Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 10 / Паспорт масалалари

Паспорт можароси

 

Тошкент шаҳридаги компаниялардан бирида кадрлар бўйича ходим бўлиб ишлайман. Иш жараёнида менда кўп саволлар йиғилиб қолди.

1. Биометрик паспортда қоғоз наклейка – штрих-код ранги ўчиб кетди. Бу паспорт эгасига жарима чоралари қўлланишига сабаб бўлиши мумкинми?

2. Паспорти шикастланган ҳамда унда фамилияси, исми, фотосурати ва бошқа маълумотлар аниқ кўринмаётган ходимни ишга қабул қилиш мумкинми?

3. ТМБ олиш учун ишончнома ёзиб берилади, унда эгасининг паспорт маълумотлари кўрсатилади. Ҳозир биометрик паспорт бўйича ишончнома қандай тўлдирилади? Паспорт маълумотлари лотин ёзувида, қолган барча маълумотлар бошқа тилларда қайд этиладими?

Е.Анохина.

 

1

Паспорт муқовасининг орқа томонидаги штрих-код шикастлангани учун унинг эгасига нисбатан ҳеч қандай чора қўлланилмайди, сабаби эгасининг барча асосий биографик маълумотлари паспорт чипига киритилган.

 

2

Шикастланган паспорт ҳақиқий эмас ҳисобланади. Фуқаро янги паспорт олиши керак, акс ҳолда маъмурий жавобгарликка тортилади. Бундай ҳужжатларга эга бўлган шахслар ишга қабул қилинмайди.

 

3

Товар-моддий бойликларни олиш учун ишончнома тўлдирилаётганда эгасининг маълумотлари биометрик паспортда кўрсатилган маълумотларга мувофиқ лотин ёзувида тўлдирилади.

 

Кичкинтой учун фуқаролик

 

Қариндошим – Ўзбекистон фуқароси Пекинга ўқишга кетди, у ерда Хитой фуқароси бўлган қиз билан танишди. Улар турмуш қуришди, яқинда фарзандли бўлишади.

Бола юртимиздан ташқарида туғилса, Ўзбекистон фуқаролигини олиши мумкинми?

Собир Т. Тошкент ш.

 

– Ота-онасининг фуқаролиги ҳар хил бўлиб, улардан бири бола туғилган пайтда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган бўлса, агар бу вақтда ота-она Ўзбекистондан ташқарида доимий истиқомат жойига эга бўлган бўлсалар, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида туғилган боланинг фуқаролиги ота-онанинг ёзма тарзда ифодаланган келишуви билан белгиланади («Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддаси).

Шу сабабли хотинининг нотариал тасдиқланган розилиги ва фуқароликни олиш учун ёзма илтимоснома мавжуд бўлганда, бола Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиши мумкин.

 

Хорижга – отасисиз

 

Никоҳдан ажралгунимча 6 яшар вояга етмаган ўғлим менинг уйимда онаси билан пропискада қолиб яшади. Никоҳдан ажралгач, ёзма келишувга биноан уларга моддий ёрдам кўрсатдим, ўғлимни боқиш учун пул бериб турдим. Ҳозир эса фарзандим билан мулоқотда бўлиш ҳуқуқидан маҳрум бўлганман, сабаби уни розилигимсиз мамлакатдан олиб чиқиб кетганлар. Унинг тақдири мени жуда ташвишга солаяпти.

Оталик ҳуқуқимни ҳимоя қилишим мумкинми, бунинг учун қаерга мурожаат қилишим керак?

А.Р. Тошкент ш.

 

– Боладан алоҳида яшовчи ота тарбия, даволаш муассасалари, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ва бошқа муассасалардан ўз фарзанди ҳақида ахборот олишга ҳақли. Фақат отаси боланинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солиши мумкин бўлганда ахборот бериш рад этилиши мумкин. Ахборот бериш рад этилганлиги устидан суд тартибида шикоят қилиш мумкин.

Сизнинг ҳолатда «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 14-моддасида боланинг ғайриқонуний кўчирилишдан ва чет элдан қайтарилмасликдан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатланган.

Боланинг чет элга сафарлари фақат ота ва онанинг ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахсларнинг розилиги билан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши мумкин. Ушбу масала бўйича ота ва она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар ўртасидаги ҳар қандай келишмовчилик суд томонидан ҳал қилинади. Ота-она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар боланинг йўқолганлиги ҳақида васийлик ва ҳомийлик органларига ҳамда ички ишлар органларига дарҳол хабар беришлари шарт.

Ота-она ёки ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар ҳамроҳлигида бўлмаган болалар уларнинг ёнига кафолатли қайтарилиш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикасининг дипломатик ваколатхоналари чет элда қонуний вакиллари ҳамроҳлигисиз турган болаларнинг – Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳисобини юритади ва уларнинг қайтарилиши бўйича чоралар кўради. Қонуний вакиллари ҳамроҳлигисиз чет элда турган болаларни қайтариш масалалари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида ҳал қилинади. Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига мувофиқ давлат ижро этиш мақсадлари, шакллари ва усулларидан қатъи назар, болаларни ғайриқонуний кўчиришнинг олдини олиш, шунингдек уларни доимий яшайдиган мамлакатига қайтариш чораларини кўради.

Шунга қарамай, боланинг хорижга чиқишини расмийлаштиришни тартибга солувчи қонуности ҳужжатларда, аввалгидек, бола ота-оналардан бири билан хорижга вақтинча чиқаётганда ота-оналардан иккинчисининг розилиги талаб қилинмайди (Низомнинг 29-банди, ВМнинг 7.07.2011 йилдаги 200-сон қарорига 1-илова), бу юқорида кўрсатилган Қонуннинг 14-моддаси талабларига зид бўлиб, бола ва ундан алоҳида яшовчи ота ёки онанинг ҳуқуқлари бузилишига олиб келади.

Бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш учун қандай хатти-ҳаракат қилиш лозим?

Аввало ёзма жавобларни олиш учун қуйидагиларга сўровлар йўллаш керак:

► бола унга қатнаган бўлса, қайси пайтдан буён ва қандай сабабларга кўра йўқлиги ҳақида мактабгача таълим муассасасига;

► бола ҳақиқатан кўрсатилган манзилда яшаш-яшамаслиги тўғрисида онасининг яшаш жойидаги маҳалла қўмитасига;

► унинг аҳволи, ўз вақтида, шу жумладан хорижга чиқаётганда зарур дорилар билан эмлангани, даволаш муассасасига охирги марта қачон келгани тўғрисида бола ҳисобга қўйилган поликлиникага;

► вояга етмаган боланинг чиқишига рухсат берилгани, биометрик паспорт берилгани, ҳамроҳлик қилувчи шахслар ва чиқишдан мақсад тўғрисида ИИВнинг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати бўлинмасига.

Ушбу материаллар чиқишнинг реал сабаблари, унга ҳамроҳлик қилувчи шахслар, боланинг яшаш жойида ҳақиқатда бўлмаган даври, боланинг соғлиғини аниқлашда ёрдам беради ва оталик ҳуқуқларингиз бузилганлигидан гувоҳлик бера олади.

Шундан сўнг эркин шаклда тузилган хорижга чиқишни тақиқлаш тўғрисидаги талаб билан яшаш жойингиздаги (боланинг онаси ва бола сизникида прописка қилингани сабабли) фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси беришингиз мумкин (ФПКнинг 239-моддаси).

Даъво аризасига қуйидагиларни (ҳужжатларнинг асл нусхалари ёки тасдиқланган кўчирма нусхаларини) илова қилиш зарур:

► бола туғилганлиги тўғрисида гувоҳнома;

► унинг яшаш жойида йўқлиги исботи сифатида мактабгача таълим муассасаси, ички ишлар органлари, даволаш муассасасидан олинган жавоблар;

► яшаш жойидан маълумотнома ва тавсифнома;

► турар жой майдони мавжудлиги ҳақидаги ҳужжатлар;

► иш жойидан оладиган даромадларингиз ҳақидаги, эгаллаб турган лавозимингиз ва ишингиз қатнов тусига эга эмаслиги кўрсатилган маълумотнома;

► яқин орада ёки сиз билан бирга яшовчи, бола билан мулоқот қилишдан маҳрум бўлган қариндошларингизнинг аризалари;

► болани боқишга доим ёрдам берганингиз ёки боланинг онаси билан бирга яшаб, биргаликда хўжалик юритганингиз, демак, болага сарф-харажат қилганингиз далили.

Тақдим этган ҳужжатларингиз сизни хабардор қилмай болани хорижга олиб чиқиб кетишларига қарши эканлигингизни кўрсатиши керак.

 

Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1201 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика