10 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг «Озонни бузувчи моддалар ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг Ўзбекистон Республикасига импортини тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (9.01.2018 йилдаги 17-сон) кучга кирди. Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ушбу ҳужжатнинг мақсади, мазмуни ва амалий аҳамиятини тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўртасида кенг ёритишни таъминлаш вазифаси топширилди. Жойларда ушбу вазифани уларнинг ҳудудий бўлинмалари бажариши керак (ВМнинг 17-сон қарори 5-банди).
Бу иш тизимли ва самарали олиб борилиши учун аввало ўз кадрларимизни ўқитиш зарур. Шу мақсадда яқинда Давлат божхона қўмитасида божхона органларининг 300 нафардан ортиқ ходими ва Давлат экология қўмитасининг 30 нафар табиатни муҳофаза қилиш инспектори учун миллий тренинг ўтказилди.
Видеоконференцалоқа ёрдамида у ДБҚнинг барча ҳудудий божхона бошқармаларида параллель равишда ўтказилди. Иштирокчилар тадбир ташкилотчиларига саволлар бериш имконига эга бўлдилар.
Айни пайтда дунёда барча озонни бузувчи моддаларнинг (ОБМ) ишлаб чиқарилиши ва ишлатилиши табиатни муҳофаза қилишга доир 2 та халқаро битим доирасида тартибга солинади. Ўзбекистон 1993 йилда Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи (Монреаль, 16.09.1987 йил) ва Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси (Вена, 22.03.1985 йил) аъзоси бўлган. Шу тариқа озон қатламини сақлаш ва ҳимоя қилиш мажбуриятларини зиммасига олган.
Монреаль протоколининг ҳар бир тарафи ОБМни истеъмолдан чиқариш бўйича мақсадли жадвалга риоя этиш мажбуриятини олади, шу сабабли ҳукумат ўз мажбуриятларини бажариш имконига эга бўлиши учун назорат чора-тадбирларини жорий этиши шарт.
Давлат экология қўмитаси вакиллари озон қатлами бузилиши ва буғланиш эффекти юзага келиши сабаблари, Монреаль протоколининг муҳим қоидалари ҳақида сўзлаб, ОБМ ва уларнинг ўрнини босувчи муқобил моддалар шарҳини тақдим этдилар. Шунингдек ОБМни экспорт-импорт қилишга рухсат берувчи ҳужжатларни тақдим этиш тартиб-таомилларини батафсил тушунтирдилар, Ўзбекистон ҳудудида таркибида улар бўлган асбоб-ускуналар рўйхати, ОБМ ва муқобил манбаларнинг ТИФ ТН кодлари билан таништирдилар.
ДБҚнинг тегишли бўлинмалари вакиллари ОБМ ва унинг маҳсулотларини божхонада расмийлаштириш тартиб-таомили, уларнинг республикамизга ноқонуний олиб кирилишига қарши курашиш чора-тадбирлари тўғрисидаги тақдимотлар билан чиқдилар.
ДБҚнинг Марказий божхона лабораторияси бошлиғи Бахтиёр АБДУҒАНИЕВ ОБМ импортини тартибга солиш жиҳатлари ва ушбу соҳадаги божхона назорати ҳақида мухбиримизга сўзлаб берди.
– Тадбиркорлар ОБМ импортига квоталар ҳақидаги ахборотни қайси манбадан олишлари мумкин? Улар қандай тақсимланади?
– Аризачилар ўртасида ОБМ импортига квоталарни тақсимлаш тартиби Озонни бузувчи моддаларни Ўзбекистон Республикасига импорт қилиш учун квоталарни тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 17-сон қарорига 5-илова) билан белгиланади. Тақсимлаш сўнгги 3 йиллик вақт даври учун ОБМнинг импортига рухсат этилган умумий ҳажм улушига асосланган. Низомда квоталарни аризачилар ўртасида 2018 йилнинг 1 январидан 31 декабрига қадар бўлган давр учун ва 2030 йилгача, кейинги ҳар бир 12 ойлик давр учун тақсимотига чекловлар миқдори белгиланган.
2018–2030 йиллар даврида озонни бузувчи моддаларни Ўзбекистон Республикасига импорт қилишга квоталар ВМнинг 17-сон қарорига 4-иловада келтирилган. Улар аризачилар ўртасида қуйидаги фоиз нисбатида тақсимланади: 80% – сўнгги 3 йилда амалда ОБМни импорт қилган аризачилар учун, 10% – янги аризачилар учун, 10% – захирада қолади.
Квоталар тақсимоти Давлат экология қўмитаси раиси томонидан ҳар йили тасдиқланади, бу ҳақдаги ахборот идоранинг расмий веб-сайтида эълон қилинади. У квоталанадиган ОБМ импорти устидан назорат қилиш учун 20 апрелгача ДБҚга тақдим этилади.
– Бошқа кимёвий моддаларни ишлаб чиқаришда хом ашё сифатида фойдаланиладиган моддалар квоталанадими?
– Йўқ, квоталанмайди. Шунингдек ВМнинг 17-сон қарорига 1-иловага мувофиқ рухсатномалар бериладиган, импорт қилинадиган рециркуляцияланган, тикланган ОБМ квоталанмайди.
Дарвоқе, 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида гидрохлорфторуглеродлар (ГХФУ) импортига умумий квота 6,8 тоннани ташкил этади. 2030 йилда эса ГХФУни импорт қилиш тўлиқ тақиқланади.
– ОБМни импорт ва экспорт қилишда рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби қандай? Қандай ҳужжатлар тақдим этилиши лозим?
– У Озонни бузувчи моддаларни ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига импорт қилишга ва Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилишга рухсат бериш тартиб-тамойилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 17-сон қарорига 3-илова) билан белгиланган.
Жорий йил 1 июлдан бошлаб давлат хизматлари кўрсатувчи Ягона марказларга ёки ИДХЯП орқали ҳужжатларни тақдим этиб, рухсатнома олиш мумкин бўлади.
Аризачи рухсатнома олиш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
Низомга 4-иловага (озонни бузувчи моддалар учун) ва 5-иловага (таркибида ОБМ бўлган маҳсулотлар учун) мувофиқ рухсатнома бериш ҳақидаги ариза;
ОБМ ва таркибида улар бўлган маҳсулотларнинг импорти ёки экспорти учун битим (шартномалар, инвойслар ва ҳ.к.);
ОБМнинг утилизацияси ёки тикланишини амалга оширган ихтисослаштирилган ташкилотнинг етказиб берилган ҳажмлар кўрсатилган ҳолдаги маълумотномаси (аввал ишлатилган ва тикланган ОБМ импорт қилинганда тақдим этилади);
аризани кўриб чиқиш учун йиғим тўланганлиги ҳақидаги банк ҳужжати;
импорт қилинаётган ОБМнинг таркиби, шунингдек, Давлат экология қўмитасининг талабига кўра, экспортни амалга ошираётган мамлакат томонидан берилган лицензиядан нусха.
Аризани кўриб чиқиш муддати ҳужжатлар берилган санадан бошлаб 7 иш кунидан ошмаслиги керак. Зарурат бўлганда у 20 иш кунигача узайтирилиши мумкин.
Рухсатноманинг амал қилиш муддати 1 йилдан ошмайди. Бироқ у ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугагунча берилган аризага кўра узайтирилиши мумкин.
Бизнинг маълумот
Ўзбекистон Республикасига импорт ва Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилиш рухсатномалар бўйича амалга ошириладиган озонни бузувчи моддалар турлари рўйхати ВМнинг 17-сон қарорига 1-иловада белгиланган.
ВМнинг 17-сон қарорига 2-иловада Таркибида озонни бузувчи моддалар бўлган, Ўзбекистон Республикасига импорт ва Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилиш рухсатномалар бўйича амалга ошириладиган маҳсулотлар турлари рўйхати келтирилган.
– Қандай турдаги маҳсулотлар импорти ва экспортида рухсат берувчи ҳужжатнинг расмийлаштирилиши талаб этилмайди?
– ТИФ ТНнинг турли кодлари бўйича 27 турдаги маҳсулот, айнан аэрозоль маҳсулотлари, изоляцияловчи шчитлар, панеллар ва қувурлар қопламалари импорти (экспорти) рухсат берувчи ҳужжатлар расмийлаштирилишини талаб этмайди.
Аэрозоль маҳсулотларидан: сувда эрувчи пигментлардан тайёрланган бўёқлар ва локлар (3208 10, 3208 20, 3208 90, 3209, 3210 00, 3212 90); парфюмерия, косметика ва пардоз-андоз буюмлари (3303 00, 3305 30 000 0, 3305 90, 3307 (3307 30 000 0 ва 3307 41 000 дан ташқари).
Шунингдек юзага фаол таъсир кўрсатувчи моддалар (3402 20, 3402 90); мойловчи моддалар (3403 11 000 0, 3403 19, 3403 91 000 0, 3403 99); маиший моддалар (3405, 3405 90 101 0 дан ташқари); инсектицидлар, родентицидлар, фунгицидлар, гербицидлар ва галогенланган бирикмалар асосидаги бошқа моддалар (3808 91 200 0, 3808 91 900 0, 3808 92 800 0, 3808 93 270 0, 3808 94 200 0, 3808 99); бўяшни тезлаштириш ёки бўёқларни фиксациялаш учун воситалар (3809); органик эритгичлар (3814 00); бирламчи шакллардаги силиконлар (3910 00 000) ҳамда изоляцияловчи шчитлар, панеллар ва қувурлар қопламалари (3921).
– Қандай турдаги товарларни импорт ва экспорт қилиш чоғида рухсатнома талаб этилади?
– ВМнинг 17-сон қарорига мувофиқ озиқ-овқат товарлари ва ичимликларни сотиш учун совутиш жиҳозлари ўрнатилган савдо автоматлари, шунингдек ТИФ ТН 38-гуруҳидаги бошқа кимёвий маҳсулотлар аралашмаларига рухсатнома талаб этилади.
Эслатиб ўтаман, ЎзРда ГХФУдан фойдаланувчи асбоб-ускуналар ёки тўлдирилмаган, ГФХУда ишлашга мўлжалланмаган асбоб-ускуналарни импорт қилиш 2018 йил 10 апрелдан бошлаб тақиқланди.
Ташувчилар эътиборига – ОБМни мамлакатимиз орқали транзит ташишда рухсатнома олиш талаб этилмайди.
– Жисмоний шахслар ўз эҳтиёжлари учун олиб ўтадиган, таркибида ОБМ бўлган маҳсулотларга рухсат берувчи ҳужжатлар талаб этиладими?
– Йўқ, талаб этилмайди. Агар у жисмоний шахс томонидан ҳақиқатан ўз эҳтиёжлари учун, яъни тижорат мақсадлари учун эмас, тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланмаган бўлса.
Бизнинг маълумот
Озон қатламини бузувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи 1987 йил сентябрда имзоланган ва 1989 йил 1 январда кучга киритилган табиатни муҳофаза қилишга доир халқаро битим ҳисобланади. Протокол атроф муҳит ва инсон учун катта хавф туғдирувчи, инсон фаолияти давомида хлор ва бром чиқарилиши оқибатида стратосферадаги озон қатлами бузилишидан далолат берувчи шак-шубҳасиз илмий далилларга жавобан ишлаб чиқилган. Унинг асосий вазифаси ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда, шунингдек иқтисодиёти ўтиш босқичида бўлган мамлакатларда, шу жумладан турли манфаатдор томонларга молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш орқали ОБМ чиқарилишини тўхтатиб қўйиш ва истеъмолдан чиқариш жадвалларини тузиш воситасида уларни камайтириш ва бартараф этишдан иборат. Монреаль протоколи Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси – 1985 йилда стратосферадаги озон қатламини ҳимоя қилиш бўйича глобал акция учун регламентловчи базани шакллантириш мақсадида ишлаб чиқилган халқаро битим воситасида бажарилади.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.