Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 10 / Биз яшайдиган уй

ХУМШни ёпамизми ёки йўқми?

 

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманида кўп квартирали уйларни бошқариш бўйича эксперимент бошланди. Бу ВМнинг «Тошкент шаҳрининг уй-жой коммунал инфратузилмасини бошқаришни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (4.01.2019 йилдаги 5-сон) билан белгиланган.

 

Шаҳар ҳокимлиги ишлаб чиққан янгилик кўп квартирали уйлар (ККУ) аҳлида кўп саволларни юзага келтирди. Аввало Юнусободга доир ҳужжат ҳуқуқий жиҳатдан етарлича ишлаб чиқилмаганлиги, унинг айрим қоидалари амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга (НҲҲ) зидлиги бунга сабаб бўлди. Бунинг устига уй-жой мулкдорларига унинг моҳияти тушунтирилмади. Нормалар жадал суръатда ва кўп миқдорда ишлаб чиқилаётганидан фуқаролар улардан бохабар бўлишга ҳам улгурмаяптилар.

Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, Юнусобод экспериментининг моҳияти – турар жой фондини профессионал бошқаришга интилиш. Бунинг учун ККУни профессионал бошқарув компанияларга (БК) бериш режалаштирилган. Умуман олганда бу – яхши иш. Бироқ қонунчиликка мувофиқ келмаётган қоидалари мавжуд бўлган ҳужжатнинг амалга оширилиши нималарга олиб келиши мумкин?

 

Қарорда – бир гап. Адлия вазирлиги бошқа гапни айтмоқда. Мулкдорлар нима қилсин?

Бош масалалардан бири – ХУМШнинг келгуси тақдири: Юнусобод туманида улар қоладими ёки тугатиладими? Қарорда ширкатлар деярли тилга олинмаган. Уй-жойлар мулкдорлари ёки уларнинг ишончли шахслари умумий йиғилиш қарори асосида БК билан шартномалар тузишлари шарт. Ҳужжатни ишлаб чиқувчилар ширкатларни уй-жой фондини бошқариш жараёнидан чиқариб ташлаган кўринади. Бу Уй-жой кодекси, бошқа НҲҲларнинг амалдаги нормаларига зиддир. Бироқ ҳужжат матнида ширкатлар тугатилиши тўғридан-тўғри қайд этилмаган.

ВМ қароридан келиб чиққан ҳолда шаҳар ҳокимлиги тижорат банклари ва УКХ вазирлиги билан биргаликда ХУМШнинг кредитларини бошқарув компанияларига қайта расмийлаштириши ҳамда дебиторлик қарзлари ва кредитлар бўйича қарзларни уларга ўтказиши шарт. Бу ҳам ширкатлар Юнусобод эксперименти режасига киритилмаганидан яққол далолат беради. Шунга қарамай, ҳуқуқий нуқтаи назардан буни бошқача талқин қилиш ҳам мумкин. Ширкат ўз фаолиятини тўхтатмаган ҳолда ҳужжатларни юридик шахсга (БКга) топшириб, мулкдорлар умумий йиғилишининг қарорига кўра умумий мол-мулкни сақлаш хизматларини кўрсатиш учун унга буюртма беради.

Бир қарашда қарорда ККУни бошқарув компаниялари томонидан бошқаришнинг битта усули ҳақида сўз бораётгандек кўринади. Мулкдорларни танлаш ҳуқуқидан маҳрум қилмоқдалар, дея талқин қилиш мумкин. Бу қонунчиликка зид бўлган бўлур эди. Бироқ ҳеч қаерда бошқарувнинг ўзгача усуллари истисно этилади дейилмаган. Буни қандай тушуниш мумкин?

Мулкдорлар қарор – қонуности ҳужжат, ҳатто эксперимент доирасида ҳам юқори юридик кучга эга бўлган ҳужжатларда белгиланган ҳуқуқларидан фойдаланиш имконидан маҳрум эта олмаслигини билишлари лозим. Қонунларда белгиланган нормаларни ҳатто энг дадил эксперимент доирасида ҳам бузмаслик керак. Бу ҳолда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 5, 6, 7, 14-моддалари амал қилади.

Шундан келиб чиққан ҳолда Фейсбукдаги «ХУМШ ва у билан қандай яшаш керак?» гуруҳида гуруҳ маъмури Максим Черниковнинг мурожаатига жавобан Адлия вазирлигининг тушунтириши жойлаштирилган: «ВМнинг 5-сон қарорида ХУМШ тугатилиши назарда тутилмаган. Кўп квартирали уйдаги мулкдорларнинг ўзлари бундай қарорни қабул қилишлари мумкин». Адлия вазирлиги бошқариш усулини танлаш имкони юзасидан ҳам тушунтириш берган: «Уй-жой кодексининг 138-моддасига мувофиқ, хусусий уй-жой фондини бошқариш бевосита турар жойлар мулкдорлари, ширкат, бошқарувчи (ижрочи директор) ёки бошқарувчи ташкилот томонидан ёхуд қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқача усулда амалга оширилиши мумкин. Кўп квартирали уйни бошқариш усули шу уйдаги турар жойлар мулкдорлари умумий йиғилишининг қарори билан белгиланади».

Бу Юнусободда ширкатлар ККУдаги умумий мол-мулкни бошқариш усулларидан бири бўлиб қолиши мумкин, уй-жой мулкдорлари эса аввалгидек кўпчилик овоз билан бошқариш усулини танлашга ҳақли деганими? Ҳокимликнинг бу жиҳатдан барча талаблари ҳуқуққа зидми? Сўнгги пайтда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кўп ҳолларда қонунбузарлик ҳолларига кўз юмаётганликлари, баъзида эса ўзлари қонунбузарликларга йўл қўяётганликлари инобатга олинса, айнан нимага – Адлия вазирлигининг тушунтиришига ёки нормаларни ўзларича талқин қилишларига асосланиб хатти-ҳаракат қилишлари кишида шубҳа уйғотади.

Ширкатлар ўзларига билдирилган ишончни оқлай олмади, ишлари самарасиз, бошқарув компаниялари эса бу жиҳатдан ўзларини кўрсата олади деган фикр шаклланмоқда. Ҳали бошланмаган экспериментни бутун шаҳар ва республикага татбиқ этиш таклиф этилмоқда. Аслида низоли жиҳатлари талайгина. У қандай натижа беришини вақт кўрсатади.

 

Мини-бадалларни Кенгаш белгилайди

Юнусобод экспериментида яна нима шубҳа туғдирмоқда? Бу ерда ёддан чиқаёзган мажбурий бадалларнинг энг кам миқдорини жорий этмоқчилар. УКХни ислоҳ қилиш тўғрисидаги аввалги НҲҲларда мини-бадалларни УКХ вазирлиги ҳар йили белгилаши назарда тутилган бўлса, ВМ қарорида ушбу мажбурият… туман халқ депутатлари Кенгаши зиммасига юклатилган. Тўғри, алоҳида тумандаги уй-жой фондини бошқаришда инқилоб қилишга уринаётганликлари кўриниб турибди. Лекин, бунчаликка боришга не ҳожат. Зеро ҳар бир уй бўйича энг кам харажатлар миқдорини белгилаш – жиддий иш, бу билан уй-жой соҳаси мутахассислари шуғулланишлари даркор. Ҳамма ўз ишини қилгани маъқул.

ВМ қарорида айтилишича, ККУдаги мулкдорларнинг мажбурий бадаллари ва нотурар жойлар мулкдорларининг тўловлари миқдори мулкдорларнинг умумий йиғилишида Кенгаш томонидан белгиланадиган энг кам миқдордан паст бўлмаган миқдорда белгиланади. Бироқ ҳужжатда бадал миқдори ҳисобланишига асос бўладиган, амалдаги қонунчиликда назарда тутилган мулкдорларнинг ишлар режаси, даромадлар ва харажатлар сметасини тасдиқлашлари ҳақида ҳеч нима дейилмаган. Ёки бошқарув компанияси мулкдорларнинг фикри ва хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини писанд қилмай, бадал миқдорини ўз билгича белгилаб қўя қоладими?

ВМ қарорида умумий йиғилиш у ёки бу қарорни қабул қилиши учун уй-жой мулкдорларининг неча фоизи овоз бериши зарур эканлигини белгиловчи банд мавжуд эмас. ХУМШда бўлганидек 51%ими, ХУМШсиз бўлганида овозларнинг 100%ими? Фуқаролик ва уй-жой қонунчилигида белгиланганидек, кўп квартирали уй-жойлардаги умумий мол-мулк бўйича қарорлар мулкдорларнинг бир қисми томонидан эмас, балки БАРЧАСИ томонидан қабул қилиниши шарт.

Тарафларнинг жавобгарлиги – уй-жойларнинг мулкдорлари ва БК ўртасида тузиладиган шартнома мазмунининг жуда муҳим жиҳати. Унга мулкдорлар БКнинг мажбуриятлари юзасидан жавоб бермасликлари қайд этилган бандни албатта киритиш керак. Акс ҳолда БК юридик шахс учинчи шахслар билан муносабатларда бўлгани сингари ўз мажбуриятлари бўйича жавобгарликни уй-жой мулкдорлари зиммасига юклашга ҳаракат қилиши мумкин.

Мулкдорларнинг ишончли шахсларига, шу жумладан БКни танлашда катта масъулият юкланади. Улар бошқарув компанияси тўғрисидаги тўлиқ ахборотни мулкдорлар эътиборига етказишлари керак. Бироқ ҳужжатда ушбу ахборотни олиш тартиби акс эттирилмаган, айни пайтда мулкдорлар «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ бунга ҳақлидирлар.

Шу ва бошқа бир қатор жиҳатлар тартибга солинмаса, Юнусободда туман маъмурияти хусусий мулкдорлар ишига ноқонуний аралашган бўлиб чиқади.

 

Вақт кўрсатади

Бошқарув компаниялари қандай танлаб олиниши масаласи лозим даражада ишлаб чиқилмаган. Улар туман ҳокимлиги томонидан ККУдаги турар жойлар мулкдорларининг ишончли шахслари билан биргаликда ўтказиладиган танлов асосида танлаб олиниши белгиланган. Ҳокимлик танлов ўтказиш тартибини тасдиқлади, барча хоҳловчиларни: мулкчилик шаклидан қатъи назар, шу жумладан хорижий корхона ва ташкилотларни унда иштирок этишга таклиф қилди. Танлов объекти – кўп квартирали уйдаги турар жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулки. ККУни бут сақлаш ва таъмирлаш хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи учун лотлар – кўп квартирали уйлар гуруҳлари қўйилди. Битта лотдаги уйлар сони – 42 тадан 144 тагача. Юнусободликларда шубҳа уйғониши тайин: уй-жой хизматлари бозорида рақобат ривожланмаганини инобатга оладиган бўлсак, битта БК шунча кўп қаватли уйни тутиб тура оладими? Бундай мега-бошқарув компаниялари ҳар бир уй манфаатларини қандай ҳисобга олади? Зеро ХУМШ билан боғлиқ вазиятда унга қанча кам уй қарашли бўлса, у мулкдорларга шунча яқин бўлиши, самаралироқ ишлаши маълум бўлди-ку? Юнусободда бу қандай натижага олиб келишини вақт кўрсатади.

Мулкдорлар қандай йўл тутсинлар? Улар танлаш ҳуқуқига эга, мулкдорларнинг БК билан муносабатлари – «истеъмолчиларнинг» «ижрочилар» билан муносабатлари, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун нормаларини менсимасликка йўл қўйилмайди. Профессионал бошқарув – ҳақиқатан профессионал бўлса, нур устига аъло нур. Агар у натижа бермаса, қонун ҳужжатларига мувофиқ, мулкдорлар эксперимент шартлари амалдаги қонунчиликка мувофиқ келмаслигини рўкач қилиб, уни рад этишга ҳақли бўладилар.

 

 

 

Долзарб масала

 

Гаражларни олиб ташлаш… моддий ва маънавий зарарни ким қоплайди?

 

«Норма маслаҳатчи»нинг 4.12.2018 йилдаги 49-сонида ҳикоя қилганимиз Тошкентнинг Чилонзор тумани «Е» мавзесидаги «гаражларни олиб ташлаш» ҳодисаси ўқувчилар орасида шов-шувга сабаб бўлди. Пойтахтда фуқароларнинг ҳуқуқларини поймол қилиб гаражларни ноқонуний бузиш ҳоллари кўп учрамоқда, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кўра-била туриб бунга йўл қўймоқдалар. Бир қатор экспертларнинг фикрича, гаражларни жадал равишда ёппасига демонтаж қилишнинг сабабларидан бири – бўлажак хусусийлаштиришдан олдин ер участкаларини ўзлаштириб олиш, холос.

Материалимизда Чилонзорнинг «Е» мавзесидаги 80-сон ва «Дарбоза» автотўхташ жойларини демонтаж қилишдаги қонунбузарликлар ҳақида сўз юритган эдик. «Бизда ҳам шундай бўлди», «худди биз ҳақимизда ёзгандексиз», «биз ҳам шу ҳолатга дуч келдик», «ҳамма ерда шундай иш тутилаяпти», «бизга ҳам келинг, нималар бўлаётганини ўз кўзингиз билан кўрасиз», «ҳужжатларни тақдим этишимиз мумкин», «адолатга эришиб бўлмайди», «амалдорлар фуқароларнинг эмас, инвесторларнинг манфаатларини ҳимоя қилмоқдалар» ва ҳ.к. Ўқувчилар таҳририятга қўнғироқ қилдилар, norma.uz сайтида ҳам жойлаштирилган, Фейсбукдаги «ХУМШ ва у билан қандай яшаш керак?» гуруҳида келтирилган материалга шарҳ ҳам қолдирдилар. Нашримиз формати ҳар бир мурожаат билан ишлаш имконини бермайди. Шарҳимизда уларнинг айримларини бериб ўтамиз. Гаражларнинг демонтаж қилиниши қайси ҳолларда ноқонуний ҳисобланиши ҳақида ҳам тавсиялар тайёрладик.

 

Демонтаж ижтимоий ҳолат сифатида

Рустам Абдусаитов – Чилонзорнинг «Е» мавзесидаги ўша «Дарбоза» автотўхташ жойида демонтаж қилинган гараж эгаларидан бири. Эслатиб ўтамиз, автомобиль эгалари уни ўз ҳисобларидан қурганлар. Уларга ер участкасини Тошшаҳарижроқўм ажратган. Участкадан фойдаланиш ҳуқуқини расмийлаштирганлар.

«Норма маслаҳатчи»да материал босиб чиқарилгандан кейин, – деб ёзади Рустам ака, – фуқароларни хабардор қилмай, конституциявий ҳуқуқларимизни қўпол равишда бузган ҳолда гаражларни 4 кун ичида бузиб ташладилар. Буни худди атайин қилгандек, айнан Конституция куни арафасида амалга оширдилар. Шаҳар органлари вакилларининг суиистеъмолчиликлари ҳақида Чилонзор туман прокуратурасига мурожаат қилдик. Гаражларни бузаётганларида Олий суд ва шаҳар прокуратураси қарорларини кутишни сўрадик. Бироқ ҳеч ким бизни эшитишни истамади. Кўп гаражлар бўлакларга бўлиниб, номаълум томонга олиб кетилди. Айримларгина ўз мулкини олиб қолишга улгурди. Чилонзор ҳокимлиги ҳам, қурувчи «Label Invest» МЧЖ ҳам на ер участкасини олиб қўйиш ва гаражларни бузиш тўғрисида қарорни, на зарарларни қоплаш тартибини тақдим этди. Биз «Дарбоза» бузилиши ва замонавий автотўхташ жойи қурилишига қарши эмас эдик. Муносиб компенсация, янгисидан кафолатланган жой талаб қилаётгандик. Бироқ қурувчи, ҳокимлик ва гараж бошқармаси бизга реал ваъда бермаяпти. Одамлар билан бундай муносабатда бўлмаслик керак. Мен қонунга итоаткор фуқароман, қонунларни ҳурмат қилиб, уларга риоя этиб келаман, ҳеч қачон уларга зид иш қилмаганман. Менга етказилган моддий ва маънавий зарарни ким қоплайди, зўравонликдан ким ҳимоя қилади? Қонунлар ишламаса, яна кимга мурожаат қилиш керак? Амалдорлар учун бошқа, оддий фуқаролар учун бошқа қонунлар амал қиладими?».

«Ерлар тадбиркорларга сотилаётганлиги кўриниб турибди, – деб ёзади Бахтиёр Ҳамдамов. – Ҳокимлар тез-тез алмашиб турибди, бу билан жавобгарликдан қутулиб қолишяпти. Чилонзор туманида ҳам гаражларни демонтаж қилдилар, бокслар эшикларининг ошиқ-мошиқларини кесиб ташладилар. Прокуратура вакиллари, участка нозири буни бамайлихотир кузатиб турди. Кўп қаватли автотўхташ жойи қуриш ва унда бепул жой ажратишни ваъда қилган эдилар, бироқ бу жойда кўп қаватли уй қурилмоқда. Энди машиналар шундоққина уйлар олдига қўйилмоқда. Худо кўрсатмасин, тез ёрдам машинаси ҳам, ўт ўчириш машинаси ҳам бу ердан ўта олмайди. Чилонзор ҳокимлиги адолатли иш кўраётгани кишида шубҳа уйғотади. Биз, фуқаролар нима қилишимиз мумкин? Ишимиз, ҳамма юмушларимизни ташлаб, ҳуқуқларимизни ҳимоя қилиш учун идорама-идора қатнаб, судлашайликми?».

«Лисунов-4 даҳасидаги гаражларни 2 йил аввал бузиб ташладилар, – деб ёзади Наталья. – Бу бетартиб қурилган тўхташ жойи эмас эди. Ҳудуд ўралган, йўлкалар асфальтланган эди. Автомобиль эгаларида ҳокимлик томонидан берилган ҳужжатлар бор эди. Уни жуда тез бузиб ташладилар. Очиқ автотўхташ жойи қуриб, барча демонтаж қилинган гаражлар эгаларини жойлар билан таъминлашларини ваъда қилдилар. Ҳозир бу жойни катта ахлат уюми эгаллаган».

«Материалда биз ҳақимизда ёзгандексиз. Учтепа тумани, 15-мавзе, 58-сон автотўхташ жойи, – деб ёзади ўз номини кўрсатмаган ўқувчи. – Автотўхташ жойи бузилиб, янгиси қурилиши ҳақида эълон илиб қўйдилар. Демонтаж қилишга 3 кун вақт бердилар. На ҳоким қарори, на янги автотўхташ жойи схемасини кўрсатдилар. Кафолат хатини осиб қўйдилар – бу беҳурматлик ва алдовдан бошқа нарса эмас. У директор томонидан имзоланган эди, солиқ инспекциясида суриштирганимизда, у мазкур фирмада ишламаслигини аниқладик. Яхши ҳамки «Норма маслаҳатчи» бу масалани кўтарди. Гаражлар бузилаётганда ҳокимлар янги тўхташ жойларидан жой ажратишни ваъда қилдилар. Ҳозир шахсий автомобиллар билан тўлиб-тошган уй йўлаклари олдидаги жойларни назарда тутган бўлсалар керак. Улар ҳам нима қилсин? Амалдорлар ана шундай вазиятни яратмоқдалар. Биз замонавий автотўхташ жойига қарши эмасмиз. Бироқ нималар бўлаётганини кўриб, навбатдаги уйни эмас, айнан автотўхташ жойини қуришларига ишонгимиз келмайди».

«2016 йил баҳорда Мирзо Улуғбек тумани посёлкасидаги барча гараж эгаларини гараж бошқармаси билан шартнома тузиш ва 3 йил олдиндан бадал тўлашга мажбур қилдилар, – деб ёзади Юрий. – 2017 йил апрелда эса гараж бошқармаси гаражлар бузилиши ҳақида эълон илиб қўйди. Май–июнь ойларида посёлканинг марказий қисмидаги гараж эгалари ҳозиру нозир бўлиб турган металл сотиб олувчиларга автобоксларни арзонгаровга сотиб юборишдан бошқа иложлари қолмади. Туман ҳокимлиги вакиллари бу жойда ёпиқ, асфальтланган автотўхташ жойи ва янги болалар майдончасини қуришга ваъда бердилар. Ҳанузгача на униси, на буниси қурилди».

 

Қонунлар устидан бульдозер билан?

Игорь айтиб берган воқеа гаражларни олиб ташлаш тарихида қолиши эҳтимолдан холи эмас, ўшанда қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган бир гуруҳ автомобиль эгаларига амалдорлар қарши чиққан, куч тузилмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқалар жалб этилган эди. Бутун шаҳарда фуқароларга босим ўтказиш дастаклари, гаражларни демонтаж қилиш схемаси бир хил. Томошабинларнинг талабларига биноан такрор намойиш этилаётган пьесага ўхшайди. Фуқароларнинг ожизлик қилгани, ўзбошимчалик тантана қилгани ҳақидаги бу ҳикояни gazeta.norma.uz сайтида тўлиқ ўқишингиз мумкин.

Ўқувчининг ёзишича, 2018 йилда Юнусобод туман гараж бошқармаси шартномавий мажбуриятларни бузиб, 4 ва 11-мавзелар аҳолисидан якка тартибдаги гаражлар эгаллаган ер участкалари ижараси учун бадалларни қабул қилишни рад этган. Гўё «бадаллар миқдори калькуляцияси мавжуд эмаслигини» рўкач қилган. Бироқ бошқа мавзелар аҳолисидан бадаллар қабул қилинган. Тушунтириш беришни сўраб Юнусобод туман ҳокимлигига мурожаат қилганлар. Уларга жавоб беришларича, ободонлаштириш ишларини бажариш мўлжалланганлиги сабабли ҳокимлик гараж бошқармасига тўловни қабул қилмаслик ҳақида кўрсатма берган. Сунъий қарздорликни юзага келтириш, улардан ер участкаларини тортиб олиш мақсадида фуқароларни алдаган бўлиб чиқмоқдалар. Автобокслар бузилаётганда ҳуқуқларини қонуний ҳимоя қилиш имконидан маҳрум қилишни ҳам кўзлаганлар. Зеро гараж бошқармаси билан тузилган шартноманинг 3.1 ва 7.1-бандларида жорий йилнинг 1 апрелигача гаражлар эгаллаган ер ижараси учун бадал тўланмаса, у қонуний иншоот мақомини йўқотиши қайд этилган.

Гараж бошқармасига хизмат кўрсатувчи банкдагилар унинг счётига бошқа автомобиль эгаларидан бадаллар келиб тушаётганлигини тасдиқладилар. Гараж бошқармасидагилар эса ўз банк счёти рақамини тақдим этишни қатъиян рад этдилар. Уни бошқа манбадан билиб олиб, ер учун бадални тўладик.

Сўнг ҳаммаси ёзилган сценарий бўйича давом этди. Участка нозири 11-мавзедаги автомобиль эгаларини гаражларни демонтаж қилишга мажбурлади. Улар ўз депутатларига ёрдам сўраб мурожаат қилдилар. Йиғилиш ташкил этдилар. Ҳодисалар эса таниш йўналиш бўйича ривожланиб бораверди. Фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ўрнига уларга қўпол муносабатда бўлдилар. ШМБ-5 бошлиғи в.б., милиция капитани фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилиши Жиноят кодексининг қайси моддасига тўғри келишини қидиришга уринди. Уни топа олмай, охири гаражларни бульдозер билан бузиб ташлашни ваъда қилди.

Автомобиль эгалари ШМБ-5 бошлиғи в.б. фуқароларни гаражларни бузишга ноқонуний мажбурлаш ҳаракатлари устидан Бош прокуратурага оғзаки, ИИВга ёзма арз қилдилар. Яна ўша схема ишга тушди. Бош прокуратура туман прокуратурасига текширув ўтказишни топширди. У ҳужжатларни Юнусобод туман ИИБга – капитаннинг иш жойига йўллади, бу қонунчиликда қатъиян тақиқланган. У ерда вазиятни таҳлил қилиш, аризачи билан учрашишни лозим топмадилар: «далиллар тасдиқланмади» деб қўяқолдилар. ИИВ аризага умуман жавоб бермади. Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ана шу аҳволда. Гаражларнинг ноқонуний бузилиши юзасидан мурожаатлар ҳар гал ана шундай ҳуқуқий чиғириқдан ўтиши оддий ҳол бўлиб қолди.

Сўнг маҳалла қўмиталари жалб этилади. «Биллур» маҳалласидаги (Юнусобод туманидаги 4-мавзе) гаражларга уларни демонтаж қилиш талаб қилинган эълонлар ёпиштирилмоқда. Маҳалла қўмитаси раиси томонидан имзоланган, унинг муҳри билан тасдиқланган. Асос – «Обод қишлоқ» дастурининг амалга оширилиши. Қўшни «Адолат» маҳалласи ҳудудида ҳам худди шу аҳвол, фақат эълонларга имзо ва муҳр қўйилмаган. Бироқ «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги Қонунда маҳалла ҳудудини ободонлаштириш сингари масалаларни ҳал қилиш ўзини ўзи бошқарувчи олий орган сифатида фуқаролар йиғинининг алоҳида ҳуқуқи ҳисобланиши назарда тутилган. Аслида эса бундай эмас. Иккита милиционер ҳамроҳлигида Юнусобод туманининг 4-мавзесида гаражларни олиб ташлаш машқини олган амалдорлар гуруҳи тўпланади. Ультиматум шаклида фуқароларни бузишга мажбурлайди. Бу «Обод маҳалла» дастурида назарда тутилган деб кўрсатади. Бироқ бир кун аввал «Обод қишлоқ»қа ҳавола қилаётган эдилар. «Ободлаштиришни» чалкаштириб юборган кўринадилар. Синчков автомобиль эгалари амалдорларга иккала дастурнинг асосий бандларини ўқиб бердилар. Уларнинг биронтасида қонуний иншоотлар бузилиши ҳақида бир сўз айтилмаган.

Фуқароларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши ҳақидаги умидларини Юнусобод туман ҳокимининг 22.11.2018 йилдаги 20-сон қарори буткул пучга чиқарди, унда гаражлар, ўзбошимчалик билан қурилган иншоотлар, тўсиқларни 5 кун ичида демонтаж қилиш белгиланган эди. Бунинг ўрнига нимани таклиф қилдилар? Ободонлаштириш, болалар майдончалари, истиқболда – очиқ турдаги автотўхташ жойлари. Яъни номаълум келажакда. Муддат, молиялаштириш манбалари, пудрат ташкилотларини кўрсатмаган ҳолда. Пойтахтнинг бошқа туманларида ҳам бунинг гувоҳи бўлганлар. Шуниси қизиқки, ҳокимнинг бу ҳақда қарори қабул қилинмай туриб гаражларни бузишга киришганлар.

Гараж бошқармаси 4 ва 11-мавзелардаги автомобиль эгалари учун калькуляцияни рўкач қилиб, уларни алдай олмади. Бунда унинг 7.2-банди асосида улар билан шартнома бекор қилинар эди. Унда «фавқулодда ҳолларда» «вақтинчалик қурилмалар» бузилиши қайд этилган. Бироқ қонунчиликда ушбу тушунчалар таърифланмаган. Ўша «фавқулодда» ҳолат қани? Бунда шартномани бекор қилиш тартиб-таомили бузилмоқда. У қонунчиликда белгиланганидек, ер участкасини олиб қўйишдан ярим йил олдин огоҳлантириш хатини тилхат олган ҳолда фуқаронинг қўлига топширмай ёки ёзма равишда йўлламай туриб амалга оширилмоқда.

Игорь амалдорларнинг ҳуқуқий саводсизлиги ва ўзбошимчалигини намоён этувчи 11-66-гараж демонтаж қилинишини мисол сифатида келтирди. Тозалашга раҳбарлик қилувчи «микроҳоким» хўжайини жойида йўқлиги боис гаражни эгасиз деб топди. Ошиқ-мошиғини кесиб, мол-мулкни хатлай бошладилар. Хатлаш учун уйбошини жалб этдилар. Бироқ уйбошилар расмий мансабдор шахс ҳисобланмайди. Бундай ҳолларда ҳозир бўлиши керак бўлган холислар, ИИБ ходимлари ёки давлат суд ижрочилари бўлмади. Ушбу қурилмани бузиш тўғрисида суд қарори чиқарилмаган, бундай ҳаракатларни амалга ошириш учун ижро варақаси берилмаган эди. «Микроҳоким» Игорнинг фуқарони ҳозир эмас деб топиб, мол-мулкини давлат ихтиёрига ўтказиш узоқ ва қатъий юридик таомил саналиши, якка тартибдаги гараж иншоот ҳисобланиши, бу борада Конституциявий суднинг тушунтириши мавжудлиги, бу фуқароларнинг хусусий мулки, унга эгалик қилиш дахлсиз саналиши ҳақидаги изоҳларини ҳайрат билан тинглади.

