Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 38 / Божхона

Божхона соддалаштирилган шаффоф тизимга айланмоқда

 

Сўнгги йилларда божхона хизмати соҳасида улкан ўзгаришлар амалга оширилишида давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган бир қатор қонун ҳужжатлари асосий омил бўлди. Хусусан, Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон), «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларининг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори (12.04.2018 йилдаги ПҚ-3665-сон) ҳамда «Божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони (24.11.2018 йилдаги ПФ-5582-сон) ижроси доирасида муҳим ўзгаришлар юз берди.

 

 

 

Норматив-ҳуқуқий муҳит

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Ғофуржон Шукуров ана шу ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини атрофлича тушунтириб берди. Айниқса, ПФ-5582-сон Фармон соҳада ислоҳотларнинг янги даврини бошлаб бергани билан аҳамиятлидир. Ҳужжатга мувофиқ эндиликда 2019–2021 йилларда босқичма-босқич тарзда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасининг «Доут-ота», Тошкент вилояти божхона бошқармасининг «Яллама», «С.Нажимов», «Ғишткўприк», «Ойбек», Андижон вилояти божхона бошқармасининг «Дўстлик», «Маданият», Бухоро вилояти божхона бошқармасининг «Олот» ҳамда Фарғона вилояти божхона бошқармасининг «Ўзбекистон» божхона постларига туташ жойларда давлат-хусусий шериклик асосида замонавий божхона терминаллари бунёд этиладиган бўлди. Келгусида мазкур божхона терминалларининг барчасида жами ҳисобда кунига 3,4 мингдан ортиқ автотранспорт воситасини ўтказиш имкониятига эришилади.

Соҳада хавфларни автоматлаштирилган бошқариш тизими амалиётга жорий этилди. Эндиликда товар ва транспорт воситалари учун божхона назоратида махсус йўлаклар жорий этилди: жумладан, 2018 йил 1 декабрдан бошлаб «сариқ» ва «қизил» йўлаклар, 2019 йил 1 мартдан бошлаб «яшил» ва «кўк» йўлаклар ишга туширилди. Бу вақт оралиғида юридик шахслар томонидан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширишда «Хавфни бошқариш» ахборот тизими орқали  товарлар туркумининг 84 фоизи «яшил» йўлак орқали божхона кўриги ўтказилмасдан расмийлаштирилди.

Анжуманда Божхона кодексининг янги ­таҳрирдаги лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди. Божхона қонунчилигини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, ташқи савдо қатнашчиларига қулай ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш мақсадида мазкур лойиҳа манфаатдор вазирлик ва идораларнинг етакчи мутахассислари, халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган. Лойиҳада божхона қонунчилигини эркинлаштириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва шаффофлигини таъминлаш, нормаларни қабул қилишда барча учун тушунарли ва турлича талқин қилиш имкониятини истисно этишга, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари томонидан божхона қонунчилигига риоя этилишининг рағбатлантириш механизмини яратишга эътибор қаратилди.

Соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар қисқа даврда ўзининг ижобий натижаларини кўрсатгани таъкидланди: масалан, 2018 йилда давлат бюджетига 11,5 трлн сўм, 2019 йилнинг 8 ойида эса 9,9 трлн сўм божхона тўловлари ундирилган.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йилда 47,5 трлн сўм, жорий йилнинг 8 ойида 39,5 трлн сўмлик божхона тўловларидан имтиёзлар берилди.

 

БЮДни реал вақтда тўлдириб...

Республика халқаро аэропортида 2018 йил 1 январдан икки йўлакли – «қизил» ва «яшил» тизимнинг йўлга қўйилиши нафақат соддалаштирилган божхона назоратини жорий этиш, балки маълум бир маънода республикамизда туризмнинг ривожланишига ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди.

Бундан ташқари божхона расмийлаштирувида талаб этиладиган ортиқча ҳужжатлар ҳамда божхона расмийлаштирувига доир 10 турдаги рухсат бериш тартиб-таомилларининг бекор қилиниши тадбиркорларнинг сарсон бўлишига чек қўйди.

ТИФ қатнашчиларига божхона брокерларига мурожаат қилмасдан божхона юк декларацияларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида тўлдириш ва божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқи берилди.

Давлат божхона қўмитаси 33 та хорижий мамлакат божхона хизматлари билан божхона соҳасининг турли йўналишлари бўйича 138 та халқаро шартномалар тузди. Россия Федерацияси, Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон ва Тожикистон билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти учун «Соддалаштирилган божхона йўлаги» тизимини жорий қилиш бўйича битимлар имзоланди.

Божхона расмийлаштируви ва назоратини соддалаштириш мақсадида 17 та ахборот тизими ва 4 та интер­актив хизматлар жорий этилди.

Бугунги кунда мамлакатимиз сарҳадларидаги бир қатор чегара божхона постларида ва ТИФ божхона постларида жами 19 дона инспекцион-кўрик мажмуаларидан самарали фойдаланиб келинмоқда. Буларнинг барчаси божхона тизимида бошланган ислоҳотларнинг шонли қадамларидан бир шингил холос.

 

Гуруч курмаксиз бўлмасму?..

Афсуски, тадбиркорлик субъектларига яратилаётган  шарт-шароитлардан қонунга хилоф равишда фойдаланаётганлар ҳам йўқ эмас. 2018 йилда божхона органлари томонидан ўтказилган мониторинг ва таҳлил натижасида 207 та хўжалик юритувчи субъект томонидан 185,1 млрд сўмдан ортиқ божхона тўловлари билан боғлиқ имтиёзлардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Бу борада олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишларига қарамай, жорий йилнинг  8 ойида  60 та хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 30,5 млрд сўмлик имтиёзлардан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик фош этилди.

Контрабанда ва божхона қонунлари бузилишига қарши курашиш борасида ўтказилган таҳлиллар, амалга оширилган тезкор тадбирлар натижасида 2018 йилда 12 533 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, ашёвий далил сифатида 144 млрд сўмлик товар-моддий бойликлар (46,6 кг гиёҳвандлик воситалари, 37 та қурол-яроғ, 1 957 дона психотроп таблеткалар, 8,6 минг дона тақиқланган диний мазмундаги материаллар, 98,5 минг дона  пиротехника маҳсулотлари) ушлаб қолинди.

Жорий йилнинг 8 ойида эса тезкор 11 205 та ҳуқуқбузарлик ҳолатида 128,4 млрд сўмлик товарлар (31,2 кг гиёҳвандлик воситалари, 26 956 дона психотроп таблеткалар, 29 дона қурол-яроғ, 46,4 кг порох, 192,5 минг дона пиротехника маҳсулотлари) тўхтатиб қолинган.

 

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати.

 

Прочитано: 983 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика