Тижорат корхонаси Ўзбекистон Президентининг қарорига мувофиқ барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан озод қилинган. Бунда қарорда корхона Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан бажариладиган ишлар ва кўрсатиладиган хизматлар бўйича қўшилган қиймат солиғи ҳамда фойда солиғини тўлашдан озод қилиниши алоҳида кўрсатилмаган.
Бу ҳолда корхона мазкур ишлар ва хизматлар бўйича ҚҚС ва фойда солиғини тўлашдан озод қилинадими?
Олег, бухгалтер.
– ҚҚСга келсак, ЎзР норезиденти томонидан бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар уларни олувчида (яъни корхонангизда) солиқ солинадиган оборот ҳисобланади (Солиқ кодексининг 207-моддаси). Корхонага барча солиқларни тўлашдан озод қилиш кўринишида имтиёзлар берилганлиги сабабли, тегишинча, сиз ЎзР норезидентлари томонидан бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар бўйича ҚҚС тўлашдан озод қилингансиз.
Фойда солиғи бўйича – вазият ўзгача. Норезидентнинг доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган, хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлари фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган объект ҳисобланади. Норезидентнинг ўзи ЎзР ҳудудида рўйхатдан ўтказилмаганлиги боис солиқни тўлай олмаслиги сабабли унинг учун фойда солиғини корхона – даромад тўлайдиган ЎзР резиденти (тўлов манбаи) тўлайди.
Норезидентнинг доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган даромадларига ушбу даромадларни олиш билан боғлиқ харажатларни чегирмасдан, тўлов манбаида солиқ солинади (Солиқ кодексининг 155-моддаси). Кўрсатилган хизматлар учун норезидент билан ҳисоблашиш чоғида ундан фойда солиғини ушлаб қолишингиз зарур.
Ўзбекистонда даромад олувчи хорижий ташкилот резиденти бўлган мамлакат билан амалдаги халқаро шартнома мавжуд бўлса, унинг даромадларига ушбу шартнома қоидаларига мувофиқ солиқ солинади.
ЎзР норезидентларининг даромадларига тўлов манбаида солинадиган солиқ ставкалари Солиқ кодексининг 160-моддасида берилган.
Дарина АБУХОВИЧ, «Norma» МЧЖ эксперти.