Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 03 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Солиқлар «пластикдан» сўзсиз ундириб олинмайди

 

Солиқ органларига солиқ қарздорлигини жисмоний шахсларнинг пластик карталаридан сўзсиз ҳисобдан чиқариш ҳуқуқини берувчи норма бекор қилинди.

 

Ўтган йил июнь ойида давлатимиз раҳбари давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган. Унинг бандларидан бирида солиқчиларга юзага келган солиқ қарздорлигини солиқ тўловчи-жисмоний шахсларнинг пластик карталарига хизмат кўрсатувчи банк ҳисобварақларидан сўзсиз ҳисобдан чиқариш ҳуқуқи берилган. Бунда ҳисобдан чиқариладиган сумма ойига 2 ЭКИҲдан кўп бўлмаслиги керак (26.06.2018 йилдаги ПҚ–3802-сон қарорнинг 7-банди 5-хатбоши).

Бироқ норма амалда қўлланмади.

Биринчидан, расмий-юридик нуқтаи назардан олганда, ушбу ваколат қонун ҳужжатларида назарда тутилиши керак. Кам деганда, Солиқ кодексининг 63-моддасига тегишли тузатишлар киритиш зарур эди. Бироқ Кодексга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар умумий пакетида (24.12.2018 йилдаги ЎРҚ–508-сон Қонун) улар акс этмади.

Бунинг устига, ушбу ваколатни амалга оширишнинг аниқ механизмини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш талаб этилар эди. Тегишли лойиҳани муҳокамага қўйиб, бунга уриниб кўрдилар. Муҳокама давомида унга доир 57 та фикр-мулоҳаза ва таклиф келиб тушганлиги қисман ҳужжатнинг сифати ҳақида гувоҳлик беради.

Иккинчидан, солиқ органларига бундай ваколат бериш ғоясининг ўзини нафақат оддий фуқаролар, балки ҳокимият вакиллари ҳам маъқулламадилар. Хусусан, Марказий банк идоравий манфаатлар бошқа соҳалар ёки умуман мамлакат иқтисодиёти ривожига салбий таъсир кўрсатмаслиги керак дея фикр билдирди.

Эҳтимол, ушбу омиллар солиқчиларга қарздорликни сўзсиз ундириб олиш ҳуқуқини берган норма 2019 йил 1 январдан ўз кучини йўқотишига хизмат қилгандир (26.12.2018 йилдаги ПҚ–4086-сон қарорга ­34-илованинг 15-банди).

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 28.12.2018 йилдан кучга кирди.

 

Ирина Ахметова, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 962 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика