Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 31 / Кадрлар бўлими

Таътилни расмийлаштириш: иш берувчи йўл қўядиган 5 та хато

 

Ҳозир таътил мавсуми авж паллага чиққан. Шунинг учун биз ходимларни таътилга жўнатаётган иш берувчилар ҳар гал йўл қўядиган қоидабузарликлар ҳақида сўз юритиб, айрим долзарб масалалар – таътиллар жадвалини юритмаслик мумкинми-йўқми, таътилдан чақириб олиш қандай расмийлаштирилиши, қайси ходимлар ўзлари учун қулай вақтда таътилга чиқишлари мумкинлиги ва бошқалар юзасидан тушунтириш берамиз.

 

1. Таътиллар жадвали нотўғри расмийлаштирилади ёхуд умуман мавжуд бўлмайди

 

Таътиллар жадвали – йиллик таътиллар бериш навбати белгиланадиган локал норматив ҳужжат. У мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча корхоналар, муассасалар, ташкилотларда мавжуд бўлиши шарт. Ушбу ҳужжат бўлмаса, меҳнат ҳуқуқ инспекцияси иш берувчини жавобгарликка тортиши мумкин.

Жадвал кўпинча амалиётда рўй берганидек кейин эмас, балки календарь йил бошлангунга қадар тасдиқланган бўлиши шарт.

Ушбу ҳужжатни расмийлаштириш тартиб-таомилида ҳам муҳим жиҳат мавжуд – у касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишилиши шарт. Бу Меҳнат кодексининг 144-моддасида назарда тутилган. Вакиллик органининг тегишли қарорисиз жадвал юридик кучга эга бўлмайди, бунда у мавжуд эмас деб қабул қилинади.

Жадвалнинг келишилиши деганда вакиллик органининг уни тасдиқлашга розилигини олиш назарда тутилади. Баъзан амалиётда бунинг учун вакиллик органи раҳбари (касаба уюшмаси қўмитаси раиси) унга имзо қўйиши кифоя деб хато ўйлайдилар. Бу нотўғри, сабаби вакиллик органи – коллегиал орган, тегишинча, кўпчилигининг розилик бериши талаб этилади.

Вакиллик органининг қарори одатда баённома тарзида расмийлаштирилади. Унинг рақами ва санаси жадвалнинг титул варағи юқори чап бурчагида қайд этилади, бу унинг келишилганлигидан далолат беради.

 

2. Иш йили тугагунга қадар ходимга таътил берилмайди

 

Афсуски, иш берувчилар орасида бундай йўсинда иш тутиш одат тусига кирди. Кўпинча ходимлар йиллаб ўзларига тегишли таътилни олмайдилар. Мазкур ҳуқуқбузарлик юзасидан турфа хил баҳона ва далиллар – ишлаб чиқариш жараёни узлуксизлигидан тортиб, ходимнинг ўзи таътилга чиқишни истамагани рўкач қилинади. Бироқ ҳеч қандай омилларга қарамай, иш берувчи ходимга ҳар йили, шу таътил берилаётган иш йили тугагунга қадар таътил бериши лозим. Бундай мажбурият МКнинг 143-моддаси 5-қисмида белгиланган. Йиллик таътилларнинг ўз вақтида берилмаслиги келгусида ходимлар учун ҳам, иш берувчилар учун ҳам кўп муаммо ва қийинчиликларни юзага келтириши мумкин. Бунинг устига, ходим унга берилиши лозим бўлган таътилга чиқмаган бўлса, қонун меҳнат шартномаси бекор қилинганда унга улар учун пуллик компенсация олиш ҳуқуқини беради (МКнинг ­151-моддаси).

 

Мисол. Мактабгача таълим муассасасида қарийб 10 йил ишлаган ходима ишлаган бутун давр мобайнида бирон марта йиллик меҳнат таътилини олмаган. Ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаётганда фойдаланилмаган барча таътиллар учун пуллик компенсацияни талаб қилди. Болалар боғчаси мудираси ходиманинг барча таътиллари унинг айбига кўра ўз вақтида фойдаланилмаганлиги сабабли «куйганлигини», сабаби унинг ўзи таътилга чиқишни истамаганини рўкач қилиб, унга рад жавобини берди. Ходима меҳнат органига мурожаат қилди, шундан кейин тўланиши лозим бўлган компенсацияни тўлаш мажбурияти иш берувчи зиммасига юклатилди. Бироқ бунда туман молия бўлими билан муаммолар юзага келди. Туман молия бўлимининг масъул ходими сумма салмоқли эканлиги, бунинг устига харажатлар сметасига киритилмаганлигини важ қилиб, тўловлар суммасини ўтказишни рад этди. Охир оқибатда анча вақт ўтгач пуллик компенсация тўлаб берилди. Бироқ ходима бунда маънавий зарар кўрди, мудира эса маъмурий жавобгарликка тортилди – унга жарима солинди.    

 

Кадрлар бўйича ходимларнинг кўпчилигини ташвишга солувчи бошқа масала – «йиғилиб қолган» таътилларни нима қилиш керак: уларни бир йилда бир йўла берса бўладими ёки улар «куядими»?

Меҳнат қонунчилиги мутахассислари орасида бу борадаги фикрлар ихтилофли. Шу сабабли биз иш берувчиларга бу масалада қонунга қатъий риоя қилиб, ходимларни бунинг учун белгиланган муддат давомида, яъни жорий иш йили тугагунга қадар меҳнат таътилларига чиқаришларини маслаҳат берамиз.

 

3. Биринчи иш йили тўлиқ ишламаган ходимларга корхонада белгиланганидан кам давом этадиган таътил берилади

 

Кадрлар бўйича ходимлар хато фикр юритиб, агар ходим иш йилида тўлиқ ишламаган бўлса, тўлиқ таътил олиши керак эмас деб ҳисоблайдилар. Бу нотўғри. Ходимга йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун 6 ой ишлангандан кейин берилади (МКнинг 143-моддаси 1-қисми). Бу ҳолда барибир ходимга ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўлаган ҳолда тўлиқ таътил (ёки кадрлар бўйича ходимлар айтганидек – «аванс тариқасидаги таътил») берилади (МКнинг 148-моддаси).

 

Мисол. Ходим 2017 йил октябрда таътил муддати 24 иш куни этиб белгиланган ташкилотга ишга қабул қилинди. Таътиллар жадвалига кўра унинг меҳнат таътилини олиш навбати 2018 йил июнда келди. Кадрлар бўлими ходими расмийлаштирилаётган буйруқда ходимга 16 иш кунидан иборат, яъни ишлаган 8 ойига мутаносиб равишда таътил берилишини қайд этди. Ташкилот юрисконсульти буйруқни ноқонуний деб ҳисоблаб, унга имзо қўймади ва биринчи иш йили учун меҳнат таътили 6 ой ишлагандан кейин ходимларнинг мазкур тоифаси учун белгиланган муддатга берилиши мумкинлигини тушунтирди.

Таълим муассасаларининг педагог ходимларига ва ўриндошлик асосида ишловчи ходимларга бериладиган таътиллар ушбу қоидадан мустасно, уларнинг таътил кунлари учун меҳнат таътилидан фойдаланиш кунигача ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланади. 

 

Кадрлар бўйича ходимларнинг кўпчилигини чалғитувчи таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқариш тартиби тўғрисидаги МКнинг 141-моддаси бошқа турли ҳолатларда, кўпинча ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилганда фойдаланилмаган таътил учун компенсация миқдорини ҳисоблашда қўлланилади.

Бундан ташқари, ҳисобидан ходим таътил олиб бўлган иш йили тугамасдан туриб ишдан бўшаганда, МКнинг ­164-моддасида иш берувчига таътилнинг ишланмаган кунлари учун унинг меҳнат ҳақидан ушлаб қолиш мажбурияти юклатилади. Меҳнат шартномаси айрим асосларга кўра бекор қилинганда бундай ушлаб қолиш амалга оширилмайдиган ҳолатлар бундан мустасно (МКнинг 89-моддаси 4-қисми, 100-моддаси 2-қисми 1, 2-бандлари, 106-моддаси 1, 2-бандлари).

 

4. Ходимнинг розилиги олинмай, таътилдан чақириб олинади

 

Бу ҳам иш берувчи кўп йўл қўядиган ҳуқуқбузарликлардан бири. Ходим узоқ кутилган таътилга чиқиб улгурмай, тўсатдан иш берувчи қўнғироқ қилиб, зудлик билан ишга чиқишини талаб қилади.

Қандай ишлаб чиқариш зарурати бўлмасин, ходим ўзининг қонуний таътилини тўхтатишга мажбур эмас. Ҳар қандай чақириб олишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Шу сабабли ходимнинг таътили тугагунча иш берувчининг ишга чиқиш тўғрисидаги буйруғини бажаришни рад этиши меҳнат интизомини бузиш ҳисобланмайди.

Қолаверса, ҳатто ходим розилик берган тақдирда ҳам, бунда қонунчиликда белгиланган талабларни бажариш имкони бўлсагина, уни чақириб олишга йўл қўйилади. Бу билан нима демоқчимиз? Гап шундаки, чақириб олиш таътилни қисмларга бўлиш ва уни бошқа муддатга кўчириш тўғрисидаги нормалар талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилади. Бу ҳолда таътилнинг бир қисми 12 иш кунидан кам бўлмаслиги ва ундан жорий иш йили давомида фойдаланилиши лозим. Ушбу 12 кундан ортиқ бўлган бошқа қисмини эса кейинги иш йилига кўчириш мумкин.

 

Мисол. Ходим 2018 йил 26 июндан унинг учун белгиланган 18 иш кунилик таътилга чиқди. Таътилнинг 3 куни ўтгач, 29 июнда ишлаб чиқариш тусидаги сабабларга кўра ходим ўз розилиги билан таътилдан чақириб олинди. Демак, жорий иш йили тугагунга қадар унга умуман олганда яна 9 кун таътил (3 + 9 = 12) беришлари керак, 6 иш куни эса кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин.

 

Бу – муҳим! Чақириб олиш муносабати билан жорий йилда 12 иш кунилик мажбурий қисмини беришнинг имкони бўлмаса, таътилдан чақириб олишга йўл қўйилмайди.

 

Мисол. Ходимга 25 июндан 11 июлгача тегишли 15 иш кунилик меҳнат таътили расмийлаштирилди. Бироқ 2 июлда унинг ушбу таътил берилган иш йили тугайди. Бу ҳолда чақириб олиш ҳуқуққа зид бўлади, сабаби иш йили тугагунга қадар ходим таътилнинг 12 иш кунилик мажбурий қисмидан фойдаланишга улгурмайди.

 

Меҳнат шароити ноқулай ишлар учун бериладиган қўшимча таътиллар ҳақида ҳам унутмаслик керак, улардан жорий йилда албатта фойдаланилиши лозим ва кейинги иш йилига кўчирилмайди. Яъни иш йили тугагунга қадар ходимга таътилнинг бундай қисмини беришнинг иложи бўлмаса, чақириб олишга умуман йўл қўйилмайди.

Кадрлар хизмати ходимларининг кўпчилиги таътилдан чақириб олишни расмийлаштиришни тартибга солишда қийналадилар.

Сабабини тушунтирамиз. Ходимни таътилдан чақириб олиш учун иш берувчи буйруқ чиқаради. Тегишинча ходимнинг розилиги буйруқ учун асос ҳисобланади. Бундай розилик одатда ходимнинг аризаси билан расмийлаштирилади, унинг мазмуни кимнинг ташаббусига кўра чақириб олинаётганлигига боғлиқ. Агар ходимнинг ўзи таътилдан муддатидан аввал чиқиш истагини билдирса – у чақириб олишларини сўраб ариза ёзади. Ташаббус иш берувчидан чиқаётган бўлса – ходим қуйидаги мазмундаги аризани ёзиши мумкин: «таътилдан чақириб олишларига эътирозим йўқ».

 

5. Таътил ёзги ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилиши керак бўлган ходимлар тоифаси ҳисобга олинмайди

 

Аксарият иш берувчилар таътиллар жадвалини барча ходимларнинг истакларини инобатга олиб тузишга қанчалик уринмасин – турли сабабларга кўра бунга доим эришиб бўлмайди. Таътиллар ишлаб чиқариш жараёнига ва корхона бир маромда фаолият юритишига рахна солмаслиги керак. Шу сабабли айрим ходимларнинг манфаатларини доим назарда тутиб бўлмайди.

Бироқ ҳеч бир вазият қуйидаги тоифадаги ходимларга улар учун қулай бўлган вақтда таътил беришни рад этишга асос бўла олмайди:

► 14 ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (16 ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига;

► I ва II гуруҳ ногиронларига;

► 18 ёшга тўлмаган шахсларга;

► таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганларга;

► 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга;

► корхонанинг жамоа шартномаси ёки келишувида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Тегишли маълумотлар қайд этилган ҳужжатлар, масалан: ўқиш жойидан берилган маълумотнома, эри (хотини) вафот этганлиги тўғрисида гувоҳнома, ТМЭК хулосаси ва ҳ.к. кўрсатилган тоифадаги ходимларга ушбу кафолатни бериш учун асос бўлади.

Эътибор беринг! Иш берувчи ишлаётган эркакларга меҳнат таътилини уларнинг хоҳишларига биноан хотинларининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида бериши шарт. Тегишли даволаш муассасасида ходимнинг хотинига ушбу даврга берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бунга асос бўлади. Шу ўринда ходимга касаллик варақасида кўрсатилган бутун даврга эмас (сабаби у 4 ойдан ортиқ муддатни ташкил этади), балки унга берилиши лозим бўлган таътил муддатига (ёки унинг бир қисмига) таътил берилишини қайд этиб ўтамиз.

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Прочитано: 1231 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика