Ишлаб чиқариш корхонаси (ҚҚС тўловчи) хоналарнинг бир қисмини ижарага беради ва электр энергияси харажатларини тўлаш учун ҳисобварақ-фактурани ижарага олувчига тақдим этади.
Мисол: электр энергияси таъминотчисидан ҚҚС ҳисобга олинган 1 200 000 сўмлик (1 000 000 + 200 000 ) суммадаги ҳисобварақ-фактура олинди.
ҚҚСни ҳисобга олган ҳолда 240 000 сўмлик (200 000 + 40 000) электр энергияси харажатларини тўлаш учун ҳисобварақ-фактура ижарага олувчига тақдим этилди.
Кўрсатилган операциялар ҚҚС ҳисоб-китобига 7-илова «Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестри» ва 8-илова «Реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестри»да қандай акс эттирилади?
В.Саидов.
– Ижарага берувчи ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган бутун сумма – 1 200 минг сўмни, шу жумладан чет ташкилот истеъмол қилган электр энергияси учун тўловни электр энергияси таъминотчисига тўлайди. Ушбу харажат Солиқ кодексининг 147-моддаси 6-бандида чегирилмайдиган харажат сифатида белгиланган. У бўйича ҳисобга олинадиган ҚҚС қўлланмайди. Шунингдек Ҳисобварақ-фактураларни тўлдириш тартибида айтилишича, электр энергияси бўйича ҚҚС суммаси ижарага олувчи тўлаган қисмда ижарага берувчида ҳисобга олинмайди (Тартибнинг 49-банди, 3-илова, АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Ижарага олувчи ижарага берувчига коммунал харажатларнинг (электр энергиясининг) ўзига тегишли қисмини тўлайди, агар у ҚҚС тўловчиси бўлса, коммунал хизматлар бўйича ҚҚС суммаси унда ҳам ҳисобга олинади.
ҚҚС ҳисоб-китобига 7-илова «Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестри»ни қуйидагича тўлдиришни тавсия этишимиз мумкин:
1 000 000 сўм – 6-устунда;
200 000 сўм – 7-устунда;
200 000 сўм – 14-устунда;
40 000 сўм – 15-устунда.
Якунда 160 000 сўм миқдоридаги ҚҚС ҳисобга олинади.
ҚҚС ҳисоб-китобига 8-илова «Реализация қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар реестри»да фақат ижара тўловлари суммалари акс эттирилади. Бу иловада Қопланадиган коммунал хизматлар (электр энергияси) суммалари акс эттирилмайди, сабаби ижарага берувчи уларнинг етказиб берувчиси ҳисобланмайди.
Замира ЖЎРАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.