Ўзбекистон бухгалтерлар федерацияси – 17 ёшда
Бир йирик компания раҳбарининг бухгалтерлар – корхона ходимларининг энг яхши интеллектуал намояндалари деган сўзларини қандай қабул қилардингиз?
Қачонлардир бу гапга шубҳа билан қараган бўлардим, бугун эса тўлиқ қўшиламан. Унинг ўзи ишини шу касбдан бошлаган, шу сабабли исталган корхонани олиб, ходимларининг билимларини текшириб кўрсангиз, улар орасида бухгалтерия анча ўзиб кетишига ишончи комил. Чунки бухгалтерлар катта ҳажмли маълумотлар билан ишлайдилар. Бунда хато қилишга ҳақлари йўқ, уларнинг хатоликлари салмоқли жарималар солиниши ва бошқа молиявий йўқотишларга олиб келиши мумкин. Бунинг устига, қонун ҳужжатларига мунтазам ўзгартиришлар киритилмоқда, бухгалтерия дастурлари узлуксиз такомиллаштирилмоқда – шу сабабли бухгалтерларнинг доим ва кўп ўқиб-ўрганишларига тўғри келади.
Бу бухгалтер ақлини чархлашида ёрдам беради, – деб ҳисоблайди яқинда бухгалтерларни сертификатлаш миллий дастури бўйича «Сертификатланган амалиётчи бухгалтер» Ўзбекистон бухгалтерлар федерацияси сертификати соҳибасига айланган «Polifleks» компанияси бош бухгалтери Регина Амирова. У янги профессионал даражага муваффақият билан эришишида ёрдам берган «Sultanova Ta’lim» ўқув марказининг ихтисослаштирилган курсларидаги машғулотлардан олган таассуротлари билан ўртоқлашди.
– Касбда ўз ўрнини топган кишига қўшимча таълим олиш қанчалик зарур?
– Четдан қарагандагина бухгалтерлар кун сайин, йил сайин балансни ҳисоблаш, дебет-кредитни тўғрилаш билан машғулдек кўринади. Ўтган асрда белгиланган бухгалтерия ҳисоби нормалари асосида ишлаётгандек туюлади. Дарҳақиқат, ушбу норма ва қоидалар тубдан ўзгармайди. Бироқ сўнгги йилларда қонунчилик, аввало солиқ қонунчилигига катта ўзгартиришлар киритилди. Янгиликларни диққат билан кузатиш лозим, чунки бухгалтерларнинг иш самарадорлиги кўп жиҳатдан шунга боғлиқ. Биз, бухгалтерлар, ҳатто истамасак ҳам, мунтазам ўқиб-ўрганиш, малака ошириш: махсус нашрларни ўқиш, тренингларга бориш ва семинарларда қатнашишга мажбурмиз. Уларсиз бухгалтерия соҳасидаги барча янгиликлардан бохабар бўлишнинг имкони йўқ.
Буни ўз тажрибамдан биламан. Аграр университетда иқтисодий маълумот олиб, 2010 йилда машҳур «Корзинка»да бухгалтер ёрдамчиси лавозимида иш бошладим, бу ерда бухгалтерия асослари ва кўникмаларига эга бўлдим. 2 йилдан кейин «Polifleks» МЧЖга бухгалтер бўлиб ўтдим, ўшандан буён шу ерда ишлаяпман. 2016 йилдан мазкур компаниянинг бош бухгалтери ҳисобланаман.
– Эҳтимол малакани мунтазам ошириб бориш лозимдир. Бухгалтерларнинг сертификатланишидан ўтиш сизга нима учун керак? Билишимча, ўқиш анча вақт олади, уни оилага ва дам олишга сарфлаш мумкин...
– Тўғри, бухгалтерлар миллий ва халқаро дастурлар бўйича сертификатланиши ихтиёрий тусга эга. Ҳеч ким мени у ёки бу сертификат олишга мажбурламайди. Бироқ уларнинг мавжудлиги ишга жойлашишда муайян афзалликлар беради, улар соҳибининг профессионал даражаси юксаклигидан далолатдир. Шу сабабли эришган даражада қолиш ниятим йўқ, CIPA халқаро дастури бўйича ҳам сертификатланмоқчиман. Оилам буни тушунади, зеро профессионал ютуқларим унинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Айтайлик, ЎБФнинг кўпгина сертификатланган аъзолари таниқли ва йирик компанияларда ишлайдилар. Бу тушунарли – бизнес, иш берувчи юқори даражадаги замонавий билимга ва амалий қобилиятга эга молия мутахассиси компания маблағларини кўпайтиришда ёрдам беришига ишониши лозим. Бугунги кунда бухгалтерлар профессионал бирлашмаси ана шундай ишонч бағишламоқда. У мустақил ва талабчан имтиҳонлар асосида аъзоларини сертификатлайди, мураккаб вазифаларни бажариш қобилиятларини тасдиқлайди, мутахассис профессионал даражасини мунтазам ошириб боришини кафолатлайди. Ўзбекистон бухгалтерлар федерациясига аъзолигимни шахсий ютуғим деб биламан.
– «Sultanova Ta’lim» ўқув марказида таълим олганингизни айтиб ўтдингиз. Ўқув жараёни, ўқитувчилар ҳақидаги таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз. Фикримизча, бухгалтерия соҳасида билим олишни кўзлаётганлар учун бу қизиқарли бўлади.
– Таълим курслари менга ёқди. Айниқса машғулотларнинг ташкил этилгани. Нафақат назария, балки амалий топшириқларни бажаришга урғу бериларди. Институтда дарсликни ўқиб, конспектларни ёдлаб, имтиҳондан муваффақиятли ўтиб олгач, ҳаммасини бамайлихотир унутиб юбориш мумкин. Ўқув марказида бухгалтерларни сертификатлаш дастурлари бўйича ўқитиш ўзлаштирган билимларни ҳеч қачон унутмасликка йўналтирилган. Амалиётда юзага келган масалани профессионал даражада ҳал этишга ўргатади.
Ўқитувчилар ишини алоҳида қайд этиб ўтмоқчиман. «Солиқ солиш» курсини Оксана Огневчук олиб борарди. У бутун материални батафсил ва тушунарли тарзда етказиб, қисқа вақт ичида биз билан бир талай масалаларни ечди, мисоллар ёрдамида тафсилотларни кўрсатди, фикрларини аниқ шаклда баён эта олди. Оксана Вячеславовна – ўз ишини билувчи ва севувчи профессионал, бунинг устига куйинчак, кўнгли очиқ ва зукко одам. Салмоқли ва амалий тажрибага эга.
Ўқув жараёнидан ташқари пайтда ҳам унга савол билан мурожаат қилиш мумкин эди, «ХМҲС бўйича молиявий ҳисоб» фанидан сабоқ берувчи Елена Карали ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Курснинг барча материаллари яхши шакллантирилган, профессионал даражада баён этилган, ҳаммаси тушунарли ва аниқ бўлди. Уларга малакалари ва ҳар бир тингловчига алоҳида ёндашуви учун миннатдорчилик билдирмоқчиман.
Ўз ахборотимиз.
Сертификатлаш: профессионалларнинг фикрлари
Бухгалтер сертификати – бухгалтерия ҳисоби соҳасида фаолият юритиши учун профессионал малакасини тасдиқловчи ҳужжат. Манфаатдор бухгалтерлар миллий ва халқаро бухгалтерларни сертификатлаш дастурлари бўйича ихтиёрий равишда таълим оладилар. Бухгалтерларни сертификатлаш, бошқа ҳар қандай профессионал сертификатлаш сингари, 3 та ажралмас қисм – таълим, малака имтиҳонларини топшириш ва сертификатлашдан таркиб топади.
Таълим
Нозир Иброҳимов,
САР, и.ф.д., профессор, Ўзбекистон сертификатланган профессионал бухгалтери, ЎБФ бошқаруви раиси:
– Ўзбекистон бухгалтерлар федерацияси ташкил этилган илк кунларидан эътиборан, 17 йил давомида бухгалтерларни СIРА халқаро дастури бўйича сертификатланишини, 2015 йилдан эса – Ўзбекистон бухгалтерларини миллий сертификатлаш дастурини илгари сурмоқда.
Таълимга келсак, бу масалада ҳеч қандай қолип йўқ. Сертификатланган бухгалтерларни тайёрлашга доир тасдиқланган дастурлар асосида исталган мақбул формат: мустақил тайёргарлик, курсларда кундузги таълим ва бошқаларни танлаш мумкин.
Имтиҳонларни топшириш учун таълим олиш мажбурий бўлмаса ҳам, фикримча, имтиҳондан муваффақиятли ўтиш учун ўта муҳим. ЎБФ статистикаси гувоҳлик беришича, имтиҳонларни муваффақиятли топширган аксарият номзодлар курсларда таълим олганлар. Бунга кўп жиҳатдан ўқитувчиларнинг ўзлари таҳсил бераётган фанлар бўйича имтиҳонларни муваффақиятли топширганликлари имкон бермоқда.
Дарвоқе, сертификатлаш дастурлари бўйича имтиҳон модуллари таълимдан сўнг имтиҳонлар ўтказилиши назарда тутилган бошқа дастурлар (шу жумладан олий таълим тизими) билан солиштирганда яна бир ноёб хусусиятга эга: унда нафақат билим, балки амалий кўникма ва қобилият ҳам баҳоланади.
Федерация таълим фаолияти юритиш учун тегишли лицензияларга эга ўқув марказлари билан ҳамкорлик қилиш ҳақида битимлар имзолаган. Булар «Sultanova Ta’lim», «Venkon Education» ва «Менталист» ўқув марказларидир. ЎБФ бухгалтерлар сертификатланишдан ўтиши учун тингловчиларни тайёрлашдан манфаатдор бўлган республиканинг бошқа ўқув марказларини ҳамкорликка таклиф этади.
Имтиҳонлар
Гулнора Зуҳриддинова,
САР, Ўзбекистон сертификатланган профессионал бухгалтери, «Deutsche Kabel AG Taschkent» АЖ ҚК бош бухгалтери, ЎБФ бошқаруви аъзоси, «ВМВМ» имтиҳон маркази кузатув кенгаши раиси:
– ЎБФ малака имтиҳонларини ўтказиш учун 2017 йил 1 июнда Бухгалтерлар малакасини баҳолаш маркази – «ВМВМ»ни таъсис этди. Унинг вазифаси – имтиҳон модулларини ишлаб чиқиш, имтиҳонларни маъмурийлаштириш, имтиҳон ишларини баҳолаш, ахборот махфийлигини таъминлаш.
Ўзбекистон бухгалтерлар федерацияси ва Сертификатланган оммавий бухгалтерлар Евросиё институти ҳамкорлиги доирасида ЎБФ CIPA ва CPAEurasia халқаро сертификатлаш дастурлари бўйича сертификат олишда бухгалтерларни миллий сертификатлаш имтиҳонлари натижаларини ҳисобга олиш ҳуқуқини қўлга киритди. Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигида рўйхатдан ўтказиши асосида фақат ЎБФ мамлакатимиз ҳудудида CIPA товар белгисидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Фанлар бўйича имтиҳон модуллари мунтазам такомиллаштирилмоқда. Улар ҳисоб ва ҳисобот стандартларидаги ўзгартиришлар, амалдаги қонунчилик, бизнес ва давлат органлари талабларига мувофиқ келади. Уларни юқори малакали халқаро сертификатланган экспертлар ишлаб чиқадилар. Профессионал имтиҳонлар тестлари сингари муҳим ахборотни ҳимоя қилиш учун имтиҳон бўйича у ёки бу вазифа муаллифларининг исми ошкор қилинмайди. Имтиҳон ишларини баҳоловчи экспертлар гуруҳи таркиби тўғрисидаги маълумотлари ҳам қатъий сир сақланади.
Сертификатлаш
Оксана Огневчук,
CIPA, DipIFR, Ўзбекистон сертификатланган профессионал бухгалтери, ЎБФ сертификатланган ўқитувчиси, «SGS Tashkent» ХК бош бухгалтери, ЎБФ бошқаруви
раисининг ўринбосари, «ВМВМ» имтиҳон маркази кузатув кенгаши аъзоси:
– Имтиҳонлар профессионал сертификатлаш жараёнида белгиловчи таркибий қисм саналади. Бироқ «Ўзбекистон сертификатланган профессионал бухгалтери» профессионал сертификатини ва CIPA халқаро сертификатини олиш учун, зарур имтиҳонларни муваффақиятли топширишдан ташқари, олий маълумотга, ихтисослик бўйича камида 3 йиллик меҳнат стажига, шунингдек профессионал ташкилот аъзоси сифатида ижобий обрўга эга бўлиш лозим.
Сертификатлаш дастури бўйича мустақил имтиҳонлар натижалари асосида, шунингдек номзодлар бошқа талабларга мувофиқ келганда профессионал ташкилотлар ўз аъзоларига сертификатлар берадилар. Шуни қайд этиб ўтаманки, ушбу бухгалтерлар профессионал ташкилотини сертификатлаш ундаги аъзоликни англатади.
ЎБФдаги аъзолик Касб ахлоқи кодексига риоя этиш, кириш ва йиллик аъзолик бадалларини ўз вақтида тўлаш, шунингдек йиллик мажбурий малака оширишдан ўтишни (тасдиқланган дастур бўйича 20 соат) талаб этади.
Федерация ўз қаторида фақат сертификатланган мутахассисларни бирлаштиради. ЎБФнинг «Профессионаллар билан – ривожланиш сари!» шиори бежиз янграмайди. Сертификат соҳиблари халқаро амалиётда қабул қилинганидек, сертификат номига мувофиқ титулни ўз имзосига қўшиш ҳуқуқига эга.