Ходимларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун энг кам иш ҳақининг 10 баравари миқдорида моддий ёрдам берилди.
Унга ЖШДС ва ЯИТ солинадими?
– Қуйидагиларга солиқ даври (йил) учун энг кам иш ҳақининг 12 бараваригача миқдорда кўрсатилган моддий ёрдамга ЖШДС солинмайди:
- ходимга меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллиги ёхуд соғлиққа бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ тўловлар;
- бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан бериладиган тўловлар;
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзидаги тўловлар(Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-банди).
Агар йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига моддий ёрдамдан ташқари юқорида келтирилган бошқа турдаги моддий ёрдамни кўрсатмаган бўлсангиз, у ҳолда мазкур моддий ёрдамга ЖШДС солинмайди.
Агар тўлаган бўлсангиз, у ҳолда:
- йил давомида олинган барча турдаги моддий ёрдамларни қўшиб чиқинг;
- агар уларнинг суммаси 12 ЭКИҲдан кам бўлса, сиз имтиёзни барча суммага қўллашингиз мумкин;
- агар 12 ЭКИҲдан кўп бўлса, ортган суммага ЖШДС соласиз.
Имтиёзни ҳисоблаш учун энг кам иш ҳақининг миқдори жорий йилнинг 1 январь ҳолатига ҳисобга олинади. 2019 йилнинг 1 январида ЭКИҲ миқдори – 202 730 сўм.
Солиқ солинмайдиган сумма 2 432 760 сўмни (202 730 х 12) ташкил этади.
МИСОЛ. Корхона ходимга йил бошидан буён қуйидаги моддий ёрдамни тўлади:
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун – 2 027 300 сўм (10 ЭКИҲ);
- бола туғилгани муносабати билан – 1 013 650 сўм (5 ЭКИҲ).
Жами 3 040 950 сўмлик (15 ЭКИҲ) моддий ёрдам тўланган.
608 190 сўмдан ЖШДС ундирилади (3 040 950 – 202 730 х 12).
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун моддий ёрдамга бошқа даромад сифатида ЯИТ солинмайди (Солиқ кодексининг 306-моддаси).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.