Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 22 / Тадбиркор ён дафтарига

Инвесторни излаб...

 

«Бизнесни ривожлантириш учун маблағни қаердан олса бўлади? Инвесторни қандай топиш мумкин?» – бу тадбиркорни мудом безовта қилаётган саволлардир. Инвестор эса «Пулимни қаерга тиксам экан?» дея чамалайди.

 

Инвесторни нима учун ва қаердан қидирадилар

Бизнесга доимо айланма маблағлар керак. Пул маблағлари ўз вақтида жалб этилмаса, ҳатто энг истиқболли лойиҳа ҳам тўлиқ амалга ошмай қолади. Лойиҳани йўлга қўйиш учун маблағ тўплагунингизга қадар имконият қўлдан бой берилади, бозорга ишбилармон рақобатчилар келиб улгуришади.

Етишмаётган маблағларни қаердан олиш керак, кимга мурожаат қилса бўлади? Қуйидагилар энг кенг тарқалган инвестиция манбалари ҳисобланади:

√ қариндошлар ва дўстлар;

√ муваффақият қозонган тадбиркор танишлар;

√ махсус давлат ва нодавлат жамғармалари (тадбиркорликни, ёшларни, хотин-қизлар ва бошқаларни қўллаб-қувватловчи);

√ банклар;

√ венчур фондлар;

√ бизнес-инкубаторлар;

√ инвестиция жамғармалари;

√ хусусий инвесторлар.

 

Инвесторни қандай қидириш керак

Интернетда, шу жумладан «UZ» доменида бизнес-лойиҳалар ва инвесторларни излаш бўйича махсус платформалар мавжуд. У ерда бизнес-ғояларнинг муаллифлари маблағларни жалб этадилар (худди ўша венчур ва инвестиция жамғармаларининг, шунингдек хусусий инвесторларнинг маблағларини), инвесторлар эса пулни тикиш вариантларини танлайдилар.

Одатда, лойиҳа бўйича бизнес-таклифни жойлаштириш учун иштирокчиларни бундай майдончаларда бизнес-режаларни тақдим этишга мажбур қилишмайди. Лекин, муаллиф ҳужжатларнинг тўлиқ мажмуасини тақдим этса, инвесторларнинг лойиҳага бўлган ишончи янада ошади.

Инвестицияларни жалб этиш бир қадар мураккаб иш. Шунинг учун тадбиркорнинг бўлғуси инвесторни лойиҳага пул тикишга кўндириши осон бўлмайди. Бунинг учун, аввало, лойиҳанинг молиявий жозибадорлиги ва бошқа афзалликларини, зарур инвестициялар ҳажмини, инвестиция қилишнинг таклиф этилаётган турларини намойиш этувчи бизнес-таклифни тузиш керак. Ҳар ҳолда биргина ҳажмдор бизнес-таклифни эмас, батафсил бизнес-режани ҳам тайёрлашни тавсия этамиз.

Инвестицияларни излаётганда инвесторнинг тижорат манфаатларини иложи борича ҳисобга олиш керак. Етарлича пул тўплай олган ва фаол бизнесдан бироз чарчаган кўпгина хусусий инвесторларни оз-оздан «томиб турадиган» пассив бизнес қизиқтиради. Бундай инвестор қўйган маблағлари фойда келтирадиган, ўзи деярли ҳеч бир иш қилмагани ҳолда пули унга ва унинг учун ишлайдиган лойиҳани қидиради.

Инвестицияларни жалб этаётганда инвесторларни лойиҳанинг фойда келтириши, инвестицияларнинг қайтиш муддатлари ва қўйилмалар қайтишининг кафолати қизиқтиришини ҳисобга олиш керак. Агар бизнесдаги улуш олинаётган бўлса, уларни бошқа жиҳатлар: лойиҳанинг молиявий шаффофлиги, компанияни бошқариш тартиби, бошқарув органларининг фаолияти устидан назорат, фойдани тақсимлаш қоидалари, бизнес-режа ижросининг назорат қилиниши қизиқтиради.

Айни вақтда инвестор лойиҳаларга тикиладиган инвестициялар анъанавий қўйилмалар – банклардаги депозитлар, қимматли қоғозлар ва бошқа молиявий дастакларга қараганда анча кўп даромад келтириши мумкинлигини билади. Муаллиф лойиҳага ғоясини, инвестор эса – шахсий маблағларини киритади. Ҳамкорликдаги бизнесда бирлашиб, уларнинг ҳар иккиси ўз мақсадига етади.

 

Бизнес-ғоя муаллифига тавсиялар

Лойиҳага доир бизнес-таклифни тайёрлар экан, иложи борича қуйидагиларни аниқ шакллантириш ва кўрсатиш керак:

√ ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган маҳсулотнинг (таклиф этилаётган хизматнинг) ўзига хослиги ва талабгирлиги;

√ зарур инвестицияларнинг ҳажми;

√ тахмин қилинаётган фойда даражаси;

√ инвестициялар тахминан ўзини оқлайдиган муддатлар;

√ инвестициялар қайтишининг кафолати;

√ инвестиция қилишнинг мақбул турлари.

 

Инвестиция турлари

Инвестицияларни жалб қилишнинг турли чизмалари мавжуд. Уларнинг энг оммабопларини кўриб чиқамиз:

1) корхона улушини гаровга қўйиб кредитлаш, бунда инвестор келишилган фоизга келишилган муддатга қарз беради ҳамда қарзнинг қайтарилиши таъминоти сифатида бизнесдаги улушни гаров сифатида қабул қилади. Бу ўринда инвестор киритилган суммадан фоизлар кўринишида даромадга эга бўлади;

2) корхона улушларини харид қилиш йўли билан молиялаштириш, бунда инвестор бизнесдаги улушни сотиб олади. Қўшимча гаров таъминоти тарафларнинг келишувига биноан расмийлаштирилади. Мазкур ҳолда инвестор бизнесдаги улушидан дивиденд кўринишида даромад олади;

3) корхона мол-мулкини ёки бошқача қайтариш таъминотини гаровга қўйиб кредитлаш, бунда инвестор келишилган фоизга келишилган муддатга қарз беради ҳамда қарзнинг қайтарилиши таъминоти сифатида корхона мол-мулкини ёхуд бошқа таъминот мажбуриятларини (кафиллик, суғурталаш, банк кафолати ва бошқалар) қабул қилади.

Бу ўринда инвестор қўйилган суммадан фоизлар кўринишида даромадга эга бўлади;

4) тайёр бизнесдаги улушни сотиб олиш. Инвесторнинг даромади – бизнесдаги улушдан дивидендлар.

Инвестицияларни жалб этиш масаласини ҳал этиб бўлгач, инвестор ўз қўйилмаларидан кутилган фойдани ола билиши учун тадбиркор лойиҳани муваффақиятли амалга ошириши керак.

 

Виктория СМИРНОВА,

«Victory Consult Invest» компанияси директори,

Ўктам ҲАСАНОВ,

«Victory Consult Invest» компаниясининг бошқарувчи ҳамкори.

 

Прочитано: 1562 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика