Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 22 декабрда мамлакатимиз парламентига Мурожаатномасида божхона тизимидаги ислоҳотларга ҳам катта аҳамият берилди. Божхона тартиб-таомилларининг мураккаблиги тадбиркорликка тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан бири сифатида эътироф этилди. Шундан келиб чиқиб, ноқонуний текширишлар, хусусий бизнес фаолиятига асоссиз аралашишга қарши курашиш, шу мақсадда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлиги қайд этилди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда товарларни божхонада расмийлаштиришда улар учун муайян рухсатнома ҳужжатлари олиниши лозим. Хусусан, мувофиқлик сертификати, фитосанитар ва ветеринария сертификатлари, санитария-эпидемиологик хулоса, озонни емирувчи моддалар ва таркибида шу каби моддалар бўлган маҳсулотларни олиб кириш ва олиб чиқиш учун рухсатнома ҳамда экологик сертификатлар шулар жумласидандир. Сертификат ва рухсатнома ҳужжатлари 5 та вазирлик томонидан кетма-кетликда 30 кун мобайнида берилади. Бундан кўриниб турибдики, товарларни сертификатлаш ёки рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштириш жараёни тадбиркорлар учун кўп вақт талаб этади. Бу эса товарларнинг омборларда туриб қолишига сабаб бўлади. Давлат божхона қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш олиб борди ва босқичма-босқич экспресс лабораториялар ташкил этилиши йўлга қўйилди. Дастлабки босқичда Тошкент ва Сирдарё вилоятларида лабораториялар ташкил этилди. Тошкент шаҳри ва «Тошкент-аэро» ИБКда замонавий логистика марказлари ташкил этилиши режалаштирилди.
Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда хўжалик юритувчи субъектларга зарур шарт-шароитлар яратиш, ташқи савдони тартибга солишда маъмурий усулларни оптималлаштириш ва соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш кун тартибидаги вазифалар сифатида белгиланди. Шулардан келиб чиқиб, умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар асосида божхона органлари фаолиятини ҳамда божхона маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш мақсадида республика Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон) ҳамда «Ўзбекистон Республикаси божхона хизмати органлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори (12.04.2018 йилдаги ПҚ-3665) қабул қилинди.
Фармон талабларидан келиб чиқиб, бугунги кунда Олий ҳарбий божхона институтидаги мавжуд ўқув дастурлари, ўқув фанлари таҳлил этилиб, мониторинг қилинди ва ўқув фанлари оптималлаштирилди. Институтнинг таркибий тузилмаси қайта кўриб чиқилди. Ихтисослашган кафедраларнинг таркибини божхона амалиётида фаолият юритаётган тажрибали ходимлар ҳисобидан тўлдириш чоралари кўрилди. Педагогларни божхона амалиётига ротация тариқасида юбориш ва уларнинг амалий тажрибасини ошириш механизми яратилди. Шунингдек, Давлат божхона қўмитасининг етакчи мутахассисларини бевосита ўқув жараёнига жалб этиш ва уларга соатбай ҳақ тўлаш тизими яратилди. Кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш танловлар асосида амалга оширилмоқда. Илмий-педагог кадрларни танлаш ва улар малакасини ошириш, хорижий мамлакатларда, халқаро ташкилотлар ва нуфузли илмий-тадқиқот марказларида стажировкадан ўтишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Узлуксиз таълимни таъминлаш мақсадида бакалаврлар тайёрлаш, магистратура йўналишлари ва олий таълимдан кейинги таълим жорий этилди. Шунингдек божхона тизимида фаолият юритаётган ўрта маълумотли ходимлар учун 2018–2019 ўқув йилидан бошлаб ОҲБИда сиртқи бўлим ташкил этилиши режалаштирилди. «Божхона менежменти» йўналиши бўйича раҳбар ходимларни тайёрлаш ва малакасини ошириш йўналиши бўйича бир ойлик Олий ўқув курсларини ташкил этиш мўлжалланган.
Абитуриентларни институтга қабул қилиш жараёни тубдан қайта кўриб чиқилмоқда. Уларни танлашда шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш мақсадида дастлаб вилоятлар ҳудудий божхона бошқармаларида тажрибали божхона ходимлари томонидан суҳбатлар ўтказилади. Абитуриентлар бир нечта босқичларда танловлардан ўтади ва улар орасидан энг иқтидорлилари танлаб олинади.
Қурбонқул КАРИМҚУЛОВ,
ОҲБИ кафедра бошлиғи, Экология,
табиат ва инсон хавфсизлиги Халқаро фанлар
академияси академиги, т.ф.д., профессор.
Дарвоқе
Бугун Олий ҳарбий божхона институти ташкил этилганига 15 йил бўлди. Республика Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси органлари учун кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига (22.05.2003 йилдаги 229-сон) биноан ташкил этилган Институт ҳозирги кунда божхона тизими учун кадрларни тайёрлаб бераётган Марказий Осиё минтақасидаги ягона таянч олий ҳарбий таълим муассаси ҳисобланади.