Мустақилликнинг илк йилларида «хўрозқанднинг ҳам импортнийси яхши» деган ҳазиломуз ибора оммалашган эди. Йиллар давомида ўзимизнинг ишлаб чиқарувчилар ҳам четникидан қолишмайдиган даражада товар-маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўя олди. Ҳозирда бошқа ибора оммалашган – «четникими – текшириб ол, контрафакт бўлмасин».
Бугунги кунда четдан келтирилаётган маҳсулотлар, шу жумладан инсон саломатлиги ва ҳаёти учун аҳамиятли бўлган дори воситалари ноқонуний йўл билан келтирилаётган бўлса, уларнинг сифатига нисбатан катта шубҳа бор. Президентнинг «Алоҳида турдаги товарларни маркировкалашнинг замонавий усулларини жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (30.11.2018 йилдаги ПҚ-4042-сон) алоҳида турдаги товарларнинг республикага ноқонуний олиб кирилиши, ишлаб чиқарилиши ва сотилишининг олдини олиш, уларнинг самарали ҳисобини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Ҳужжатда қайд этилишича, ноқонуний айланаётган, паст сифатли, контрафакт ва қалбакилаштирилган маҳсулотлар ҳажмининг ошиши суръатлари кузатилмоқда, бу эса фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига зарар етказмоқда. Бу жараён коррупция ва бошқа қонунбузилишлар вужудга келишига сабаб бўлаётгани ачинарли ҳол. Ана шундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун 2019 йилнинг 1 августидан товарлар тоифасидан келиб чиқиб, импорт қилинадиган товарларни ҳимояланган белги ва (ёки) наномолекуляр технологиядан фойдаланган ҳолда мажбурий маркировкалаш босқичма-босқич жорий этиладиган бўлди. Бу ўринда маркировкаланиши мажбурий бўлган товарлар гуруҳлари рўйхатига янгидан қўшилган товарларни, ушбу товарлар рўйхатига киритилган кундан бошлаб, 180 кун давомида маркировкасиз сотилишига рухсат этилганини ҳам эслатиб ўтиш жоиз.
Келгусида истеъмолчиларга кўрсатиладиган хизматлар ишончлилиги ва сифатини, юқори ҳимояланган даражасини таъминлай оладиган, амалий тажрибага эга бўлган маркировкалаш бўйича хизматлар етказиб берувчисини танлашни, маркировкаланиши мажбурий бўлган товарлар қийматини сезиларли даражада оширилмаслигини ҳисобга олиб, танлаб олинган етказиб берувчи билан музокаралар ўтказилишини таъминлаш белгиланган.
Қарорга биноан яқин ойлар ичида товарларни маркировкасиз сотганлик учун жарима санкциялари миқдорлари ҳам оширилиши кутилаётир.
Қобил МАМАТҚУЛОВ,
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси
божхона экспертизаси ва товарларни таснифлаш гуруҳи
бош инспектори.