2016 йил якунларига кўра қурилиш ташкилоти (ИФУТ коди – 42210) ходимларининг ўртача йиллик сони – 50 киши. 2017 йилда штат 12 кишигача қисқартирилди.
Кичик корхона мақоми микрофирма сифатида қандай ўзгартирилади ва уни ким ўзгартиради – статистика органларими ёки корхонанинг ўзими?
П.Хмерова.
– Юридик шахснинг кичик корхона ёки микрофирмага мансублиги ҳисобот йили учун ходимларнинг ўртача йиллик сонидан келиб чиққан ҳолда аниқланади (Солиқ кодексининг 350-моддаси; «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси; 9.04.1998 йилдаги ПФ-1987-сон Фармоннинг 1-банди).
Яъни 2017 йил якунларига кўра ходимларнинг ўртача йиллик сони микрофирма мезонларига мувофиқ келган бўлса, 2017 йил учун йиллик ҳисоботлар ва 2018 йил учун ҳисоботларда (ёки исталган бошқа зарур ҳолларда) корхона ўзини микрофирма деб кўрсатиши мумкин.
2017 йил учун статистика ҳисоботи асосида статистика органлари сайтларида акс эттириладиган корхона мақоми тўғрисидаги ахборот статистика органлари ходимлари томонидан ўзгартирилиши керак. Бунда статистика сайтларига кичик корхона мақоми ўзгаргани тўғрисидаги ахборотнинг киритилмаслиги корхона микрофирма ҳисобланмаслигини англатмайди. Ташкилот мақомининг бундай ўзгартирилиши солиқ солишга таъсир кўрсатмайди.
Замира ЖЎРАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.