ЯСТ бўйича солиқ ҳисоботида фоизсиз қарзлар бўйича ҳисобланган даромад суммаси ЯСТ ҳисоб-китобига 2-«Бошқа даромадлар» иловасининг 050-сатрида акс эттирилади. Қарз олувчининг фоизсиз қарздан фойдаланганлик учун даромад суммаси бухгалтерия ҳисобида ҳисобланмайди ва акс эттирилмайди. Шу сабабли ЯСТ ҳисоб-китобининг 030-сатридаги солиқ ҳисоботида ва 2-иловада фарқ юзага келади.
Қарз олувчи юридик шахс фоизсиз қарз шартномасига асосан текин олинган мулкий ҳуқуқлар тарзидаги даромадни 2-иловада акс эттириши зарурми?
У.Пудова.
– Солиқ солиш мақсадида фоизсиз қарз шартномаси бўйича текин олинган мулкий ҳуқуқлар тарзидаги даромад Солиқ кодексининг 135-моддасига мувофиқ ҳисобланади. Бухгалтерия ҳисобида ва ЯСТ ҳисоб-китобига (АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 2-«Бошқа даромадлар» иловасида ушбу сумма акс эттирилмайди.
Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда (2-сон шакл) қуйидагилардан олинган бошқа даромадлар акс эттирилади:
● асосий фаолиятдан (090-сатр) – 9300-счётда ҳисоб юритилади;
● молиявий фаолиятдан (160-сатр) – 9510, 9560, 9590-счётларда ҳисоб юритилади (АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган Қоидаларнинг 105, 112-бандлари).
Шу тариқа, фоизсиз қарз шартномасига асосан текин олинган мулкий ҳуқуқлар тарзидаги даромадга эга бўлсангиз, ЯСТ ҳисоб-китобининг 030-сатри ва 2-иловадаги бошқа даромадлар суммалари турлича бўлади.
Ноила МУҚМИНОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.