Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 38 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Истеъмолчилар ҳуқуқларини Агентлик ҳимоя қилади

 

Давлат раҳбарининг 11.09.2019 йилдаги ПФ-5817-сон Фармони билан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тасдиқланди.

 

Ҳужжатга мувофиқ Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ташкил этилмоқда. У Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида фаолият кўрсатади ва реклама бозорини тартибга солиш билан ҳам шуғулланади. Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармаларида эса истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармалари ташкил этилади.

Агентлик – тугатилган Давлат рақобат қўмитасининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш йўналишидаги барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси. Қуйидагилар унинг асосий вазифалари ҳисобланади:

♦ истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалий ижросини таъминлаш;

♦ истеъмолчиларнинг товарлар (ишлар, хизматлар), уларнинг ишлаб чиқарувчиси, ижрочиси ва сотувчиси тўғрисидаги ҳаққоний ва тўлиқ маълумотларни, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда олиш имкониятларини таъминлаш;

♦ аҳолининг истеъмолчилик билими ва саводхонлигини оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

♦ истеъмолчиларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатиш;

♦ истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш, шунингдек, товарлар (ишлар, хизматлар) хавфсизлиги ва уларнинг сифатини назорат қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш;

♦ истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши сабабларини таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқи бузилиши ҳолатларининг олдини олиш;

♦ тадбиркорлик ва истеъмолчилик маданиятини такомиллаштириш, реклама соҳасида ноҳалол рақобатга ва нотўғри рекламанинг юзага келишига йўл қўймаслик мақсадида реклама бозорини тартибга солиш;

♦ истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;

♦ истеъмол бозорини, давлат томонидан нарх-навоси тартибга солинадиган товарларга (ишларга, хизматларга) нархларнинг динамикаси ва нарх шаклланиши механизмларини ўрганиш;

♦ истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш масалалари бўйича хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш.

Муассаса чакана савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида товарлар ва хизматларнинг назорат харидини ўтказади, уларни истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мослиги жиҳатидан экспертизадан (тестдан) ўтказади. Истеъмолчилардан тушган ариза ва шикоятлар ўрганилади. Шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари мавжуд бўлганда, тадбиркорлик субъектларида (молиявий-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда) текширишлар ўтказиш ҳам унинг ваколатларига киради.

Истеъмолчиларга товарларни (ишларни, хизматларни) яроқлилик муддати, сақлаш ва хизмат кўрсатиш муддатини бузган ҳолда реализация қилиш ҳолати аниқланганда, Агентлик:

♦ ўз ваколатлари доирасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан давлат органларига, мулкчилик шаклидан қатъи назар, ташкилот, муассаса ва корхоналарга, шунингдек, якка тартибдаги тадбиркорларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритади;

♦ истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши аломатлари аниқланганда материалларни ваколатли органларга, шунингдек, тегишли фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензиянинг (рухсат берувчи ҳужжатларнинг) амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш (бекор қилиш) тўғрисидаги масаласини ҳал этиш учун ваколатли органларга юборади;

♦ истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини бузган шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш учун судларга аризалар билан мурожаат қилади. Бунда Агентлик ва Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари давлат божи тўлашдан озод қилинган.

 

Экспорт қилувчиларга харажатларнинг бир қисми қоплаб берилади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 11.09.2019 йилдаги 756-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан экспорт қилувчи ташкилотларга молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

 

Мазкур ҳолатда молиявий ёрдам экспорт қилувчи компанияларга харажатларни (харажатларнинг бир қисмини) қоплаб беришда ифодаланади. Низомда айнан нима учун, қайси соҳага, қандай ҳажмда ва қайси шартларда маблағлар берилаётганлиги аниқ баён этилган (4 ва 5-боблар).

Харажатларни қоплашга маблағлар олиш учун Экспортни рағбатлантириш агентлигига молиявий ёрдам тўғрисида ариза ва тўлдирилган анкета-талабномани (ҳужжат билан тасдиқланган шаклда – Низомга 2, 3-иловалар) тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этиш керак. Буни бевосита, почта орқали ёки электрон шаклда, шу жумладан Ташқи иқтисодий маълумотлар портали орқали тақдим этилади.

Ариза ва ҳужжатлар 7 иш куни давомида кўриб чиқилади. Экспорт қилувчига қабул қилинган қарор тўғрисида 1 иш куни давомида хабардор қилинади. Ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаган ёхуд уларда ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда молиявий ёрдам кўрсатилиши рад этилиши мумкин. Бунда рад этиш сабаблари ва уларни бартараф этган ҳолда такроран кўриб чиқиш учун ҳужжатларни топшириш муддати кўрсатилган ҳолда асосли хулоса тузилади.

Харажатларни қоплаш учун товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчининг банк ҳисобрақамига, амалга оширилган харажатлар бўйича эса - қарор қабул қилинган кундан бошлаб 7 иш куни ичида экспорт қилувчи ташкилотнинг банк ҳисобрақамига маблағлар ўтказилади. Мониторинг натижаларига кўра шартлар бузилганлиги (тегишли шартларни таъминламаслик, ваколатли орган билан экспорт қилувчи ташкилот ўртасида имзоланган шартноманинг ёки кафолат хатининг йўқлиги) аниқланган тақдирда, Агентликнинг билдиришномаси қабул қилинган санадан бошлаб 10 иш куни давомида экспорт қилувчи ташкилот томонидан қайтарилиши керак.

Ҳужжатларни кўриб чиқиш ва қарорни қабул қилиш учун йиғим ундирилмайди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 12.09.2019 йилдан кучга кирди. 

 

Минтақаларда экспортни қандай ошириш мумкин

 

Минтақавий экспортни оширишни таъминлашга доир амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланди (11.09.2019 йилдаги 758-сон ВМҚга қаранг).

 

Бошқалар қаторида қуйидагилар режалаштирилмоқда:

♦ молиявий кўмак – кредитлаш механизмларини жадаллаштириш (буюртмалар келиб тушган пайтдан бошлаб 2 ҳафта мобайнида кредитларни бериш), кафолатни оператив расмийлаштириш ва унинг суммасини 4 млрд сўмдан 8 млрд сўмга ошириш (24.05.2019 йилдаги ПҚ-4337-сон қарорга қаранг), экспорт қилувчилар томонидан фермер ва деҳқон хўжаликларидан маҳсулотлар сотиб олинганда солиқ солиш тизимини такомиллаштириш;

♦ халқаро сифат сертификатларини олиш тартиб-таомилларини соддалаштириш (Global G.A.P., Organic, Halal ва бошқалар), Европа Иттифоқи, ХХР, Корея, Ҳиндистон ва бошқа давлатлар бозорига чиқиш учун стандартларни уйғунлаштириш, Россельхознадзор  билан ўтказиш пунктларини кейинчалик «яшил йўлак» режимига киритиш билан музокаралар олиб бориш;

♦ экспортга йўналтирилган мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ошириш, Қорақалпоғистон экспорт салоҳиятини ривожлантириш, ферула етиштириш ва экспорт қилишга квоталар олиш тартиб-таомилларини соддалаштириш;

♦ маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорга чиқариш учун транспорт ва чегаравий инфратузилмани ривожлантириш ва бошқалар.

Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарлигида Минтақалар ва тармоқларнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш масалалари бўйича доимий фаолият юритувчи республика комиссияси ташкил этилди. Унга жорий йилдаги экспортга оид прогноз параметрларининг бажарилишини ва келгуси йилга прогноз шакллантирилишини мониторинг қилиш вазифаси топширилди. Комиссия экспорт салоҳиятининг ўсишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни аниқлайди, уларни ҳал этиш йўлларини таклиф қилади ва амалий таклифлар киритади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 12.09.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 842 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика