Ходим хорижга хизмат сафарига юборилган. Муҳим масалаларни ҳал этиш билан банд бўлиб, авиарейсга улгурмади ва қўшимча тўлов тўлаган ҳолда чиптани кечки рейсга алмаштирди. Рейсга кеч қолганлиги сабабли авиачипта учун тўланган қўшимча тўлов ходимнинг ЖШДС солинадиган даромади ҳисобланадими?
– Йўқ, ҳисобланмайди.
Тасдиқловчи ҳужжатлар асосида хизмат сафари жойига бориш ва у ердан қайтиб келиш учун, шу жумладан жой банд қилиш учун ҳақ тўлашни қўшган ҳолда ҳақиқатда амалга оширилган тўловларни компенсация қилиш жисмоний шахснинг даромади сифатида қаралмайди (Солиқ кодексининг 171-моддаси 2-қисми 7-банди). Ушбу харажатлар юридик шахснинг фойда солиғини ҳисоблаш чоғида солиқ солинадиган базадан чегириладиган харажатларидир (Солиқ кодексининг 145-моддаси 14-банди).
Солиққа оид қонун ҳужжатларида қўшимча тўлов тўлаган ҳолда авиачиптани алмаштириш ҳолатида истиснолар назарда тутилмаган.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.