Шарҳда ИИБ ва маҳалла қўмиталарининг гаражларни бузиш жараёнида тутган позицияси кўтарилган. «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, улар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкини ҳимоя қилишлари, бунда қонун устуворлигини таъминлашлари керак. Аслида эса айрим ИИБ ходимлари маҳаллий ҳокимият органлари қўлидаги итоаткор дастакка айланиб қолганлар. Маҳалла қўмиталари ва бошқалар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Ҳоким уларга топшириқлар беради, улар унинг бўйсунувидаги шахслар сингари бош эгадилар. Бироқ «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида» ва «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги қонунларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқарувчи маҳаллий органи ҳокимликка бевосита бўйсуниши тўғрисида нормалар мавжуд эмас.

Буларнинг бари аянчли хулоса чиқаришга сабаб бўлади. Президент фармонлари ва қарорлари яшаш шароитларини яхшилашга йўналтирилган, уларда қонунларни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузиш имконини берувчи қоидалар назарда тутилмаган. У ҳолда нима сабабдан уларнинг ижроси қонунбузарликка айланиб кетмоқда? Ҳамма гап қурувчиларнинг пул ишлашга интилиб, давлатнинг одамлар манфаатларини кўзлаб ижобий ўзгартиришларни амалга оширишига зид йўл тутаётгани, бу билан ислоҳотларни обрўсизлантираётганида эмасми?

 

 

 

Гаражларни бузиш: қачон фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилади

 

Ўзбошимчалик билан ҳар жойда қурилган гаражлар ҳақида эмас, балки фуқаролар қонуний асосда ўрнатган: гаражлар туман ҳокимликларининг гараж бошқармаларида рўйхатдан ўтказилган, гараж эгалари уларни жойлаштириш учун ордерларга эга бўлган ҳолатлар ҳақида сўз бормоқда.

 

1. Пойтахтда гаражларни ёппасига бузиш.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 1.06.2017 йилдаги ­690-сон қарорида шаҳарсозлик қоидалари ва санитария нормаларига жавоб бермайдиган гаражларни демонтаж қилиш назарда тутилган.

2. Гаражлар бузилаётганда фуқароларга автотўхташ жойлари ва гаражлар шаҳарсозлик қоидалари ва санитария нормаларига мувофиқ эмаслигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмайди.

Бунинг учун 690-сон қарорда мониторингларни ўтказиш назарда тутилган, амалда улар расмиятчилик билан ўтказилмоқда.

3. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳисобга олмай, гаражларни демонтаж қилиш масалаларига маъмурий-буйруқбозлик билан ёндашиш.

Шаҳар ҳокимияти демонтаж қилинган автотўхташ жойларини янгиси билан алмаштириш муаммосини тезкор ҳал қила ёхуд автомобиль эгаларига автомототранспорт воситаларини вақтинча муқобил сақлаш йўлини таклиф эта олмайди. Янгилари қурилгунча автомобиль эгаларига хизмат қила оладиган намунавий гаражлар бузилмоқда. Турар жой мавзелари, уйлар олдидаги йўлаклар пала-партиш қўйилган машиналар билан тўлмоқда. 690-сон қарорнинг 4-бандида шаҳарсозлик ва санитария талабларига жавоб бермайдиган гаражларнинг босқичма-босқич демонтаж қилиниши белгиланган.

 

Мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги

Мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади, унга мувофиқ қонун ҳужжатларидаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилади.

«Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун, 7-модда.

 

4. Шаҳар ҳокимияти демонтаж қилинган гаражлар ўрнига замонавий, кўп қаватли автотўхташ жойларини қуриш ҳақидаги ваъдаларини бажармаяптилар.

Аксарият ҳолларда собиқ автотўхташ жойлари эгаллаган ҳудуд ўрнида улкан ахлат уюмлари тўпланади ёхуд ер участкаси турар жой қуриш учун тадбиркорларга берилади.

5. Шаҳар ҳокимиятининг демонтаж қилинган автотўхташ жойлари ўрнида янгиларини қуриш ҳақидаги ваъдаси аниқ муддат ва кафолат билан мустаҳкамланмаган.

Жуда оз ҳолларда фуқаролар қистови билан қурувчи ёхуд ҳокимлик кафолат хатлари беради. Бироқ улар тегишли равишда расмийлаштирилмаган бўлиб, юридик кучга эга бўлмайди. Кафолат хатида нималар қайд этилган бўлиши кераклиги ҳақида «Норма маслаҳатчи»нинг 4.12.2018 йилдаги 49-сонида ёзганмиз.

6. 690-сон қарорда савдо ва маиший хизмат кўрсатиш комплексларини ўз ичига олган кўп қаватли тўхташ жойлари ҳақида сўз боради.

Уларни фойда олишдан манфаатдор тадбиркорлар қурадилар. Бироқ уларнинг нархини кўп шаҳарликларнинг ҳамёни кўтармаса керак. Янги қурилганлари орасида аҳоли учун арзон нархли, шунингдек бепул автотўхташ жойлари ҳам бўлиши керак.

7. 690-сон қарорнинг 4-бандида ХУМШ билан биргаликда янги кўп қаватли автотўхташ жойларини ободонлаштириш ишлари бажарилишини таъминлаш вазифаси топширилган.

ХУМШни хусусий автотўхташ жойлари атрофидаги ҳудудларни ободонлаштиришга мажбурлаш нодавлат нотижорат ташкилотлари ишига ноқонуний аралашув, уларга босим ўтказиш, хусусий мулкдорлар маблағларидан бизнес манфаатларини кўзлаб мақсадсиз фойдаланиш саналади.

8. Давлат ҳокимияти органлари гараж эгалари билан тўғри мулоқот қилишни, демонтаж қилиш заруратини тушунтириш ва асослашни, бунда фуқаролар ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлашни истамайдилар ёки билмайдилар.

690-сон қарорда эски автотўхташ жойларини демонтаж қилиш ва замонавийларини қуриш зарурати ҳақида аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш учун ишчи гуруҳлар тузиш назарда тутилган.

9. Туман ҳокимликлари ходимлари шаҳар ҳокимлигининг 690-сон қарорини бажармай, юқори турувчи орган томонидан белгиланган демонтаж қилиш тартибини бузмоқдалар.

10. Шахсий гаражлар фуқароларнинг хусусий мулки ҳисобланади. ЎзР Конституциясига мувофиқ, унга бўлган ҳуқуқ дахлсиздир.

Кўпинча гаражлар уларнинг эгалари йўқлигида демонтаж қилинади, бу уларни ўз мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш учун қонуний ҳуқуқларини амалга ошириш имконидан маҳрум этади. «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун таъсири остига тушадиган муносабатлар юзага келади.

11. Гаражлар ёрдамчи-хўжалик иморатлари сирасига кириши ҳисобга олинмайди (Низомнинг 2-банди, ВМнинг 30.12.2006 йилдаги 272-сон қарорига 1-илова; Конституциявий суднинг фуқаролар мурожаатлари юзасидан олинган тушунтиришлари).

Гараж мулкдорлари ер солиғи ёки ижара ҳақи тўлаган бўлсалар, гаражлар ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар деб ҳисобланиши мумкин эмас, қонунчиликда белгиланган тартибга риоя этмай уларни бузиш ўзбошимчалик саналади.

12. Гаражлар демонтаж қилинганда фуқароларга доим ҳам уларнинг талабига кўра олиб қўйилаётган ер участкасида янги автотўхташ жойларини қуриш лойиҳалари ва бош режалари тақдим этилмайди.

13. Шаҳар органлари вакиллари гаражларни демонтаж қилиш учун кўрсатмаларда асоссиз равишда 3 кундан 5 кунгача вақт берадилар.

Давлат органлари ҳоким қарорининг нусхаларини билдиришномага илова қилган ҳолда, бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай, мулкдорни қабул қилинган қарор тўғрисида (ёзма равишда) хабардор қилиши шарт (Қонуннинг 19-моддаси; ВМнинг 29.05.2006 йилдаги ­97-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 4-банди).

14. Давлат органлари вакиллари гаражларни ўзбошимчалик билан демонтаж қилмоқдалар.

Мулкдорнинг ихтиёрига қарши чиқиб, гаражларнинг ошиқ-мошиқларини кесиш, арралаш, уларнинг қисмларини олиб чиқиб кетиш ўзгалар мулкини талон-торож қилиш, хусусий мулкка тажовуз қилиш ҳисобланиб, Жиноят кодексининг Махсус қисми 3-бўлими Х бобига, шунингдек Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ жавобгарликни назарда тутади.

15. Гаражлар демонтаж қилинганда фуқароларга етказилган зарарлар қопланмаяпти.

Қонуннинг 19-моддасида белгиланганидек, иншоотлар эгаларига етказилган зарарлар бозор қийматида тўлалигича қопланганидан кейингина уларни бузиш мумкин.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг ­241-11-моддасида, Фуқаролик кодексининг 206-моддасида, Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 29.05.2006 йилдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган) 8-бандида, Президентнинг 1.08.2018 йилдаги ПФ-5495-сон Фармони 2-бандида, шунингдек бошқа НҲҲларда худди шу қоида белгиланган.

16. Бир қатор ҳолларда гаражлар демонтаж қилинаётганда ушбу жараёнга жалб этилган давлат ҳокимияти органлари, шунингдек бошқа тузилмалар вакиллари фуқароларга нисбатан ўзбошимчалик, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, ўзгалар мулкини талон-торож қилиш ҳолларига йўл қўймоқдалар, бунинг учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Гаражларни демонтаж қилишда ҳар бир ҳолатга бир хилда ёндашиб бўлмаслиги қийинчилик келтириб чиқаради. Ер автомобиль эгасига гараж ўрнатиб фойдаланиш учун берилган бўлса, бу – бир муносабат ва ҳуқуқий оқибатлар демак. Участка қанча муддатга берилганлигига кўп нарса боғлиқ. Участка ижарага олинган бўлса, бу – яна бошқа, ўзбошимчалик билан қурилган бўлса – учинчи ҳолат. Кўп муаммолар ердан фойдаланишга доир ҳужжатлар ўз вақтида ва тўғри расмийлаштирилмаганлиги сабабли юзага келмоқда.

 

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

Прочитано: 414 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика