Norma.uz
Норма маслахатчи / 2017 йил / № 43 / Юрист тавсиялари

Қарз қайтарилишини қандай таъминлаш мумкин

 

«Қарз берганинг заҳоти ундан кечиб юбор» – дея маслаҳат берганлар қадимгилар. Бироқ ҳамма ҳам бундай саховат қилишга қодир эмас. Шу сабабдан қонун ҳужжатларида қарз қайтарилишини таъминловчи нормалар назарда тутилган. «Norma Online» эксперти Самир Латипов жисмоний шахслар ўртасида қарз шартномасини тузишга доир асосий юридик тавсиялар беради.

 

1-ҚОИДА.

Ёзма шартнома тузинг

Қонунда фуқаролар ўртасида пулни қарзга бериш битимларини ёзма расмийлаштириш талаб этилмайди. Бунинг учун жазоламайдилар. Бироқ ФКнинг 108 ва 109-моддаларига мувофиқ, қарз суммаси ЭКИҲнинг 10 бараваридан (1 497 750 сўм) ортиқ, қоғозлар эса бўлмаса, низо чиққан тақдирда тарафлар битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Суд гувоҳларнинг сўзларини қабул қилмайди ва бошқа объектив далил-исботларни талаб қилади. Уларни тақдим этиш эса мушкул.

Қарз олувчининг мажбуриятларини (ЭКИҲнинг 10 бараваридан ортиқ ёки кам суммани ҳам) қоғозда қайд этиш анча осон. Бундан ташқари, келгусида оғзаки келишувнинг мазмунини белгилаш анча қийин кечадиган кутилмаган ҳодисалар (шартнома иштирокчиларининг мажбуран кетиши, вафот этиши ва ҳ.к.) рўй бериши мумкин.

Келишув тарафлар имзолаган ҳужжат (ёзма шартнома) ёхуд тилхат кўринишида расмийлаштирилиши мумкин. Иккала ҳолатда битимнинг ёзма шаклига риоя қилинган ҳисобланади (ФКнинг 733-моддаси).

 

2-ҚОИДА.

Мажбуриятларни батафсил қайд этинг

Шартнома ёхуд тилхатда қуйидагиларни албатта кўрсатиш зарур:

√ берилаётган пул суммаси – келишувнинг асосий қисми, унинг предмети саналади;

√ қарз олувчи қайд этилган суммани олганлиги далили – пулни олиш пайтигача қарз шартномаси тузилмаган ҳисобланади.

ЭКИҲнинг 10 бараваридан ортиқ бўлган битимларда маблағларнинг қайтарилиши ҳам ёзма равишда тасдиқланиши лозим. Амалиётда тарқалган қарз олувчига тилхатнинг асл нусхаси қайтарилиши техник жиҳатдан олганда маблағлар қайтарилганлигининг тўлиқ исботи бўла олмайди, низоли вазиятларда бу номақбул оқибатларга олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.

Қайтариш муддатини, яъни қарзни тўлиқ сўндириш талаб этиладиган санани белгилаб қўйишни ҳам тавсия этамиз. Агар бундай қилинмаса, кредитор исталган пайтда пулни қайтаришни талаб қилиши мумкин, қарз олувчи эса талаб қўйилган кундан бошлаб 30 кун мобайнида бутун суммани қайтариши керак.

Маблағлар бир йўла ёхуд қисмлаб қайтарилишини ҳам олдиндан ҳал қилиш мақсадга мувофиқ. Бу масала келишиб олинмаганда қарз олувчи пулни (унинг бир қисмини) тўлиқ қайтариш санасигача қайтаришга мажбур эмас. Кредитор эса қарз олувчининг тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш таклифини қабул қилиш-қилмасликни ўз хоҳишига кўра ҳал қилади. Бунда тўловлар жадвали мавжуд бўлганда унинг муддатини бузиш – қарзнинг барча суммасини муддатидан олдин тўлашни талаб қилишга асос эканлигини ҳисобга олиш талаб этилади. Бу кредитор учун қулай.

Ҳисоблашиш шаклини ҳам келишиб олиш лозим. Фуқаролар нақд, пластик картадаги ва банк счётидаги пул турли қимматга эга деган фикрда бўладилар. Қонун нуқтаи назаридан нақд ва нақдинасиз пул бир хил қийматга эга бўлса ҳам, ФКнинг 238-моддасида мажбуриятнинг келишилган ва мақбул усулда бажарилиши сифатида тўловнинг аниқ шакли шартномада акс эттирилишига йўл қўйилади. Агар бу қайд этилмаган бўлса, олинган нақд пулни кредиторнинг мазкур операциялар бўйича расмий харажатларини қоплаган ҳолда нақд пулсиз ҳисоб-китоб йўли билан қайтаришига йўл қўйилади (яъни ўтказма учун воситачилик ҳақини қарз олувчи тўлаши шарт, кредитор эса тўлиқ суммани олади).

Амалиётда қарзни валютада беришга йўл қўйилиши ҳақида ҳам кўп саволлар юзага келади. Бунда юристларнинг (назариётчи ва амалиётчи) фикрлари фарқланади.

 

1-позиция

 

2-позиция

 

Тақиқланган ва валюта бойликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш тарзидаги ҳуқуқбузарлик ҳисобланади («Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддаси). Суммаси ва аралашганлигига қараб бундай хатти-ҳаракатлар валютани мусодара қилган ҳолда ЭКИҲнинг 5 бараваригача миқдордаги жарима (МЖТКнинг 170-моддаси) ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш (ЖКнинг 177-моддаси) билан жазоланади1

 

Рухсат берилган, сабаби бундай олиш ёки ўтказиш деб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уларни ўрнатилган тартибларни бузган ҳолда сотиб олиш, сотиш ёки алмаштириш тушунилади (ОСПнинг 28.04.2000 йилдаги 8-сон қарори 4-банди). Яъни бир валюта бошқа валютага ўтказилмаса, ушбу ҳуқуқбузарлик таркиби бўлмайди. Товарлар, ишлар ва хизматлар учун тўловларнинг чет эл валютасида қабул қилинишига доир битимлар савдо қоидаларини бузиш деб баҳоланади (МЖТКнинг 164-моддаси; ЖКнинг 189-моддаси). Бироқ шахсий мол-мулк сотилганда ушбу моддалар қўлланмайди, сабаби улар фақат тадбиркорлик субъектларига тааллуқли. Бунда қарзлар маъмурий ва жиноий санкциялар соҳасидан умуман чиқиб кетади

 

 

 

Бундай вазиятда ФКнинг 245-моддаси нормаларидан фойдаланишни тавсия этамиз. Унга мувофиқ, пул мажбуриятида у сўм билан чет эл валютасидаги муайян суммага эквивалент бўлган суммада ёки шартли пул бирликлари билан (экю, «махсус қарз олиш ҳуқуқлари» ва бошқалар) тўланиши лозимлиги назарда тутилиши мумкин. Бундай ҳолларда миллий валютада тўланиши лозим бўлган сумма тегишли чет эл валютасининг ёки шартли пул бирликларининг тўлов кунидаги расмий курси бўйича белгиланади.

Масалан, кредитор қарз олувчига 1 минг АҚШ долларига эквивалент бўлган суммани (8 млн сўм) берса, қарз олувчининг пулни қайтариш пайтида 1 минг АҚШ долларига эквивалент суммани қайтариш мажбуриятини кўрсатиш мумкин. Шу тариқа ҳуқуқбузарликка йўл қўйиш хавфи бартараф этилади, шунингдек кредитор ажратган маблағларнинг харид қобилияти сақланади. Қарзнинг ўзи расман фоизли қарзга айланади.

Сўм курси мустаҳкамланган (доллар курси тушган) тақдирда қайтариладиган қарз камида 8 млн сўмни ташкил этиши кераклигини қайд этишга тақиқ йўқ.

 

3-ҚОИДА.

Олдиндан ҳимояланинг

Сиз салмоқли сумма бераётган кишининг шахсини ўрганинг. Бунинг учун нафақат паспортининг асл нусхаси билан танишиш ва унинг кўчирма нусхасини олиш, балки эҳтимолий қарздорнинг тўловга қобиллигини олдиндан баҳолаш зарур.

Бунда кредит ташкилотлари ишининг асосий принципларидан фойдаланиш мумкин:

1) қарздор қарз мажбуриятини зиммасига қабул қилиш олдидан узоқ давр мобайнида (камида 1 йил) барқарор даромад олган бўлиши (иш, муваффақиятли тадбиркорлик фаолияти) мақбул. Бу кредитор фойдасига эҳтимолий суд ундирувларининг бўлажак манбаидир;

2) бутун қарзни тўлаш учун ҳар ой олиб қўйиладиган сумма миқдори шу даврда олинган даромаднинг ярмидан ошиши тавсия этилмайди. Яъни қарз берилган муддатда керакли суммани тўплаш учун маошнинг ярми етарли бўлиши керак. Зеро «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 66-моддасига кўра, қарздорнинг иш ҳақидан кўпи билан 50% ушлаб қолиниши мумкин. Ундириш учун вақт сарфламай десангиз, ушбу жиҳатни эътиборга олинг;

3) қарздор қарз қайтарилмаган ҳолатда ундирув қаратилиши мумкин бўлган етарли мол-мулкка эга бўлиши керак. «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 40 ва 41-моддаларига мувофиқ, агар қарздорнинг ундирув қаратилиши2 мумкин бўлган мол-мулки ёки даромадлари бўлмаса ва унинг мол-мулки ёки даромадларини қидириш юзасидан суд ижрочиси томонидан қонунда йўл қўйиладиган доирада кўрилган барча чоралар натижасиз бўлса, ижро ҳужжати ундирувчига қайтарилади. Бунда ижро иши юритиш тамомланади ва қарз умидсиз қарзга айланади. Шу сабабли белгиланган тартибда кўчмас мулк ёки транспорт воситасига гаровни (нотариал тасдиқлаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш – мажбурий) расмийлаштириш ёхуд бошқа қимматли мол-мулкни гаровга қўйиш, яъни гаров предметини кредиторга берган ҳолда гаров ҳақида ёзма битим тузишни тавсия этамиз; 

4) мол-мулк бўлмаган тақдирда учинчи шахсларнинг кафиллигини қабул қилиш мумкин. Кафилнинг тўлов қобилиятига қарздорга бўлганидек талаблар қўйилади. Кафиллик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак. Нотариал тасдиқлаш мажбурий эмас, бироқ мақбул саналади.

Мазкур шарҳда баён этилган тавсиялар базавий бўлиб, турмушдаги барча ҳолатларни қамраб олмайди. Бироқ улар билан танишув кредиторлар кўп учрайдиган хатоларга йўл қўймасликларида ёрдам беради.

 


1Максимал жазо чоралари кўрсатилган.

2Ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк тўғрисида «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 52-моддасида, шунингдек Қарздор ва унинг оиласининг нормал турмуш кечириши учун зарур бўлган, ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган уй анжомлари ва жиҳозлари, кийимлар ҳамда бошқа буюмлар рўйхатида (ВМнинг 14.04.2009 йилдаги 110-сон қарори билан тасдиқланган) батафсил сўз юритилган.

Прочитано: 1739 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика