Меҳнат жароҳати олган ходим дори-дармон сотиб олиши учун иш берувчи тўлайдиган компенсация суммасига солиқ солинадими?
Н.Свиридова.
– Дори-дармонларни сотиб олиш харажатларини компенсациялаш ҳисобига тўланган маблағлар суммасига ЖШДС солинади.
Етказилган зарар учун жавобгар бўлган иш берувчи жабрланувчига, ўртача ойлик иш ҳақи (даромади)дан ташқари, меҳнат жароҳати туфайли қилинган қўшимча харажатларни ҳам тўлашга мажбурдир. Тўланадиган бундай харажатларга даволаш, протезлаш, қўшимча овқатланиш, дори-дармонлар сотиб олиш ва бошқалар киради.
Дори-дармонлар сотиб олиш учун қилинган харажатлар даволовчи шифокор томонидан ёзиб берилган белгиланган шаклдаги рецепт ҳамда пул тўланганлиги тўғрисидаги чек тақдим этилганда иш берувчи томонидан жабрланувчига тўланади (Қоидаларнинг 22-банди, ВМнинг 11.02.2005 йилдаги 60-сон қарорига 1-илова).
Юридик шахс томонидан жисмоний шахс манфаатларини кўзлаб стационар ва амбулаторияга қатнаб даволаниш ҳақини ёки уларнинг ўрнини қоплаш қийматини тўлаш солиқ тўловчи томонидан юридик шахсдан моддий наф тарзида олинган даромадлар ҳисобланади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 1-банди).
Дори-дармонлар сотиб олиш учун қилинган харажатларни компенсациялаш ҳисобига тўланган маблағлар суммаси ЖШДС солинадиган моддий наф тарзида олинган даромад ҳисобланади. Ушбу даромад меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад ҳисобланмаслиги боис унга ЯИТ ва суғурта бадаллари солинмайди.
Замира ЖЎРАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.