Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 22 / Божхона

Юклар ҳаракати: йўллар олис, манзил йироқ

 

Халқаро савдо-сотиқ тараққий этган бугунги кунда товарларнинг узоқ йўлларни босиб ўтиб, манзилдан манзилга ўтиб бориши одатий ҳолга айланган. Одамлар ва юкларнинг трансчегаравий ҳаракатини мониторинг қилиш функциялари божхона органлари зиммасига юкланган экан, улар ўз ҳамкорлари билан биргаликда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ноқонуний савдо билан боғлиқ хавфларни камайтириш бўйича муҳим вазифаларни бажаради.

 

 

22–23 май кунлари Тошкент шаҳридаги «Tashkent International» меҳмонхонасида БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда Жаҳон божхона ташкилотининг Контейнерда ташувлар устидан назорат глобал дастурининг VI йиллик минтақалараро учрашувида шулар хусусида сўз борди.

Учрашувда Афғонистон, Грузия, Озарбайжон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Украина, Қирғизистон, Қозоғистондан божхона соҳасининг турли даражадаги раҳбарлари ва нуфузли экспертлари иштирок этди.

ДБҚ раиси М.Азимов тадбирни очар экан, меҳмонларга мамлакатимиз божхона хизмати органларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан атрофлича маълумот берди.

Тадбир иштирокчилари халқаро юк ташувларининг назоратини ташкил этиш борасида устувор жиҳатлар ва мавжуд эҳтиёжларни атрофлича муҳокама қилишди. Шунингдек, Дастур иштирокчи давлатларининг божхона хизматлари ўртасида юқори хавфли товарларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича минтақалараро амалий ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокамалар марказида бўлди.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Ашитта Миттал хоним Марказий Осиё, Қора денгиз минтақаси мамлакатлари, Афғонистон ва Покистон давлатлари ўртасида Контейнерда ташувлар устидан назорат глобал дастури доирасида кўп йиллардан бери самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганлигини таъкидлади.

Ушбу ҳамкорлик контейнерда ташувлар устидан назорат қилиш соҳасида миллий салоҳиятни ривожлантириш учун техник ёрдам кўрсатишда, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашда минтақавий ва минтақалараро ҳамкорликни фаол қўллаб-қувватлашда, минтақавий операцияларни ташкил этиш, ўтказиш ҳамда юқори хавфли товарлар бўйича ўзаро ахборот алмашинувида яққол намоён бўлмоқда.

Контейнерда ташувлар устидан назорат Глобал дастурининг Тошкент учрашуви тарихий аҳамият касб этиши, шубҳасиз! Боиси, учрашув давомида дастурнинг 10 та иштирокчи давлати божхона хизматлари ва назорат портлари ўртасида Минтақалараро тармоқ ташкил қилиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Мазкур Меморандум нафақат наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига ва бошқа жиноятчиликларга қарши курашишда ҳамкорлик қилишнинг янги босқичини бошлаб беради, балки мазкур мамлакатлар бўйлаб ҳалол ва қонуний савдо-сотиқнинг амалга оширилишида ўзига хос кўмакчи вазифасини ҳам бажаради.

Сир эмас, давлат божхона хизмати органлари ҳар бир мамлакат ва унинг фуқароларининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда, ўзаро савдонинг амалга оширилиши ва унинг тараққиётида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Шу жиҳатдан олиб қаралганда, Контейнерда ташувлар устидан назорат Глобал дастури истиқболда даромади жиноий ва террористик тузилмаларнинг фаолиятини молиялаштиришга йўналтириладиган ноқонуний савдога қарши курашишда кенг имкониятлар эшигини очиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда мазкур лойиҳа «Марказий Осиё + Озарбайжон» сегменти доирасида 2014 йилдан бери амалга оширилаётган бўлиб, бу жараёнда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик воситаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил ­маркази мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.

Глобал дастур доирасида ДБҚнинг «Ангрен», «Чуқурсой техник идора», «Олот», «Яллама» каби бир қатор божхона постларида Порт назорати гуруҳлари ташкил қилинди.

Барча постлар сингари мазкур постлар ҳам замонавий компьютер техникаси ва алоқа воситалари, божхона назоратининг техник воситалари, кимёвий моддаларни аниқлашга хизмат қилувчи портатив детекторлар билан таъминланган.

Мавзуга доир яна бир жиҳат шундаки, Ўзбекистон Республикасида божхона постларини катта ҳажмдаги сканер қурилмалари билан жиҳозлаш ишлари узлуксиз равишда ва босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

Мазкур қурилмалар автотранспорт воситалари ёки темир йўл вагонларини уларнинг ичидаги юкларни туширмасдан туриб, бир неча дақиқа ичида текшириш ва сканерлаш имконини беради.

Ундан тараладиган рентген нурлари кўмагида 200 мм гача қалинликдаги пўлат ортидаги буюмларни ҳам кўриш, натижада, контейнер ичидаги товарларнинг ҳужжатларга мослигини текшириш, контрабанда предметлари бор-йўқлигини назорат қилиш мумкин.

Бу эса ўз навбатида божхона кўриги самарадорлигини янада ошириб, божхона кўриги учун кетадиган вақтнинг сезиларли даражада қисқаришига хизмат қилади.

Инспекцион-кўрик мажмуасини самарали қўллаш, контейнерларни тўлақонли божхона кўригидан ўтказиш божхона ходимларидан зарур касбий малака талаб этади. Шу мақсадда халқаро дастур доирасида божхона ходимлари ContainerCom ахборот тармоғи орқали ўқув курсларида иштирок этиб, малака ошириб келмоқдалар.

Лойиҳа доирасида шу вақтга қадар Давлат божхона қўмитаси, «Чуқурсой техник идора», «Ангрен логистика», «Олот» ва «Яллама» божхона постлари ходимлари иштирокида республикамиз ва хорижда 39 маротаба турли учрашувлар, шу жумладан, 13 маротаба тренинглар ташкил қилинди.

Анжуманда Глобал дастурда Ўзбекистоннинг иштирокини 2021 йилнинг декабрь ойига қадар узайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

 

Қўшимча ахборот

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда Жаҳон божхона ташкилотининг Контейнерда ташувлар устидан назорат Глобал дастури 2004 йилдан ишга туширилган бўлиб, унга аъзо давлатларнинг тегишли денгиз ва қуруқлик портларида ҳуқуқни ҳимоя қилишнинг барқарор механизмларини жорий этиш орқали наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва ноқонуний фаолиятнинг бошқа шаклларини амалга оширишда контейнер ташувларидан фойдаланишнинг олдини олиш ҳамда бир вақтнинг ўзида қонуний савдога кўмаклашишни назарда тутади.

Глобал дастурга кўра, унга аъзо давлатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар вакилларидан иборат Порт назорати гуруҳлари ташкил этилган. Айни пайтда дунёнинг 56 та мамлакати, шу жумладан Марказий Осиё давлатлари ушбу дастур иштирокчилари ҳисобланади. Ҳозирда яна 6 мамлакат ушбу дастурга қўшилиш юзасидан ўз қизиқишларини билдирган.

Глобал дастурнинг Марказий Осиё ва Қора денгиз минтақалари, Афғонистон ва Покистондаги минтақавий сегментлари АҚШ, Германия, Канада ва Япония ҳукуматлари томонидан молиялаштириб келинмоқда.

Бугунги кунда дунё миқёсидаги 90 фоизгача бўлган юклар контейнерларда ташилади. Жаҳонда ҳар йили 650 млн дан ортиқ контейнер ҳаракати рўйхатга олинади. Айни дамда кучайиб бораётган халқаро савдога интеграциялашиш кўплаб мамлакатлар учун устувор йўналиш ҳисобланади. Бунинг натижасида эса ноқонуний товарларнинг ҳаракатланиш хавфи ҳам ортиб бормоқда. Статистикага кўра, турли мамлакатларнинг контейнер портларида савдо ривожига тўсқинлик қилмаслик учун фақат 2 фоизгина контейнерлар текширувдан ўтказилади. Бу эса жиноий гуруҳлар учун кенг имконият яратади.

 

Ҳусан ТАНГРИЕВ, ДБҚ Ахборот хизмати бош инспектори.

 

Прочитано: 326 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика