Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 02 / Божхона

Товарнинг келиб чиқишини сертификат билан тасдиқланг

 

Россиядан олиб келинган, бевосита Россияда ишлаб чиқарилган товарларга келиб чиқиш сертификатини тақдим этиш зарурми? Биз РФ билан Эркин савдо зонасини барпо этиш тўғрисида битим имзолаганмиз, демак, товарларга божхона божининг ноль даражали ставкаси қўлланиши керак. Бироқ божхона постида айтишларича, сертификат керак экан, акс ҳолда божни 2 баравар миқдорда тўлашга тўғри келар экан. Бу қанчалик тўғри?

Юкни божхонада расмийлаштириш, кейин, агар бу ҳақиқатан зарур бўлса, сертификат тақдим этиш мумкинми? Божхона билан қандай ҳисоб-китоб қилинади?

Ольга Ш.

 

Сизнинг ҳолатда божхоначилар ҳақли.

Товарнинг муайян мамлакатда ишлаб чиқарилганлиги товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат билан тасдиқланади. Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат товарнинг муайян мамлакатда ишлаб чиқарилганлигини тасдиқлайдиган, экспорт ёки реэкспорт қилувчи мамлакатда белгиланган тартиб ва шаклга мувофиқ ваколатли орган томонидан берилган, шу жумладан, электрон шаклда берилган ҳужжатдир.

Товарларни божхона ҳудудидан олиб чиқишда товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат, агар мазкур сертификат контракт (шартнома, битим) шартларига, товар олиб кириладиган мамлакатнинг миллий қоидаларига кўра зарур бўлса ёки кўрсатилган сертификатнинг мавжудлиги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган бўлса, шунингдек экспорт қилувчининг талабига кўра зарур бўлса, қонун ҳужжатларига мувофиқ сертификат беришга ваколатли бўлган орган томонидан берилади (БКнинг 363-моддаси).

У божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган божхона декларацияси ва бошқа ҳужжатлар билан бир вақтда тақдим этилади.

 

Маълумот учун. Сертификат йўқолган тақдирда уни берган орган томонидан расмий равишда тасдиқланган дубликати қабул қилинади (БКнинг 364-моддаси).

 

Товарни божхона ҳудудига олиб киришда товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат қуйидаги ҳолларда мажбурий тартибда тақдим этилади:

Ўзбекистон Республикаси тариф преференциялари берадиган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга;

 муайян мамлакатдан олиб кирилиши миқдорий чекловлар (квоталар) ёки ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солишнинг бошқа чоралари орқали бошқариб туриладиган товарларга;

 божхона расмийлаштируви учун тақдим этиладиган ҳужжатларда товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаганда ёхуд товарларнинг келиб чиқиши тўғрисида нотўғри маълумотлар декларация қилинаётганлигига божхона органида асослар мавжуд бўлганда;

агар бу талаб Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ва халқаро шартномаларида назарда тутилган бўлса.

Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат ёки ундаги маълумотларнинг, шу жумладан, товар ишлаб чиқарилган мамлакат ҳақидаги маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа туғилса, божхона органи қўшимча ёки аниқлик киритадиган маълумот беришни сўраб ушбу сертификатни берган органларга ёки сертификатда товар ишлаб чиқарилган мамлакат сифатида кўрсатилган мамлакатнинг ваколатли ташкилотларига мурожаат қилиши мумкин.

Лозим даражада расмийлаштирилган товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат ёки сўралган маълумотлар тақдим этилмагунига қадар товар муайян мамлакатда ишлаб чиқарилган деб ҳисобланмайди.

Божхона органларида товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат бланклари намуналари, товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни тасдиқлаш ва беришга ваколатли бўлган органлар муҳрларининг излари ва шахсларнинг имзолари мавжудлиги Ўзбекистон Республикаси билан эркин савдо зонасини ташкил этувчи ёки Ўзбекистон Республикаси томонидан эркин савдо режими ўрнатилган давлатларда ишлаб чиқарилган товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатни божхона органлари томонидан қабул қилиш шартидир.

Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатнинг тақдим этилмаганлиги товарни чиқариб юборишни рад этиш учун асос бўлмайди.

Товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат мавжуд бўлмаганда ёки ушбу сертификатнинг ва (ёки) унда кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигига шубҳа туғилганда товарга нисбатан божхона божининг икки баравар оширилган ставкаси қўлланилади, бундан БКнинг 365-моддасида назарда тутилган ҳол мустасно*.

Товарлар божхона тўловлари тўланишини назарда тутувчи божхона режимига жойлаштирилган санадан эътиборан бир йилдан кечиктирмай божхона органига лозим даражада расмийлаштирилган келиб чиқиш тўғрисидаги сертификат тақдим этилган тақдирда товарларга энг кўп қулайлик бериш режими ёки эркин савдо режими қўлланилиши ёки қайта тикланиши мумкин (БКнинг 366-моддаси). Бу ҳолда ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари шундай тўловлар тўланган ёхуд ундирилган пайтдан эътиборан 1 йил ичида қайтарилиши ёки дастлабки пул маблағлари ҳисобига ўтказилиши лозим. Товарларни божхона тўловлари тўланишини назарда тутувчи божхона режимига жойлаштириш санаси ана шундай пайтдир.

Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари тўловчига қайтарилиши учун шахсий ғазна ҳисобварағига божхона тўловлари киритилган божхона органига тегишли ариза бериш зарур (БКнинг 353-моддаси).

Уларни қайтариш божхона қийматига ва (ёки) божхона расмийлаштирувида аввал ҳисобланган божхона тўловларига тузатишлар киритиш йўли билан амалга оширилади. Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари тўловчининг аризада кўрсатилган ҳисобварағига тўлов амалга оширилган валютада қайтарилади ёхуд дастлабки пул маблағлари ҳисобига ёки божхона органлари олдидаги бошқа мажбурият бўйича божхона тўловлари тўланишини таъминлаш учун ҳисобга киритилади.

 

Маълумот учун. Ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловларининг суммалари қайтарилаётганда улар учун фоизлар тўланмайди ва қайтарилаётган тўлов суммаси индексацияланмайди (БКнинг 357-моддаси).

____________________________________________

*Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларига мувофиқ товарлари божхона ҳудудига олиб кирилиши мумкин бўлмаган мамлакатда ишлаб чиқарилганлигига асослар мавжуд бўлган тақдирда божхона органи товарни божхона ҳудудига олиб киришни рад этиши мумкин.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 1706 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика