Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциациясида (ЎзБАМА) МДҲнинг 11 мамлакати профессионал ташкилотларини бирлаштирувчи Сертификатланган Бухгалтерлар ва Аудиторларнинг Евросиё Кенгаши (СБАЕК) томонидан чиқариладиган САР халқаро сертификатларини навбатдаги топшириш тадбири бўлиб ўтди.
Ноябрдаги (2017 йил) имтиҳон сессиясининг якунига кўра, 23 нафар мутахассис тўртта зарур фандан охирги имтиҳонларни муваффақиятли топширди ва САР халқаро сертификатини қўлга киритди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистоннинг ҳамма ҳудудида иқтисодиётнинг барча соҳаларида фаолият олиб бораётган 1 913 нафар мутахассис ЎзБАМАнинг ҳақиқий аъзоси ҳисобланади.
Мамлакатимизда бизнес-режа, молиявий ҳисоботни туза оладиган ва компаниялар фаолияти натижаларини халқаро стандартларга мувофиқ иқтисодий таҳлил эта оладиган мутахассисларнинг мавжуд бўлиши молиявий ҳисоботларни тузишда Халқаро стандартларга (МҲХС) ўтиш ҳамда хорижий инвесторларни жалб этиш мақсадида молиявий аудитни Халқаро аудит стандартларига (ХАС) мувофиқ олиб бориш учун ўта муҳим аҳамият касб этади.
Хорижий инвестицияларни жалб этмай туриб, иқтисодиётни тўлиқ модернизация қилиб бўлмайди, бу айниқса акциядорлик жамиятлари учун долзарбдир. «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг «Жамиятнинг бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисоботи» 102-моддаси талаби ҳам хорижий инвесторларни жалб этишга қаратилган. Жамият Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига мувофиқ тузилган йиллик молиявий ҳисоботни у Халқаро аудит стандартларига мувофиқ ташқи аудитдан ўтказилганидан кейин, акциядорларнинг йиллик умумий йиғилиши ўтказиладиган санадан камида икки ҳафта олдин эълон қилиши шарт.
Мазкур мақсадга эришиш учун келгусида ҳам бухгалтерлар, аудиторлар, бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги ўқитувчиларни, шунингдек барча иқтисодий мутахассислик ходимларини янада тез суръатларда халқаро сертификатлашни давом эттириш керак.
Миновар ТЎЛАХЎЖАЕВА,
Кенгаш раиси.