Корхонада ЖШДС бўйича ортиқча тўлов мавжуд. Шу сабабли ходимларнинг иш ҳақини пластик карточкаларга ўтказиш пайтида банкка даромад солиғини тўлаш учун тўлов ҳужжати тақдим этилмаган.
Корхона ЖШДС тўлаш учун тўлов топшириқномасини банкка тақдим этмаган бўлса, банк ходими корхона (мижоз) ходимларининг иш ҳақини пластик карточкаларга ўтказишни рад этишга ҳақлими?
Ф.Р.
– Хизмат кўрсатувчи банкка ойнинг иккинчи ярми учун иш ҳақи беришга чек тақдим этиш ёки уни пластик карточкаларга ўтказиш чоғида юридик шахслар тегишли ой учун ЖШДС ва ШЖБПҲ тўлашга тўлов топшириқномаларини ҳам тақдим этишлари керак. Улар тақдим этилмаган тақдирда банкларга иш ҳақи учун нақд пул маблағлари бериш ёки уни мижоз ходимлари пластик карточкаларига ўтказишга рухсат берилмайди (АВ томонидан 1.02.2012 йилда 2320-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 13-банди).
Корхонангизда ЖШДС бўйича ортиқча тўлов бўлса, хизмат кўрсатувчи банкка солиқ органининг ортиқча тўлов мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этишингиз зарур.
Ойнинг биринчи ярми учун иш ҳақи (аванс) олаётганда хизмат кўрсатувчи банкка солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича тўлов топшириқномаларини тақдим этиш керак эмас.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma Online» эксперти.