Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг (ВМнинг 12.01.2018 йилдаги 22-сон қарорига 1-илова) янги таҳрири етказиб берувчилар билан истеъмолчилар ўртасидаги кескинликни камайтириш мақсадини кўзлаган. У энергия таъминоти соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилган ўзгартиришларни инобатга олган ҳолда тузилган. Маиший истеъмолчилар белгиланган нормаларни бузувчилар сирасига кириб қолмаслик учун нималарга эътибор беришлари лозим? «Ўзбекэнерго» АЖнинг «Энергосотиш» филиали директори вазифасини вақтинча бажарувчи Ботир Алимов шу ва бошқа саволларга жавоб беради.
Қарз муносабатларга рахна солади
– Ботир Рустамович, Қоидалардаги аксарият ўзгартиришлар нимага йўналтирилган?
– Тўлов интизомини мустаҳкамлаш масалаларига катта эътибор қаратилган, истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларга тааллуқли қатор масалалар тартибга солинган. Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолияти билан боғлиқ бандлар киритилган. Ушбу ўзгартиришлар дебиторлик қарзи қисқаришига олиб келиши керак. Шунда «Ўзбекэнерго» АЖ барча истеъмолчиларни энергия билан узлуксиз ва сифатли таъминлай олади. Зеро модернизация қилиш ва янги қувватларни жорий этиш, ускуналарни лозим даражада сақлаш, энергия тизимидаги ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш учун бизга маблағ керак.
– Қарздорга айланиб қолмаслик учун қандай йўл тутиш кераклиги, истеъмол қилинган электр энергияси ҳақини ўз вақтида тўламаганларни нималар кутиши ҳақида батафсил сўзлаб берсангиз.
– Ўтган ойда истеъмол қилинган электр энергияси ҳақи ҳар ойда, кейинги ойнинг 10-санасига қадар тўланиши шарт. 11-кундан бошлаб тўлов муддатини ўтказган барча истеъмолчилар Бюро томонидан тузиладиган қарздорлар рўйхатига тушади ва уларга нистабан қарзни ундириш чоралари қўлланила бошлайди.
Тўлов муддати ўтган ҳар бир кун учун пеня ҳисобланади. Унинг миқдори боқимонданинг 0,1%ини, бироқ муддати ўтган тўлов суммасининг 50%идан кўп бўлмаган миқдорни ташкил этади. Бунинг устига қарздорлар электр тармоғидан узиб қўйилади. Фақат қарз тўлангандан кейин амалга ошириладиган такроран улаш учун истеъмолчилар, Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (ЭҲНАТ) билан қамраб олинганлар бундан мустасно, энг кам иш ҳақининг (ЭКИҲ) 2 бараварини тўлашлари керак.
Шу билан бирга қарздорларга таъсир ўтказиш чоралари комплекси тўлдирилди. Президентнинг 15.02.2018 йилдаги ПФ-5343-сон Фармони талабларидан келиб чиққан ҳолда янги Қоидаларга ўзгартиришлар киритилди. Энди Бюро қарздорликни қоплаш учун истеъмолчиларнинг пластик карталарига хизмат кўрсатиладиган банк ҳисобварақларидан ЭКИҲнинг 2 бараварини ҳисобдан чиқариш ҳуқуқига эга. Бироқ айрим истеъмолчиларнинг қарзи шу даражага етганки, битта карточкадан ҳар ойда ҳисобдан чиқариш йўли билан ушбу суммани узоқ вақт мобайнида қоплаб бўлмайди. Шу сабабли шу йилнинг 1 мартидан бошлаб бир манзилда прописка қилинган барча вояга етган жисмоний шахсларнинг мавжуд қарздорликни тўлаш бўйича солидар жавобгарлиги жорий этилди. Бюрога бир уй ёки квартирада прописка қилинган барча шахсларнинг пластик карталаридан уни сўзсиз тартибда ҳисобдан чиқариш ҳуқуқи берилди.
1 майдан бошлаб барча қарздорлар умумфойдаланиш учун очиқ бўлган маълумотлар базасига киритилади. Унга киритилган қарздорлар йирик битимларни амалга ошириш, шунингдек айрим турдаги молия-кредит хизматларини; халқаро йўловчи ташиш хизматларини ва давлат хизматларини олиш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар.
Қарздор деган тушунча ўтмишда қолишига интилаётганимизни қайд этиб ўтмоқчиман. Шу сабабли олдиндан тўловни рағбатлантираяпмиз. Бир йил олдиндан тўлаб қўйганлар нархлар ошган тақдирда ушбу давр учун қайта ҳисоб-китоб қилишдан озод қилинадилар. Кўрилаётган чоралар самарадорлиги ЭҲНАТни жорий этиш жараёнини тезлаштиради. Тизим телефон алоқаси операторлари сингари истеъмолчилар билан олдиндан тўлов принципи бўйича ўзаро ҳисоб-китоб қилиш имконини беради.
Не кўз билан кўрайки...
– Ашаддий тўламайдиганларга қарши кураш асоссиз қарздорлик ҳисобланиши муаммоси билан боғлиқ, ундан инсофли истеъмолчилар азият чекадилар. Бу ҳолда қандай йўл тутишни маслаҳат берасиз?
– Асоссиз қарздорлик – вақтинчалик муаммо. Истеъмолчилар билан ўзаро ҳисоб-китоблар ҳисоблагич кўрсаткичлари асосида амалга оширилиши ҳисобга олинса, Бюро маиший истеъмолчиларни ҳар ойда айланиб чиқиб, ҳақиқий кўрсаткичлар ёзиб олинишини таъминлаши, шунингдек ЭҲНАТ жорий этилиши билан у ҳал бўлади. Айни пайтда асоссиз қарз суммалари ҳисобланган барча истеъмолчилар назорат кўрсаткичларини ёзиб олиш ва «Ўзбекэнерго» АЖ биллинг тизимига ўзгартиришларни киритиш учун Бюрога, шунингдек туман электр таъминоти корхонасига (ТЭТК) қарз суммасини қайта ҳисоб-китоб қилиш учун дарҳол мурожаат қилишлари зарур. Сўнгги 3 йил учун электр энергияси ҳақини тўлаганлиги ҳақидаги квитанцияларни ўзи билан олиб келиши лозим.
Нафақат асоссиз қарзлар, балки белгиланган қоидаларга риоя этмаганликлари оқибати ҳам истеъмолчилар учун кутилмаган янгилик бўлиши мумкин.
Электр энергиясини ҳисобга олиш прибори бўлмаган ва (ёки) турар жойда вақтинчалик яшамаётган истеъмолчи Қоидаларнинг 103-бандига мувофиқ электр энергияси учун нотўғри тўлов ҳисобланишининг олдини олиш мақсадида Бюро ва ТЭТКни бу тўғрида ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Бироқ қайтиб келганда ёки Бюро ва ТЭТК томонидан даъво тақдим этилганда эмас, балки чиқиб кетиш ниятида бўлган пайтда олдиндан хабардор қилиш зарур.
Ҳисоблагич ўрнатилган шахслар кўрсаткичларни ёзиб олиш учун Бюро ходимларини уйга қўйишлари зарур. Ҳисобга олиш приборлари кўрсаткичларини назорат тартибида ёзиб олиш бўйича маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ТЭТК электр энергияси истеъмолининг шартномадаги миқдори бўйича ёки олдинги давр учун амалдаги истеъмол ҳажми тўғрисидаги маълумотларга асосан тўлов ёзиш ҳуқуқига эга бўлади. Шартномадаги миқдор шартномага махсус иловада келтирилади. Бундай ҳисобланмалар далили ҳақида истеъмолчига огоҳлантириш юборилади. Бунда Бюро ходимлари томонидан ҳисобга олиш приборларидан назорат кўрсаткичлари ёзиб олингандан кейин ТЭТК амалда истеъмол қилинган электр энергиясини ҳисобга олиб, тўлов суммасини қайта ҳисоб-китоб қилади.
Кўчмас мулк сотиб олаётганда ҳам эътиборли бўлиш зарур. Турар жой ёки нотурар жой фонди биносига кўчиб кирган янги мулкдор 30 кун мобайнида электр таъминоти шартномасини тузиши ва ўз номига шахсий ҳисобрақамни қайта расмийлаштириши шарт. Шахсий ҳисобрақамни бошқа истеъмолчига ТЭТК янги мулкдорнинг кадастр ҳужжатлари маълумотларига мувофиқ қайта расмийлаштиради. Ушбу маълумотларни у кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин 3 кун муддатда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларидан олади. Кўрсатилган муддатда шартнома тузилмаган ва шахсий ҳисобрақам қайта расмийлаштирилмаган бўлса, аниқланган қарздорлик учун барча жавобгарлик кўчмас мулкнинг янги мулкдори зиммасига юкланади.
Кейинги пайтда яна бир масала долзарб тус олди. Агар хонадон, хусусий уй-жой, боғ участкаси ва бошқа шахсий объектлардан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун фойдаланилса, электр энергияси учун қандай ҳақ тўланади? Бу ҳолда 2 та ҳисоблагич ўрнатилган бўлиши керак: бири маиший мақсадларда фойдаланиладиган электр энергияси ҳисобини юритиш учун, бошқаси эса – тадбиркорлик фаолияти учун. Бунда электр энергияси истеъмолчиларининг тегишли тариф гуруҳига мувофиқ ҳисоб-китоб қилинади. Қоидалар амалга киритилиши билан бундай гуруҳлар сони 10 тадан 4 тагача қисқартирилди. Сизнинг тадбиркорлик субъектингиз қайси гуруҳга мансублигини ҲТЭК ходимлари электр таъминоти шартномасини тузиш чоғида белгилайдилар.
Бинони ижарага берувчилар ижара шартномасининг амал қилиш муддати тугаганда ёки бекор қилинганда мижоздан ТЭТКнинг у кўчиб кетиш кунигача электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилганлиги ҳақидаги маълумотномани талаб қилишлари шартлигига эътиборларини қаратмоқчиман. Қоидаларга кўра кўчиб кетган ижарачиларнинг қарзлари бўйича жавобгарлик ижарага берувчи зиммасида бўлади. Бу хонадонларни ижарага берувчиларга ҳам тааллуқли.
– Тўлов ҳужжатларини ёзишда арифметик хатоликлар, тарифни нотўғри қўллаш туфайли кам ва ортиқча тўловлар юзага келади. Бундай ҳолларда нима қилиш лозим?
– Бундай вазиятларда туман электр таъминоти корхонасига иложи борича тезроқ мурожаат қилиш зарур. ТЭТК фарқни тегишли тариф бўйича кВт соатларда қайта ҳисоблаб чиқади ва даъво муддати доирасида уни ортиб борувчи якун билан кўрсаткичлардаги тафовут ёки қўшимчалар билан биргаликда ҳисобга олади.
Қоидаларда белгиланишича, ой давомида тариф ошганда, тариф ўзгарган санагача истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми олдинги тўлов вақтидан бошлаб ўртача суткалик истеъмол бўйича аниқланади ва унга эски тариф бўйича ҳақ тўланади. Ҳисобга олиш приборларининг кўрсаткичлари тўлов кунида ёзиб олинган деб ҳисобланади. Тарифлар ўзгаргандан кейин истеъмол қилинган электр энергияси миқдори учун янги тариф бўйича ҳақ тўланади.
Барибир тўлашга тўғри келади
– Ўзбошимчалик билан уланиб олганлик ёки кўрсаткичларни бузиб кўрсатганлик далили аниқланганда ўзаро ҳисоб-китоблар қандай амалга оширилади?
– Бундай ҳолатларни Бюронинг ваколатли вакили аниқлайди ва 2 нусхада далолатнома расмийлаштиради, уни мазкур ходим ва истеъмолчи имзолайди. Бир нусхаси истеъмолчига берилади. Бюро далолатномаси ёки унинг тақдимномаси асосида ТЭТК истеъмолчини электр тармоғидан узиб қўяди ва қайта ҳисоб-китоб қилади.
Ўзбошимчалик билан уланиб олганда ўзаро ҳисоб-китоблар Қоидаларнинг 118-бандига асосан амалга оширилади. Истеъмолчидан рухсатсиз истеъмол қилинган электр энергиясининг қиймати истеъмолчи расмий равишда давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб ўтган вақт мобайнида (тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлганда) ёки даъво муддати (3 йил) учун электр ускуналарнинг уланган қувват бўйича суткасига 24 соат давомида ишлаши ҳисобидан ундирилади.
Истеъмолчининг (маиший истеъмолчидан ташқари) айби билан ҳисобга олиш приборига зарар етказилган, уни улаш схемаси ўзгартирилган, ҳисобга олиш приборидан ташқари электр қабул қилгичлар уланган ёки электр энергияси бошқа усулда ўғирланган бўлса, ҳисобга олинмаган электр энергияси энергия таъминоти шартномасида кўрсатилган истеъмолчининг иш соатлари сони ҳисобга олинган ҳолда электр қабул қилгичларнинг уланган қуввати бўйича:
► ҳисобга олиш приборини улаш схемалари ўзгартирилганда ва электр қабул қилгичлар кўз билан аниқлаб бўлмайдиган яширин йўл билан (яширин электр симлари, переключателлар монтаж қилиниши ва шу кабилар) уланганда – ҳисобга олиш приборлари охирги алмаштирилган ёки уланиш схемалари текширилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатда;
► ҳисобга олиш приборига истеъмолчининг айби билан зарар етказилганда (пломбаси бузилишига йўл қўйилган, ойнаси синган ва шу каби ҳолатлар) ёки электр энергияси айланиб чиқишда кўз билан аниқлаш мумкин бўлган бошқа усулда ўғирланган тақдирда – охирги марта айланиб чиқилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан, яъни 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатда ҳисобланади (Қоидаларнинг 117-банди).
Қоида бузилган ҳолда фойдаланилган электр энергияси ҳажми қийматини ҳисоб-китоб қилишда қоида бузиш аниқланишидан олдинги давр учун амалдаги тўловлар ҳисобга олинган ҳолда, қайта ҳисоб-китоб амалга оширилаётган вақтдаги тариф қўлланилади. Қайта ҳисоб-китобни ТЭТК Қоидаларнинг 121-бандига мувофиқ амалга оширади:
► ёритиш электр қабул қилгичларнинг қуввати бўйича – улардан сутканинг ёруғ бўлмаган вақтида амалда фойдаланиш ҳисобидан келиб чиқиб;
► штепсель розеткалари бўйича (маиший истеъмолчида мавжуд сонидан қатъи назар) – бир суткада 24 соат 600 Вт қувватдан фойдаланиш ҳисобидан;
► электр қабул қилгичларнинг (маиший истеъмолчи фойдаланаётган 600 Вт дан ортиқ қувватли электр иситиш асбоблари ёки бошқа электр асбоб-ускуналари) амалдаги қуввати бўйича – бир суткада 24 соат фойдаланиш ҳисобидан келиб чиқиб.
Ҳисобга олинмаган электр энергиясининг қайта ҳисоб-китоби белгиланган тартибда, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга, қоида бузиш аниқланишидан олдинги давр учун амалда тўланган миқдор ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.
Бунинг устига истеъмолчи Қоидаларни бузганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беришига тўғри келади.
– Ҳисоблагич ишдан чиққан, бунда истеъмолчининг айби бўлмаса-чи? Бу ҳолда ТЭТК билан муносабатлар қандай бўлади?
– Агар ҳисоблагич ишида носозликни сезсангиз, Бюро ходимларининг навбатдаги ташрифини кутиб ўтирманг. Бюро ва ТЭТКга ўзингиз дарҳол мурожаат қилинг. Қоидаларнинг 119-бандига мувофиқ, ҳисоб-китоб Бюрони хабардор қилган ҳолда ТЭТКнинг қарори бўйича олдинги ҳисоб-китоб давридаги (ҳисобга олиш бузилишига қадар) ёки кейинги даврдаги (ҳисобга олиш тиклангандан) ўртача суткалик сарф бўйича амалга оширилади.
Ҳисоблагични кўздан кечириш ёки тўлов ҳужжатидаги хатолик тўғрисида мурожаат қилиш истеъмолчини белгиланган муддатда истеъмол қилинган энергия учун ҳақ тўлаш мажбуриятидан озод қилмайди. Квитанциялар текширилгандан ёки ҳисобга олиш прибори кўздан кечирилгандан кейин қайта ҳисоб-китоб қилиш зарурлиги аниқланса, у навбатдаги тўлов ҳужжатини ёзиб бераётганда амалга оширилади.
Қандай ҳисоблагичлар алмаштирилади
– ЭҲНАТни жорий этиш 2021 йилга келиб якунланиши режалаштирилмоқда. Айни пайтда оз сонли истеъмолчилар пилот лойиҳалар билан қамраб олинган. Яъни яқин йилларда уларнинг аксарияти ҳисоблагичларни алмаштириш тартиботи билан тўқнаш келадилар. Нималарга тайёр бўлиш лозим?
– Қоидаларнинг 44-бандида айтилганидек, электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш мақсадида барча истеъмолчилар мажбурий тартибда ЭҲНАТга мос келадиган электрон ҳисобга олиш приборлари билан таъминланган бўлишлари керак. Яъни маънан ва жисмонан эскирган ҳисобга олиш приборларидан фойдаланувчи истеъмолчиларга алмаштириб берилади.
Замонавий ҳисобга олиш приборларини сотиб олиш, уларни ўрнатишга барча харажатлар «Ўзбекэнерго» АЖнинг жалб этилган ва ўз маблағлари ҳисобига молиялаштирилади. ЭҲНАТни жорий этиш доирасида ўрнатилган приборлар кейинчалик ҳам ТЭТК маблағлари ҳисобига даврий қиёсловдан ўтказилади.
Приборнинг нормал иши истеъмолчининг айби билан бузилганлиги аниқланса, у ҳисоблагичдан фойдаланиш билан боғлиқ харажатларни зиммасига олади. Ушбу нормалар ҳам Қоидаларда белгиланган.
– Ҳозир кўп истеъмолчиларда ЭҲНАТга мос келадиган ҳисоблагичлар ўрнатилган, бироқ улар ҳали тизимга уланмаган. Уларнинг ҳисобга олиш приборлари ҳам алмаштириладими?
– Бундай истеъмолчилар ЭҲНАТга уланади. Бироқ дастлаб ҳисоблагичлар белгиланган талабларга мувофиқлиги текширилади ва зарурат туғилганда режадан ташқари қиёсловдан ўтказилади.
Ушбу ҳисоблагичлар ЭҲНАТга улангандан кейин улар лойиҳа доирасида ўрнатилган янги ҳисоблагичлар сингари қиёсловдан ўтказилади, яъни буни энергетиклар «Ўзбекэнерго» АЖ маблағлари ҳисобига амалга оширадилар.
– Қоидаларда назорат ҳисобга олиш асбобларидан фойдаланишга йўл қўйилади, бунда уларга муайян техник талаблар ва қиёслов муддатлари белгиланмаган. Нима учун?
– Сабаби ушбу асбобларнинг кўрсаткичлари ТЭТК билан истеъмолчи ўртасидаги ҳисоб-китобларда эътиборга олинмайди. Улардан асосан катта корхоналарнинг алоҳида цехлари, кўп энергия сарфлайдиган ускуналари электр энергиясини ишлатишини назорат қилиш учун фойдаланилади. Аҳолида бундай ҳисобга олиш асбоблари асосан дала ҳовли участкалари эгалари электр энергиясини истеъмол қилишини ҳисобга олиш учун боғдорчилик ширкатларида учрайди. Бундай ҳолларда электр энергиясини етказиб бериш шартномаси ТЭТК билан ширкат ўртасида тузилади, ўзаро ҳисоб-китоблар эса ҳисобга олувчи ягона ҳисоб-китоб прибори бўйича амалга оширилади.
Назорат ҳисобга олиш асбобини маиший эҳтиёжларга ва ишлаб чиқариш мақсадлари учун электр энергияси истеъмолини алоҳида ҳисобга олувчи ҳисоблагичлар билан адаштириш керак эмас. Бундай ҳисоблагичлар ТЭТКда рўйхатдан ўтказилади, ўзаро ҳисоб-китоб қилишда уларнинг кўрсаткичларидан фойдаланилади.
Қаерга ўрнатилади
– Ҳисоблагич ўрнатиладиган жойни танлашда истеъмолчи ва электр тармоқлари корхонаси вакилларининг хоҳишлари фарқланади. Қоидаларга кўра масала қандай ҳал этилиши керак?
– Қоидаларда белгиланишича, кўп хонадонли турар жойларда ҳисобга олиш приборлари ҳар бир хонадонга лойиҳада назарда тутилган махсус ажратилган жойларда, асосан зинапоя майдончаларида ўрнатилиши шарт. Хусусий турар жойларда ҳисоблагични ўрнатиш жойи янги Қоидаларда белгиланмаган. Бироқ бу приборни хоҳлаган жойда ўрнатиш мумкинлигини англатмайди. Электр билан таъминлаш лойиҳаларини ишлаб чиқишда мутахассислар Истеъмолчиларнинг электр қурилмалардан техник фойдаланиш қоидалари ва Электр қурилмаларни жойлаштириш қоидалари талабларидан келиб чиқадилар. Уларга сўзсиз риоя этиш – хавфсизлигингиз омили.
Қоидаларга кўра ҳисобга олиш приборлари фақат Бюро ва ТЭТК билан келишувга биноан бошқа жойга ўрнатилади. Бироқ амалиётда Қоидаларни бузиш ҳоллари кўп учрайди. ЭҲНАТнинг жорий этилиши бу масала ҳам тартибга солинишига имкон беради.
ЭҲНАТга мос келадиган замонавий ҳисоблагичлар ёппасига ўрнатилиши муносабати билан яқин орада кўп хонадонли уйларда ва хусусий турар жой секторида ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш механизмини тартибга солувчи янги ҳужжат чиқиши кутилмоқда. У ЭҲНАТдан фойдаланиш бўйича техник талаблар ва Қоидаларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилмоқда.
– Ҳужжатни ишлаб чиқишда истеъмолчиларнинг манфаатлари ва хоҳишлари инобатга олинадими?
– Истеъмолчилар ҳисоблагичлар кўп ўғирланганлиги сабабли уни хонадонларида ўрнатишга ҳаракат қилган пайтларни эслаб хавотирга тушмоқдалар. Бироқ ташвишланишга ўрин йўқ, айни пайтда ҳар бир ҳисобга олиш прибори «Ўзбекэнерго» АЖ биллинг тизимида муайян шахсий ҳисобрақамга боғланган, уни бошқа жойга ўрнатиб бўлмайди.
Шунингдек Қоидаларда белгиланганидек, Бюро ходимининг ҳисобга олиш приборини соат 8.00 дан 20.00 гача ҳеч қандай қаршиликларсиз кўришини таъминлаш истеъмолчининг манфаатидадир. Бюро ва (ёки) ТЭТКнинг ваколатли вакили ҳисобга олиш приборларини кўздан кечириш учун қўйилмаганда далолатнома расмийлаштирилади, истеъмолчи у билан танишиб чиқиши шарт. У далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, унга бу ҳақда тегишли ёзув қайд этилади. Рад этиш икки гувоҳ ёхуд фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили томонидан тасдиқланиши шарт. Далолатномани имзолашни рад этган истеъмолчи бунинг сабабини тушунтиришга ҳақли – бу далолатномага киритилиши лозим. Далолатномани имзолашни рад этиши уни электр тармоқларидан узиб қўйишга асос бўлади, бу ҳақда у хабардор этилиши лозим.
Қиёсловдан ўтказиш ҳақида батафсил
– Президентнинг «Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (13.11.2017 йилдаги ПҚ-3384-сон) билан қиёсловдан ўтказиш оралиғи 10 йил этиб белгиланган. Қоидалар билан бирга тасдиқланган намунавий шартномага биноан эса бу муддат 4 йилни ташкил этади. Қандай йўл тутиш керак?
– Ўзингиз айтганингиздек, ЭҲНАТ жорий этилиши доирасида ўрнатилган ҳисоблагичлар 10 йилда бир марта қиёсловдан ўтказилади, ЭҲНАТни жорий этиш якунланиши мўлжалланаётган муддат – 2021 йил. Бироқ Қоидалар эски намунадаги, шу жумладан электрон ҳисобга олиш приборларидан фойдаланувчи истеъмолчилар билан шартномалар тузиш заруратини инобатга олган ҳолда тасдиқланган. Улар учун «Ўзстандарт» агентлиги белгилаган қиёсловдан ўтказиш оралиғи уларнинг техник хусусиятларини инобатга олган ҳолда 4 йилга тенг. Бунда техник база мавжуд эмаслиги сабабли индукцион ҳисоблагичлар даврий қиёсловдан ўтказилмаяпти.
– ТЭТК ҳисоблагични қиёсловдан ўтказишни ўз вақтида ташкил этмаган бўлса, фойдаланилган электр энергияси учун ўзаро ҳисоб-китоб қандай амалга оширилади?
– Бундай ҳолларда Қоидаларнинг 56-бандига кўра истеъмолчи қиёсловдан ўтказиш муддати ўтган ҳисобга олиш приборининг кўрсаткичларига кўра электр энергияси ҳақини тўлаш ҳуқуқига эга. Бунда электр таъминоти корхонаси маиший истеъмолчи қиёсловдан ўтказиш муддати ўтган ҳисоблагич орқали уни ҳисобга олган даврда фойдаланган электр энергияси учун ҳақни қайта ҳисоб-китоб қилиш ҳуқуқига эга эмас.
Истеъмолчи ўз ҳисобга олиш приборини «Ўзстандарт» агентлигида мустақил қиёсловдан ўтказиши ҳам мумкин. Бу ҳолда ТЭТК маиший истеъмолчининг ёзма мурожаатига кўра ҳисоблагични бепул ечади, қиёсловдан ўтказилган, пломбаланган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ҳисоблагични ўрнатади.
Бироқ бу истеъмолчи электр таъминоти корхонасининг келгуси қиёслов хизмати учун тўловни амалга ошириш зарурлиги тўғрисида хабарномасини эътиборсиз қолдириши ёки ТЭТКнинг ваколатли вакилига ўзининг ҳисобга олиш приборига тегишли ишларни амалга ошириш учун йўл қўймаслиги мумкинлигини англатмайди. Бунда ҳисоблагични қиёсловдан ўтказиш муддати ўтгандан сўнг истеъмолчи амалда ёритиш электр энергияси қабул қилгичларининг қувватидан сутканинг ёруғ бўлмаган вақтида фойдаланиш ҳисобидан келиб чиқиб электр энергияси ҳақини тўлайди. Штепсель розеткалари мавжуд бўлганда эса (уларнинг сонидан қатъи назар) – бир суткада 24 соат 600 Вт қувватдан фойдаланиш ҳисобидан. 600 Вт дан ортиқ қувватли иситиш асбоблари ва (ёки) совутиш режимидаги кондиционерлардан фойдаланганда маиший истеъмолчи электр энергияси учун тўловни уларнинг амалдаги қуввати бўйича суткасига 24 соат, иситиш мавсумида – электр иситиш асбоблари ишлаши ва ёзги мавсумда – совутиш режимидаги кондиционерлар ишлаши ҳисобидан амалга оширади.
Шартномаларни қайта тузиш
– Яқин орада истеъмолчилар билан шартномалар қайта тузилади. Нималарга эътибор қаратиш лозим?
– Бу жараён тўлақонли олиб борилмоқда. Биринчи навбатда юридик шахслар билан шартномалар қайта тузилади. Улар билан ўзаро ҳисоб-китоблар 100 фоизлик олдиндан тўлов шартида амалга оширилади. Шундан сўнг маиший истеъмолчилар билан иш олиб борилади. Ҳужжатни имзолашда истеъмолчилар унинг мазмуни билан албатта танишиб чиқишлари шарт. Ҳужжатда тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган, уларни бажариш келгусида кўплаб низоли жиҳатларга йўл қўймаслик имконини беради.
Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига кирмайдиган кўп хонадонли турар жойлар вакиллари билан шартномалар тузиш масаласи узоқ вақт тартибга солинмади. Қоидаларнинг янги таҳририда белгиланишича, кўп хонадонли уй-жойларни бевосита бошқарганда умумий йиғилиш билан вакил қилинган уй-жойларнинг эгалари уйнинг умумий эҳтиёжларига сарфланадиган электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш мақсадида ТЭТК билан электр таъминоти шартномаси тузиш ҳуқуқига эга. Бунда умумий йиғилиш билан вакил қилинган бир ёки бир неча уй-жой мулкдори ТЭТК билан муносабатларда мулкдорлар номидан ҳаракат қилишга ҳақлидир. Бинобарин, истеъмолчиларнинг ушбу тоифаси билан ҳам шартномалар тузилади.
Олег Гаевой.