Корхона ҳамкорига миллий валютада (сўм) пулни қарзга берди. Қарз олувчи ўз валюта маблағларига эга. Қарз олувчи қарзни корхонамизга хорижий валютада қайтариши мумкинми?
Р.Г.
– Қарз олувчи қарзни корхонангизга хорижий валютада қайтаришга ҳақли эмас. Уни фақат сўмда қайтариши шарт.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча ҳисоб-китоблар ва тўловлар миллий валютада амалга оширилади, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Ўзбекистон ҳудудида рухсат этилган (йўл қўйилган) хорижий валютадаги ҳисоб-китоблар сирасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кредитларни олиш ва қайтариш назарда тутилган. Фуқаролик қонунчилигига мувофиқ банклар ва бошқа кредит ташкилотлари кредитларни тақдим этишлари мумкин (ФКнинг 744-моддаси).
Амалдаги қонун ҳужжатларига биноан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий валютада қарз бериш ва улар бўйича ҳисоблашишга йўл қўйилмайди.
Сизнинг ҳолатда ташкилот бошқа ташкилотга қарзни миллий валюта – сўмда берган. Шу сабабли қарз олувчи илгари олинган қарзни фақат миллий валютада қайтариши шарт.
Музаффар МИРЗАҒАНИЕВ, «Norma Online» эксперти.