Ходима 15.08.2019 йилдан 15 кунга (1.06.2018 йилдан 31.05.2019 йилгача бўлган иш даври учун) меҳнат таътилига чиқарилган. Корхонада 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган. Қуйидаги ҳисоб-китоб даврлари учун ҳисобланмалар:
2018 йил июнь–август – 1 500 000 сўм;
2018 йил сентябрь – 912 795,47 сўм таътил пули + 375 000 сўм иш ҳақи = 1 287 795,47 сўм;
2018 йил октябрь – 1 500 000 сўм;
2018 йил ноябрь – касаллик варақаси бўйича 318 393,95 сўм + 1 159 091 сўм иш ҳақи;
2018 йил декабрь – 2019 йил март – 1 500 000 сўм маош;
2019 йил апрель–май – 1 860 000 сўм.
Йил бўйи ходима таътилда бўлган, бетоблиги туфайли касаллик варақаси очтирган ва унинг маоши ўзгариб турган тақдирда, таътил пули қандай ҳисобланади?
– Сизнинг ҳолатда таътил пули ҳисоблаб чиқариш кунидаги лавозим маошидан келиб чиққан ҳолда, уни ҳисоблаш даврида белгиланган лавозим маошидан ошган сумманинг 1/12 қисмига оширган ҳолда ҳисоблаб чиқарилади (ВМнинг 11.03.2.1997 йилдаги 133-сон қарорига 6-илованинг 1-банди). Уларга қуйидагилар киради: ишбай иш ҳақи, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар ва бошқа меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги тўловлар (Солиқ кодексининг 173-175-моддалари).
Ҳисоблаш даври – тақдим этилган навбатдаги таътилдан олдинги 2018 йил августдан 2019 йил июлгача бўлган 12 ой.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бўйича нафақа меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга кирмайди ва йиллик тўловларнинг 1/12 қисмини ҳисоб-китоб қилишда ҳисобга олинмайди (Солиқ кодексининг 178-моддаси 1-банди).
Таътилга ҳақ тўлаш меҳнатга ҳақ тўлашга киради (Солиқ кодексининг 175-моддаси 1-банди). Аввалги таътилга тўланган ҳақ суммасига тарифдан ошган қисми киритилган бўлса, жорий йил учун таътил пулини ҳисоб-китоб қилишда тарифдан ошган қисмига аввалги таътил ҳақи суммасига киритилган тўловларнинг 1/12 қисми ҳам киритилади.
Сизнинг мисолингизда аввалги таътил пулларининг тарифдан ошган қисми суммаси келтирилмаган, шу боис у мавжуд эмас деб фараз қиламиз. Бинобарин, ҳисоб-китоб жорий маошдан келиб чиқиб қилинади.
Ўртача кунлик иш ҳақи ўртача ойлик иш ҳақидан ва иш кунларининг ўртача ойлик сонидан келиб чиқиб аниқланади. 17.03.2018 йилгача барча ташкилотлар учун иш кунларининг ўртача ойлик сони 25,4 га тенг деб қабул қилинган. 17.03.2018 йилдан бюджет ташкилотлари томонидан иш кунларининг ўртача ойлик сони ҳар йили жорий йилдаги иш вақти календари бўйича иш кунлари сонидан келиб чиққан ҳолда аниқланмоқда (17.03.2018 йилда 2985-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 18-банди). 2019 йилда у 25,25 кунга (303/12) тенг деб қабул қилинган. Бошқа ташкилотлар ҳисоб-китоб тартибини ўз хоҳишига кўра танлаши (ҳар йили белгилаши ёки 25,4 ни қўллаш) мумкин, чунки 2985-сон Йўриқнома талаблари улар учун тавсиявий хусусиятга эга (2985-сон Йўриқноманинг 1-банди).
МИСОЛ.
Маош май ойидан бошлаб 2019 йил 15 августгача ўзгармаган бўлса, ҳисоб-китоб қуйидагича амалга оширилади:
1 860 000 сўм / 25,25 (ўртача кунлар сони) х 15 иш кунилик таътил = 1 104 950,50 сўм таътилга тўлов.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.