Мамлакатимизда хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилаш учун етарлича норматив-ҳуқуқий база яратилиб, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлашни рағбатлантириш йўналишида имтиёзлар бериб келинмоқда.
Аммо айрим «тадбиркор»лар мазкур имкониятлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиб, ўз ватанларига муқаддам ишлатилган, маънавий эскирган ёки замон талабларига жавоб бермайдиган асбоб-ускуналарни янги жиҳоз ниқобида олиб киришмоқда.
Масалан, пойтахтимизда фаолият юритаётган масъулияти чекланган жамият номига хориждан келтирилган «Sany» маркали автокран «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимига расмийлаштирилади. «Тошкент-товар» ТИФ божхона пости божхона ходимлари томонидан божхона назоратидан ўтказилганда, краннинг мотори носоз ҳолатда эканлиги, ишлаб чиқарувчи томонидан ўрнатилган идентификация рақамлари ва ёрлиқларининг завод усулида ишлаб чиқарилганлигига шубҳа уйғотувчи белгилар мавжудлиги, айрим жойлари қайта бўялганлиги ва шасси қисмининг таг қисмида емирилиш ва занглаш излари борлиги маълум бўлган.
Ўтказилган экспертиза натижасида автокран 2018 йилда ишлаб чиқарилмаганлиги ҳам маълум бўлди. Бунинг натижаси ўлароқ 2 млрд сўм қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.
Яна бир ҳолатда Хитой Халқ Республикасидан олиб келинган ва божхона юк декларациясида 2018 йилда ишлаб чиқарилган деб кўрсатилган «Single Head Steel Pipe Bender» номли ускуна божхона кўригидан ўтказиш жараёнида «Сергели» ТИФ божхона пости ходимлари эътиборини тортди. Сабаби ускунанинг мотор қисмида 2016 йил ёзуви қўйилгани, қолаверса, қайта бўялгани ва таъмирлангани, пайвандлаш излари, эҳтиёт қисмлари (шланг) эскириб ёриқ излари ҳамда ускуна корпусида ифлосланиш, занглаш ва механик шикастланиш излари борлиги унинг янги эмаслигидан далолат берар эди.
Экспертиза текшируви ҳам шу хулосани берди: ускуна жамланмаси муқаддам узоқ муддат ишлаб чиқаришда фойдаланилганлиги ўз тасдиғи топди. Бу ҳам етмагандек, ускунанинг фактура қиймати ҳужжатларида 152,4 минг АҚШ доллари (1 млрд 279,8 млн сўм) деб кўрсатилган бўлса-да, баҳолаш хулосасига кўра, олинган ускунанинг қиймати бор-йўғи 229,8 млн сўмга тенг эканлиги маълум бўлди.
Шу тариқа божхоначилар замонавий технология ниқоби остида юртимизга олиб киришга уринилган эскирган ускуналарни ўз вақтида тўхтатиб қолишди.
Нодирбек УСМОНОВ,
Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг
Суриштирув ва маъмурий амалиёт
бўлими бошлиғи.