Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 02 / Божхона

Божхона тартиботидаги ўзгартиришлар

 

Ўтган йил кузда ва декабрь ойида божхона амалиёти ва ТИФга ўзгартиришлар киритган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Жисмоний шахсларнинг божхона чегарасини кесиб ўтиши, уларнинг товарлар ва нақд хорижий валютани декларациялаши қоидаларига доир туб ўзгартиришлар киритилди. Божхона қонунчилиги халқаро тажрибага қараб иш тутмоқда.

2017 йилда божхона тартиботи соҳасига киритилган янгиликларнинг аксарияти божхона тартиб-таомилларини соддалаштиришга, ишбилармонлик муҳитини яхшилашга ва Ўзбекистонда инвестиция учун жозибадор шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган.

Ушбу сонда 2018 йилда бизнесга ва жисмоний шахсларнинг ЎзР божхона чегараси орқали ўтишига таъсир кўрсатувчи энг муҳим ўзгартиришларни ёритишга қарор қилдик.

 

БИЗНЕС МУҲИТИ

Божхона тўловларининг ставкалари 

5 сентябрда эркин конвертация жорий этилиши 2017 йилдаги муҳим воқеа бўлди.

● Нарх-навонинг ошиб кетишига йўл қўймаслик ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш мақсадида Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (4.09.2017 йилдаги ПҚ-3254-сон) билан ўтган йилнинг 10 сентябридан бошлаб товарларнинг айрим турларига нисбатан импорт божхона божи ва акциз солиғининг янги ставкалари жорий этилди.

42 та товар позицияси бўйича божхона божининг ноль даражали ставкаси белгиланди.

8 номдаги товарлар акциз солиғи тўлашдан озод қилинди.

● Тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган хом ашё ва материалларга божхона божлари нолга тенглаштирилди.

● 2017 йилнинг 15 сентябридан бошлаб шакарқамиш ёки қанд лавлаги шакари ва қаттиқ ҳолатдаги ­кимёвий тоза сахарозага ТИФ ТНнинг 1701 коди бўйича импорт божхона божи ҳамда ТИФ ТНнинг 1701 91 00 ва 1701 99 кодлари бўйича акциз солиғининг ноль даражали ставкаси белгиланди (12.09.2017 йилдаги ПҚ-3269-сон қарор).

● Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (29.09.2017 йилдаги ПҚ-3303-сон) билан ўтган йилнинг 1 октябридан бошлаб импорт божхона божи ва ЎзР ҳудудига олиб кириладиган акцизга тортиладиган товарларга акциз солиғининг янги ставкалари жорий этилди. Ушбу чоралар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни зарур ускуналар ва бутловчи буюмлар, унга хом ашё ва материалларни импорт бўйича олиб кириш чоғида қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.

579 та товар позицияси учун божхона божи ставкалари нолга тенглаштирилди, 575 та товар позицияси учун эса пасайтирилди. Бу янги ставкалар умумий сонидан тегишинча қарийб 33 ва 32,8%ни ташкил этади.

44 та товар позицияси (2,5%) бўйича илгари амал қилган ставкалар аниқлаштирилиб, улар бўйича энг кам чегаралар белгиланди.

273 та товар позицияси (15,5%) бўйича янги ставкалар юзага келди. Бунда уларнинг салмоқли қисми ноль даражали ставкадан иборат.

Фақат 7 та позиция (0,4%) бўйича ставкалар бироз оширилди.

 

ТИФни либераллаштириш

Президентнинг «Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (3.11.2017 йилдаги ПҚ-3351-сон) билан ўтган йилнинг 1 декабридан бошлаб экспорт қилувчи корхоналар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг янги, шу жумладан истиқболли хорижий бозорларни фаол ўзлаштиришларига йўналтирилган бир қатор чора-тадбирлар жорий этилди.

● 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб ташқи савдони ривожлантириш ва экспорт тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида тадбиркорлик субъектларига товарларни (хом ашё товарларидан ташқари) экспорт контракти тузмасдан, инвойслар асосида, экспорт қилувчиларнинг ЎзР банкларидаги ҳисобрақамларига олдиндан тўлов 100 фоиз тушгандан сўнг экспорт қилиш ҳуқуқи берилди.

● Экспорт контрактлари бўйича БЮД расмийлаштирилган санадан бошлаб муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг ягона муддати 120 кун этиб белгиланди (илгари ­60–90 кун эди). Бунда ЎзР резидентлари – муассислар томонидан чет элдаги ташкилотларига (савдо уйлари, савдо ваколатхоналари, шуъба корхоналари, фирма дўконлари, дилерлик тармоқлари ва консигнация омборларига), шунингдек ССПнинг аъзолари томонидан – Палатанинг савдо-инвестиция уйларига олиб чиқиб кетиладиган товарлар бўйича тўловнинг келиб тушиш муддатлари (180 кун) сақланди.

● Экспортга божхона расмийлаштирувини ТСОЯЭА тизимида ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотномасиз амалга оширишга рухсат берилди. Хом ашё товарлари, шунингдек инвойс асосида экспорт қилинадиган товарлар бундан мустасно. Олдин амалга оширилган экспорт операциялари бўйича тадбиркорлик субъектида муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик мавжуд бўлмаганда шундай қилиниши мумкин. Бунда экспорт қилувчиларда товарлар экспортини олдиндан тўлов, очилган аккредитив, шунингдек харидор банкларининг кафолати ёки экспорт контрактини сиёсий ва тижорат таваккалчиликларидан суғурта қилиш бўйича полис мавжуд бўлиши шартларида экспорт қилиш ҳуқуқи сақланади.

● Барча ТИФ иштирокчилари учун тенг шароитлар яратиш, молиявий санкциялар асоссиз қўлланишига йўл қўймаслик мақсадида:

 экспорт қилувчилар ва импорт қилувчиларга нисбатан муддати ўтказиб юборилган дебитор қарздорлик ҳосил бўлганлиги учун жавобгарлик чоралари қўллашда ягона ёндашув;

 хорижий валютадаги тушумнинг тушиши муддатини енгиб бўлмайдиган куч (форс-мажор) таъсирининг амал қилиши даврига узайтириш;

 экспорт контракти бўйича дебитор қарздорлик суммасини товарлар экспорт қилувчининг ҳисобрақамига тушган суғурта қопламаси суммасига камайтириш назарда тутилади.

 

Изоҳ. ВМнинг 14.12.2017 йилдаги 984-сон қарори билан 2017 йилнинг 18 декабридан бошлаб 30 банк куни мобайнида товарлар республикага олиб кирилишини ва «Эркин муомалага чиқариш» режимида расмийлаштирилишини таъминламаган импорт қилувчилар учун (кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун – 60 банк куни) жарималар жорий этилган.

 

● Қуйидаги талаблар бекор қилинди:

 божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўлланилган ҳолда ЎзРнинг божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларнинг божхона қийматини тасдиқлаш учун импорт қилувчилар томонидан экспорт БЮД мажбурий тақдим этилиши бўйича;

 «Вақтинча олиб кириш» божхона режими остидаги товарларни қайта экспорт қилишга божхона органлари томонидан рухсатнома берилиши бўйича.

Божхона тўловларини тўлашдан озод қилиш

(божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно)

2017 йилнинг 25 сентябридан 2022 йилнинг 1 январигача – шаҳарларда маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш бўйича кластерларни ташкил этиш доирасида тасдиқланган рўйхатларга мувофиқ олиб келинадиган, мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган махсус техника, технологик ускуна ҳамда бутловчи буюмлар (15.09.2017 йилдаги Ф-5057-сон фармойиш).

 

Изоҳ. Имтиёз бўйича олиб келинган объектлардан фойдаланилаётганини ДСҚ назорат қилади. Уларни мақсаддан ташқари ишлатиш ҳолатларида имтиёзлар тақдим этилиши муносабати билан тўланмаган божхона тўловлари суммаси молиявий санкцияларни кўллаган ҳолда бюджетга ундириб олинади.

 

2017 йилнинг 25 сентябридан – «Ўзбекистон Республикасида чорвачилик секторини ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш доирасида қарз ва кредит маблағлари ҳисобидан харид қилинаётган товарлар (ишлар, хизматлар) ва транспорт воситалари (16.09.2017 йилдаги ­ПҚ-3283-сон қарор).

Кўрсатилган имтиёзларнинг амал қилиши лойиҳа доирасида қайта молиялаштирилган маблағлар ҳисобидан фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги ташкилотлари томонидан харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар)га ҳам жорий этилади.

2017 йилнинг 17 октябридан 2023 йилнинг 1 январигача – «Ўзбекистон асаларичилари» уюшмасига аъзо ташкилотлар томонидан олиб келинадиган наслли материаллар (маҳсулот), асаларичилик соҳасида қўлланиладиган инвентарлар ва ускуналар, асалари уяларини ташиш учун махсус транспорт воситалари ва тиркамалар, асалари касалликлари ва зараркунандаларига қарши қўлланиладиган ветеринария дори воситалари ва препаратлар, асалари уялари ишлаб чиқариш учун ёғоч ва зарур материаллар, пенополиуретан, уларга ёрдамчи ускуналар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлари, мумпарда ва мум маҳсулотлари (16.10.2017 йилдаги ПҚ-3327-сон қарор).

2017 йилнинг 4 декабридан 2022 йилнинг 1 январигача – халқаро автоташишларни амалга оширувчи миллий автотранспорт корхоналари, шунингдек транспорт-логистика компаниялари – олиб кириладиган омборхона ускуналари, юклаб ортиш-юклаб тушириш техникаси, агрегатлар, эҳтиёт қисмлар ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, транспорт-логистика хизматларини кўрсатиш учун мўлжалланган бошқа товарлар (2.12.2017 йилдаги ­ПҚ-3422-сон қарор).

2017 йилнинг 19 декабридан 2019 йилнинг 1 январигача – қора металлар прокатини ишлаб чиқариш учун хўжалик юритувчи субъектлар томонидан республикага олиб келинадиган металлургия хом ашёси ҳажмлари (ТИФ ТН кодлари – 2619, 7203, 7204, 7207) (18.12.2017 йилдаги ПҚ-3438-сон қарор).

 

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти

Президентнинг 6.11.2017 йилдаги ПҚ-3377-сон қарори билан мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинди.

● Хўжалик юритувчи субъектларга экспорт контракти (шартномаси) тузмасдан қуйидаги шартларга риоя қилган ҳолда инвойс асосида мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини амалга оширишга рухсат берилди:

 етказиб бериш суммаси экспорт божхона декларациясини расмийлаштириш кунида 20 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаслиги керак;

 норезидентлар ЎзРнинг ваколатли тижорат банкларидаги ҳисобварақларга хорижий валютада 100 фоизлик олдиндан тўловни амалга оширадилар. Банк ўтказмалари, халқаро банк карталари орқали тўловлар ёхуд айирбошлаш шохобчаларида сотиб олинган миллий валютадаги нақд пул маблағларини киритиш шаклида тўлов олишга йўл қўйилади;

 экспортга етказиб бериш ҳақидаги маълумотлар ТСОЯЭАТга киритилиши керак.

2017 йил 15 ноябрдан бошлаб мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига БЮДни расмийлаштириш кўрик ҳужжати тузилганидан кейин 3 соатдан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.

Мева-сабзавот ҳамда тез бузиладиган маҳсулотларнинг экспорти учун сертификатлар бериш муддати экспорт қилувчи томонидан зарур ҳужжатлар тақдим қилинган вақтдан кўпи билан 1 иш кунигача қисқартирилди.

Экспорт қилувчида олдинги экспортга етказиб бериш бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик мавжуд бўлганда, товарларни чиқариш фақат муддати ўтган дебитор қарздорлиги мавжуд бўлган чет эл харидорига рухсат этилмайди.

● Экспорт қилувчилар экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотларининг фактура қийматига уларни сақлашда, ташишда ва сотишда қонун ҳужжатларида белгиланган табиий йўқотиш нормативлари доирасида тузатишлар киритишлари мумкин. Илгари божхона органлари томонидан экспорт қилинаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг табиий йўқотилишини ҳисобга олиш тартиби мавжуд эмаслиги сабабли кўпинча асоссиз дебитор қарздорлик юзага келар, тегишинча, у келиб тушмаган валюта маблағлари суммасининг ­70%игача миқдордаги санкциялар қўлланишига олиб келар эди.

 

Махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш

Президентнинг 3.11.2017 йилдаги ПФ-5215-сон Фармони билан махсус турдаги товарлар экспорти ва импортини лицензиялаш, экспорт контрактларини рўйхатга олиш, шунингдек импорт контрактларини экспертизадан ўтказиш ва тендер ҳужжатларини баҳолаш тартибини янада такомиллаштириш назарда тутилган.

● Экспорт-импорт таомилларини мақбуллаштириш ҳамда махсус турдаги товарлар экспорти ва импортига лицензиялар бериш функцияларини ягона органда консолидациялаш мақсадида 2017 йил 10 ноябрдан бошлаб Ташқи савдо вазирлигининг лицензиялаш функциялари Вазирлар Маҳкамасига берилди.

Бунда лицензияланадиган товарлар рўйхатидан заргарлик буюмлари, қимматбаҳо металлардан ясалган буюмлар, қимматбаҳо тошлар ва улардан ясалган буюмлар чиқариб ташланди.

● Суммаси 100 минг АҚШ долларидан камни ташкил этадиган импорт контрактларини экспертизадан ўтказиш таомили бекор қилинди.

Шунингдек суммаси 100 минг АҚШ долларига тенг миқдордан ортиқни ташкил этадиган ва бир вақтнинг ўзида тендер савдолари доирасида тендер (танлов) ҳужжатлари экспертизаси ёки тендер (танлов) таклифларини баҳолаш тартибини жорий этган ҳолда тендер савдолари натижалари бўйича тузилган импорт контрактларини экспертизадан ўтказиш бекор қилинди. Бунда ушбу импорт контрактлари қўшимча экспертизадан ўтказилмасдан ҳисобга қўйилади.

 

Изоҳ. Мамлакатимиз иқтисодий манфаатларини таъминлаш мақсадида Ҳукумат қарорлари ва ҳукуматлараро битимлар асосида тузилган, шунингдек махсус турдаги ва хом ашё товарларининг чекланган рўйхатини экспорт қилишга контрактларни рўйхатдан ўтказиш таомили ЎзР Ташқи савдо вазирлигида сақланиб қолди.

Махсус турдаги товарларни, ҳатто тузилган контракт мавжуд бўлса ҳам, лицензия расмийлаштирмасдан туриб Ўзбекистон божхона чегараси орқали олиб ўтишга йўл қўйилмайди.

 

Президентнинг 15.12.2017 йилдаги ПФ-5286-сон Фармони билан ЎзР Президенти ёки Ҳукумати қарорлари асосида экспорт қилинадиган предметлар ва маҳсулотлар рўйхати (1-илова) тасдиқланди.

● Унга киритилган товар гуруҳлари учун амал қиладиган экспорт тартиби қуён гўшти ва озуқабоп гўштли қўшимча маҳсулотларига (ТИФ ТН коди – 0208 10), 0713-товар позициясидаги қуритилган дуккакли ўсимликлардан қилинган унга (ТИФ ТН коди – 1106 10 000 0) татбиқ этилмайди. Яъни уларни экспорт қилиш учун Президент ёки Ҳукумат қарори талаб этилмайди.

 

ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАР УЧУН ҚОИДАЛАР

 

Нақд хорижий валютани олиб ўтиш

2018 йилнинг 1 январидан бошлаб жисмоний шахслар томонидан эквиваленти 2 000 АҚШ долларига тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд хорижий валютани Ўзбекистонга олиб кириш ёки мамлакатимиздан олиб чиқиб кетишда ёзма равишда мажбурий декларация тақдим этиш тартиби бекор қилинди (6.12.2017 йилдаги ПФ-5276-сон Фармон).

Ушбу суммани йўловчи божхона декларациясида декларацияламаслик мумкин бўлади. Бироқ мазкур суммадан ортиқча нақд валютани олиб кириш ва олиб чиқиб кетиш чоғида жисмоний шахсда мавжуд хорижий валютанинг барчасини декларациялашга тўғри келади.

 

Изоҳ. 2018 йилнинг 1 январигача нақд хорижий валютанинг барчаси ёзма декларацияланиши лозим.

 

● 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб тижорат банклари нақд хорижий валютани Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиб кетишга рухсатномалар бермайди. Эквивалентда 5 000 АҚШ долларидан ошмайдиган нақд суммани ҳеч қандай рухсатномаларсиз олиб чиқиб кетиш мумкин. Агар сумма ушбу лимитдан ошиб кетса, Марказий банк рухсатномасини расмийлаштириш керак бўлади. Ўзбекистонга кириш чоғида тўлдирилган йўловчи божхона декларацияси аввалгидек норезидентлар учун ҳужжат ҳисобланади.

 

Изоҳ. Норезидентлар – республикада ташкил қилинган мусобақалар, танлов ва олимпиадаларнинг совриндорлари ёки қатнашчилари йўловчи декларациясида кўрсатилган суммадан ортиқча нақд хорижий валютани у олинганлигининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлганда олиб чиқиб кетишлари мумкин.

 

Чегара орқали ўтиш осонлашди

● ВМнинг 11.10.2017 йилдаги ­814-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали ўтказиш пунктларида икки йўлакли тизимни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган. Тизим божхона чегараси орқали ҳаракатланаётган жисмоний шахсга нотижорат мақсадлардаги товарларни декларациялаш шакли сифатида «яшил» ёки «қизил» йўлакни танлаш имконини беради. У 2018 йил 1 январдан бошлаб халқаро аэропортларда, 2021 йил 1 январдан бошлаб – Ўзбекистон божхона чегараси орқали автомобиль ва темир йўл ўтказиш пунктларида кучга киради.

● «Яшил» йўлакда товарларни декларациялаш оғзаки тарзда амалга оширилади.

Яъни олиб кирилиши ёки олиб чиқилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ тақиқланган ёхуд чекланган товарлар, қиймати ва (ёки) миқдори божсиз олиб кириш нормаси ва акциз солиғи солинмайдиган олиб кириш нормасидан ошиб кетган товарлар кузатиб борилаётган багаж ёки қўл юкида бўлмаслиги керак. Шунингдек ёзма шаклда декларацияланиши лозим бўлган, олиб кирилишига ва олиб чиқилишига рухсат этилган суммаларнинг чекланган нормалари миқдоридан ошадиган Ўзбекистон нақд миллий валютаси ва нақд чет эл валютасига нисбатан ҳам шундай талаб қўйилади.

● «Қизил» йўлак орқали ўтадиган жисмоний шахслар белгиланган тартибда йўловчи божхона декларациясини тўлдиради.

 

Ҳунармандларга имтиёзлар

Президентнинг «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (17.11.2017 йилдаги ПФ-5242-сон) билан ҳунармандларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, шу жумладан банк ҳисобрақамидаги чет эл валютасини нақд шаклда олиш ҳуқуқи берилди.

● Хорижий мамлакатларда ўтказилган кўргазма, танлов, ярмарка давомида сотилган ҳунармандчилик маҳсулотлари экспорт шартномалари тузилмасдан амалга оширилиши мумкин. Бунинг натижасида олинган даромад эса экспорт тушуми ҳисобланмайди.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 1894 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика