Хусусий корхона барча солиқ ва бошқа харажатлар ҳисобга олинганидан сўнг йил якунида 6 млн сўмлик фойдага эга бўлди. Корхона раҳбари (таъсисчиси) олинган фойдадан ўзининг шахсий харажатлари учун фойдаланиш мақсадида шахсий пластик карточкасига ўтказиб олмоқчи. Раҳбарнинг бундай йўл тутиши қонунийми?
ХК таъсисчиси.
Хоразм вилояти.
– Тижорат ташкилотлари (хусусий корхоналар ва бошқалар) фойда олиш мақсадида молия-хўжалик фаолиятини амалга оширадилар. Одатда, соф фойда корхона муассислари (иштирокчилари) ўртасида тақсимланади, яъни уларга дивиденд тўланади.
«Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасига асосан, хусусий корхонанинг фойдаси солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан сўнг корхона мулкдорининг тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди.
Дивидендлар корхона тасарруфида қоладиган соф фойдадан ва (ёки) ўтган йилларнинг тақсимланмаган фойдасидан тўланади. Уларни тўлаш учун асос бўлиб хусусий корхонада унинг раҳбари, яъни мулкдорнинг қарори ҳисобланади.
Дивидендлар тўлаш тўғрисидаги қарор буйруқ ёки фармойиш билан расмийлаштирилади.
Мисол.
Дивидендлар тўлаш тўғрисида
№ буйруқ
Тошкент ш. 2018 йил «___» ___________
1. «Азиза» ХКнинг 2017 йил якуни бўйича олинган 6 000 минг сўм миқдоридаги соф фойдаси тўлалигича дивидендларни тўлашга йўналтирилсин.
2. Корхона бухгалтерияси 2017 йил учун дивидендларни ҳисоблаб ёзсин ва дивидендлар суммасини М.Тошматовнинг шахсий пластик карточкасига (_______банкдаги N_____) ўтказсин.
Директор М.Тошматов ___________
(имзо)
Солиқ кодексининг 179-моддаси 6-бандига асосан, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин хусусий корхона мулкдори ихтиёрида қоладиган фойда суммасига солиқ (даромад солиғи) солинмайди.
Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ, «Norma Online» етакчи эксперти.