Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 10 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Ноҳалол мева-сабзавотларни экспорт қилувчилар реестри қандай юритилади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 23.02.2019 йилдаги 163-сон қарори билан мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишнинг янгиланган тартиби тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда республикада мева-сабзавотларни экспорт қилишнинг соддалаштирилган механизми амал қилади.

Биринчидан, 2017 йил 15 ноябрдан хўжалик юритувчи субъектлар экспорт контракти тузмасдан инвойс асосида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишлари мумкин (6.11.2017 йилдаги ПҚ–3377-сон қарор).

Иккинчидан, Президентнинг 17.10.2018 йилдаги ПҚ–3978-сон қарори билан юридик шахсларга уларни дастлабки тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда контрактни сиёсий ва тижорат хавфларидан суғурта полисисиз экспорт қилишга рухсат берилди. Божхона қонун ҳужжатлари бузилиши хавфи белгилари аниқланмаган бўлса, мева-сабзавот маҳсулотлари божхона кўригидан ўтказилмайди.

Учинчидан, 2019 йил 22 февралда инвойсни расмийлаштириш учун шарт бўлган (экв. 20 минг АҚШ долларидан ортиқ эмас) битим суммаси бўйича чекловни бекор қилувчи Президентнинг ПФ–5668-сон Фармони имзоланди. Қолган шартлар ўз кучида қолди.

Қабул қилинган ҳужжатда мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишнинг янги тартиб-таомили белгиланди, у юқорида санаб ўтилган ҳужжатларда белгиланган барча чора-тадбирлар ва кафолатларни ўз ичига олади. Ушбу соҳада илгари амал қилган низомлар (ВМнинг 15.06.2016 йилдаги 207-сон ва 14.12.2017 йилдаги 984-сон қарорлари) ўз кучини йўқотди.

Низомнинг алоҳида бўлими мева-сабзавот маҳсулотларини ноҳалол экспорт қилувчилар реестрини шакллантириш ва юритишга бағишланган. Уни ДБҚ юритади, тижорат банклари ва божхона органлари реал вақт режимида автоматик равишда, ТСОЯЭАТга киритилган маълумотлар асосида уни шакллантирадилар.

Экспорт контрактлари бўйича тўлов муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлиги (божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан бошлаб 120 календарь кун) мавжуд бўлган субъектлар реестрга киритилади. Қарздорлик суммасидан кам бўлмаган миқдордаги валюта тушумлари тўғрисида маълумот ТСОЯЭАТга хизмат кўрсатувчи банк томонидан киритилгандан сўнг улар реестрдан чиқарилади.

Эътибор беринг! Реестрга киритилган экспорт қилувчилар фақат 100 фоиз олдиндан тўловни амалга оширганда кейинги экспортни амалга оширишлари мумкин.

Реестрга экспорт қилувчи ва хизмат кўрсатувчи банк номи, экспорт қилувчининг СТИРи, контракт рақами (ш.ж. идентификация) ва санаси, тўлов муддати ўтган дебитор қарздорлик суммаси киритилади.

Реестр ЯИДХПда, шунингдек Ташқи савдо вазирлиги ва ДБҚ сайтларида жойлаштирилади. Экспорт қилувчи ўзининг электрон калитидан фойдаланган ҳолда улар орқали дебитор қарздорлиги мавжуд контрактлар бўйича маълумотлар билан танишиши мумкин.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.02.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

«Енгил» иссиқхоналар қуриш учун ерни қандай олиш мумкин

 

Вазирлар Маҳкамасининг 25.02.2019 йилдаги 167-сон қарори билан мева-сабзавот маҳсулотларини бевосита уларни етиштириш жойларида суғориш, тайёрлаш ва сақлаш бўйича енгил конструкцияли инфратузилма объектларини қуриш учун ер участкаси ажратиш тартиби тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, тадбиркорлик субъектлари Президентнинг 17.10.2018 йилдаги ПҚ–3978-сон қарорига мувофиқ ўзларига ажратилган ерларда ана шундай қурилишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлганлар.

Ҳужжат талаблари қишлоқ хўжалигини юритиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун ҳамда лойиҳаларни ЭИЗларда амалга оширадиган инвесторлар учун берилган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Енгил конструкцияли объектларга енгил материаллардан барпо этилган, чуқурлаштирилган пойдеворларга ва ер ости иншоотларига (0,5 метрдан кўп) эга бўлмаган, бузиб олиб (бартараф этиб) кўчириш имконияти мавжуд бино ва иншоотлар киради.

Бундай объектлар, шунингдек енгил конструкцияли иссиқхоналар қуришга ер участкалари фақат ушбу қурилишни амалга оширишга талабгор бўлган тадбиркорлик субъектларининг ер участкалари доирасида ҳамда ер ижараси шартномасида белгиланган муддатга ажратилади. Бунинг учун тадбиркор шахсан, почта ёки ЯИДХП орқали туман (шаҳар) ҳокимлигига ариза бериши (юбориши) зарур. Аризага тадбиркорлик субъекти ва ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхалари илова қилинади.

Ҳокимликка келиб тушган ариза ижрочи – ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг тегишли туман (шаҳар)лардаги филиалига кўриб чиқиш учун юборилади. Аризани кўриб чиқаётган ижрочи ер участкасини ажратиш бўйича материалларни тайёрлаш жараёнида қуйидагиларни амалга оширади:

► объектлар қуриш учун жойлашадиган ер майдонини аниқлайди;

► ер тузиш ҳужжатлари, ер кадастрлари маълумотларини ўрганади;

► биринчи навбатда, тадбиркорга ажратилган ерлардаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ерларни аниқлайди;

► ер участкаларини танлашда боғ ва узумзорлар ҳамда бошқа дарахтзорлар бузиб ташланишига йўл қўймаслик, сув хўжалиги объектларидан, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларидан фойдаланишда ноқулайликлар яратмаслик ҳолатларини инобатга олади.

Ижрочи тайёрлаган материаллар келишиш ва хулоса бериш учун тегишли тузилмаларга берилади. Зарур хулосалар олингандан кейин ижрочи ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиянинг далолатномасини ва туман (шаҳар) ҳокимининг қарори лойиҳасини тай­ёрлайди. Ҳоким ер участкаси ажратиш тўғрисида икки иш куни мобайнида қарор қабул қилади ва уни ижрочига тақдим этади. Енгил конструкцияли объектлар қуриш ишлари лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида амалга оширилади.

Ер ажратиш бўйича материалларни тайёрлаганлик ва келишганлик учун ариза берувчидан Вазирлар Маҳкамасининг 10.07.2014 йилдаги 186-сон қарорига мувофиқ белгиланган миқдорда тўлов ундирилади.

Ариза берувчининг ариза беришидан тортиб то ер участкасини беришга доир ҳужжатлар пакетини олишигача бўлган бутун жараён учун 18 иш кунигача бўлган вақт сарфланади. Масаланинг ечими туман эмас, балки вилоят ҳокимлиги ваколатига кирса, бу муддат бирмунча кўпаяди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.02.2019 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Батафсил режалаштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳақини тўлаб, ерга эга бўласиз

 

Аҳоли пунктлари қисмларининг батафсил режалаштириш лойиҳаларини ишлаб чиқишни молиялаштиришда давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди (ВМнинг 26.02.2019 йилдаги 169-сон қарори).

Бу ҳолда шериклик битим объекти бўлиб аҳоли пунктлари қисмлари учун батафсил режалаштириш лойиҳаси: «қизил чизиқлар», қурилиш ва ер участкаларидан фойдаланишни тартибга солувчи чизиқлар, ердан фойдаланиш чегаралари, ҳудудларни зоналаш, улардаги қурилишлар навбатини ва ҳ.к. белгилайдиган шаҳарсозлик ҳужжати ҳисобланади.

Яъни хусусий шерик – жисмоний ёки юридик шахс (давлат ташкилотларидан ташқари) батафсил режалаштириш лойиҳаси ишлаб чиқилишини молиялаштиради. Битимда кўрсатилган лойиҳа ташкилоти бевосита ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Бунинг эвазига хусусий шерикка тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун битта ер участкасини доимий фойдаланишга олиш ҳуқуқи берилади. Ушбу лойиҳада қайд этилган чегаралар доирасида ер ажратилади.

Лойиҳанинг ўзи ишлаб чиқилаётганда ва якунланганидан сўнг Қурилиш вазирлиги (давлат шериги) ҳудудий бўлинмаларига тегишли бўлади ва ҳатто тасдиқланганидан кейин ҳам хусусий шерикка берилмайди. Хусусий шерик лойиҳани ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш даврида у бўйича шаҳарсозлик ёки бошқа тусдаги талабларни белгилаш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисидаги битим танлов асосида тузилади. Лойиҳани ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқишдан то шерикликни расмийлаштиришгача бўлган бутун тартиб-таомил схемада кўрсатилган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.02.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Ким турар жойни имтиёзли ижарага олиши мумкин

 

Вазирлар Маҳкамасининг 26.02.2019 йилдаги 170-сон қарори билан уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга Давлат уй-жой фондидаги турар жойларни ижарага бериш тартиби тасдиқланди.

Турар жой давлат уй-жой фонди: муниципал, идоравий ёки аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан берилади.

Бундай шахсларни ҳисобга олиш, турар жой майдонини олиш учун навбатни белгилаш, уни тақсимлаш ва ижарага беришни маҳаллий ҳокимликлар ва идоравий уй-жой фонди бўлган ташкилотлар амалга оширади.

Қуйидагилар уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож деб ҳисобланади:

► турар жой майдонига эга бўлмаган ёки яшаш учун яроқсиз уй-жойлар (бараклар, вақтинчалик уйлар, авария ҳолатидаги уйлар, ертўлалар)да яшовчи фуқаролар;

► ҳар бир оила аъзоси 16 кв.метрдан, кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлар учун – 23 кв.метрдан кам бўлган турар жой билан таъминланганлар;

► ётоқхоналарда, ишлаб чиқариш ва хизмат хоналарида яшовчилар (бундан мавсумий ва вақтинчалик ходимлар, шунингдек ўқишлари сабабли ётоқхоналарга кўчиб ўтган фуқаролар мустасно);

► қариндошлик алоқалари бўлмаган икки ва ундан кўп оила бўлиб бир квартирада яшовчилар;

► алоҳида квартирада яшашга муҳтож бўлиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган айрим сурункали касалликларнинг оғир шаклларига чалинганлар;

► уй-жой ажратилаётган аҳоли пунктида камида 3 йил яшаётган ва рўйхатда турган фуқаролар.

Дала шароитларида камида 20 йил ишлаган ва шу туфайли доимий яшаш жойига эга бўлмаган геология-қидирув ташкилотлари ва топография-геодезия хизматлари ходимлари, тегишли аҳоли пунктида доимий яшашидан қатъи назар, уни олишлари мумкин.

Ҳисобга қўйилиш ва турар жой олиш учун навбатга туриш учун тегишли ҳокимликка (идоравий уй-жой олиш учун эса – иш жойи бўйича) ариза тақдим этиш зарур, у ерда ҳужжатлар ва ариза берувчининг яшаш шароитлари ўрганилади. Турар жой майдони ажратиш тўғрисида қарор чиқарилгандан кейин шахсга ордер берилади, у фуқаро ва балансида уй-жой бўлган ташкилот ўртасида ижара шартномаси тузишга асос бўлади.

Ижара шартномаси кўпи билан 5 йилга тузилади. Ижара ҳақи турар жойнинг умумий майдонидан келиб чиқиб 1 кв. метр учун Тошкентда бир йилга ЭКИҲнинг 2%и ва бошқа вилоятларда ЭКИҲнинг 1%и миқдорида белгиланади. Бу миқдор календарь йилда ўзгармай қолади.

2020 йил 1 январгача ҳокимликларга уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқаролар бўйича эектрон маълумотлар базасини шакллантириб, уни ўз веб-сайтларига жойлаштириш ва мунтазам равишда янгилаб бориш, шунингдек зарур ҳужжатларни идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали олиш тартибини йўлга қўйиш вазифаси топширилган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.02.2019 йилдан кучга кирди. 

 

 

 

Бизнесни ривожлантириш учун кредитларнинг ставкаси оширилди

 

«Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритилди (26.02.2019 йилда 3022-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

Эслатиб ўтамиз, дастур мамлакатимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида, энг аввало олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда амалга оширилади (7.06.2018 йилдаги ПҚ–3777-сон қарор ва шарҳга қаранг). Шу жумладан, унда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун (150 ЭКИҲгача), кичик бизнес субъектларига (1 000 ЭКИҲгача) имтиёзли кредитлар ажратиш ва тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий лойиҳаларини молиялаштириш (1 000 ЭКИҲдан ортиқ) назарда тутилган. 

Бундай кредитларни расмийлаштиришнинг аниқ шартлари (муддати, имтиёзли даври, фоиз ставкаси) ва тартиби (зарур ҳужжатлар пакети ва уларнинг кўриб чиқилиши, кредит таъминоти ва ҳ.к.) алоҳида Низомда қайд этилган.

Тузатишлар билан дастур доирасида банклар ажратадиган кредитларнинг фоиз ставкаси йиллик 7%дан 8%гача оширилди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 26.02.2019 йилдан кучга кирди. 

 

Олег Заманов, Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ экспертлари.

Прочитано: 1129 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика