Ташкилотимиз дастурий таъминот ишлаб чиқаради. Савдо ташкилотлари – асосий мижозларимиз. Кўпинча улар дастурий таъминотни ускуналар (тарози, моноблоклар, чек босиш учун принтерлар ва ҳ.к.) билан бирга сотиб олиш истагини билдирадилар.
Мижозга ускуналарни сотишга ҳақлимизми?
Бу улгуржи савдо деб ҳисобланадими?
А.Уфимцева, директор.
– Ҳа, мижозга ускуна сотишга ҳақлисиз.
Харидорлар (юридик шахслар) билан олди-сотди шартномалари тузилса, ҳисоб-китоблар эса нақд пулсиз шаклда амалга оширилса, бу улгуржи савдо деб ҳисобланади (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2, 10-бандлари).
Қонун ҳужжатларига мувофиқ талаб қилинадиган ҳужжатларни расмийлаштирмасдан савдо фаолиятини амалга оширишга фаолиятни лицензиясиз амалга ошириш сифатида қаралади. Бунинг учун жавобгарлик чоралари назарда тутилган (Низомнинг 45-банди).
Муайян ахборот ташувчидаги дастурий таъминотни реализация қилиш улгуржи савдо деб ҳисобланмайди. Бу ҳолда корхона ташувчисиз сотиб бўлмайдиган ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни сотмоқда.
Саодат Усмонова, «Norma» МЧЖ эксперти.