлиги ҳолати қайд этилади. Далолатнома истеъмолчи мурожаат қилган пайтдан бошлаб 12 соатдан кечикмай етказиб берувчи (ижро этувчи) томонидан тузилиши ва имзоланиши керак. Далолатномани истеъмолчи томонидан имзолаш имконияти бўлмаган тақдирда, у фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг вакиллари томонидан имзоланиши керак.

10. Далолатнома 2 нусхада тузилади, улардан бири истеъмолчига (ёки унинг вакилига) берилади, иккинчи нусхаси етказиб берувчида (ижро этувчида) қолади.

11. Зарур сифатга эга бўлмаган иссиқлик энергияси етказиб бериш даври иссиқлик энергияси етказиб бериш ёки иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатишдаги камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги далолатнома истеъмолчи (ёки унинг вакили) томонидан имзоланган пайтдан (кундан) бошлаб ёки ҳисобга олиш асбобида қайд этилган зарур сифатга эга бўлган иссиқлик энергиясини етказиб бериш тикланган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.

12. Амалга оширилган қайта ҳисоб-китоб қилиш кейинги ҳисоб-китоб даврининг истеъмол қилинган иссиқлик энергияси учун навбатдаги тўлов ҳужжатини ёзишда ҳисобга олинади.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

 

Прочитано: 295 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика