Norma.uz

Алкоголдан мастлик далилини исботлаш лозим

 

Автотранспорт воситасининг эгаси ҳаракатланиш пайтида эмас, балки тўхташ жойида ЙПХ ходимлари томонидан ушланиб, алкотестер ёрдамида алкоголдан мастлиги аниқланган. Алкоголь истеъмол қилган-қилмаганлиги ҳақида сўралганда кечагина ичганлигини айтган. Аудиовидеоёзувга кўра тиббиёт муассасасидаги шифокор ҳайдовчининг ҳаракатлари мувофиқлигини (тиз букиб юриши ва ҳ.к.) визуал текшириш билан чекланган, ҳали хулоса берилмаган. Ушланганда ва текширилганда холислар ва гувоҳлар ҳозир бўлмаган. Материаллар судга топширилган. 

1. Автоинспектор автомобилни бошқармаётган, балки тўхташ жойида турган, яъни рулда бўлмаган шахсга нисбатан баённома тузишга ҳақлими?

2. Алкоголга тиббий текширувдан ўтказиш (норматив ҳужжат) ва мастлик даражасини ёки қонда алкоголь борлигини аниқлаш тартиби қандай?

3. Ҳайдовчи ўзини адекват ҳолатда тутганда қон таркибида алкоголь борлигини аниқлаш учун қон намуналарини олиш шартми, бу ҳуқуқий оқибатларга қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

Р.Қаллибеков.

 

1

Тўхташ жойида (ҳаракатланиш пайтида эмас) автомобилда бўлган ҳайдовчига нисбатан баённома тузиш ва уни маъмурий жавобгарликка тортишнинг тўғрилиги, фикримизча, қуйидагилар исботланишига боғлиқ:

1) ҳайдовчи автомобилни бошқариш ниятида бўлгани. Масалан, ҳайдовчи ҳаракатланишни бошламоқчи бўлган ёки уни эндигина якунлаган бўлса, алкоголдан мастлиги тасдиқланган ҳолда МЖТКнинг 131-«Транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш» моддаси бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликка йўл қўйгани аён бўлади;

2) алкоголдан мастлиги.

Ҳайдовчининг қоидаларга риоя этиш мажбурияти ҳаракатланишни бошлашидан аввал юзага келади, яъни ҳаракатланиш пайти бўлиши шарт эмас. Масалан, ҳайдовчи ҳаракатланишни бошлашдан олдин бажарилаётган манёвр хавфсиз эканлигига ва бошқа ҳаракат қатнашчиларига халақит бермаслигига ишонч ҳосил қилиши керак (ЙҲҚнинг 53-банди, ВМнинг 24.12.2015 йилдаги 370-сон қарорига 1-илова).

 

2

Шахснинг мастлик ҳолатини аниқлаш учун текширишга юбориш ва бу текширувни ўтказиш Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади (МЖТКнинг 292-моддаси 2-қисми).

Бироқ мастлик ҳолатини тиббий текширувдан ўтказиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат шу пайтгача қабул қилинмаган.

Шу билан бирга транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимликдан, гиёҳванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 1 йилу 6 ойдан 3 йилгача муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади (МЖТКнинг ­136-моддаси 1-қисми).

Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқномада (АВ томонидан 5.07.2011 йилда 2240-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳам белгиланганидек, тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаш қўпол ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ­(39-банди).

ЖПК нормаларига мувофиқ, мастлик борасида гувоҳлантириш қуйидаги тартибда ўтказилади (145, 146-моддалари):

√ гувоҳлантириш ўтказиш ҳақидаги қарор ёки ажрим гувоҳлантирилувчига эълон қилинади;

√ гувоҳлантиришнинг барча иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқ ва бурчлари тушунтирилиши лозим;

√ гувоҳлантириш суриштирувчи ёки терговчи топшириғига биноан холислар иштирокида, шифокор ёки бошқа мутахассис тиббий ходим томонидан ўтказилади;

√ гувоҳлантиришдан бош тортаётган шахслар мажбурий келтирилиши ва гувоҳлантирилиши мумкин.

 

3

Ҳайдовчи ўзини адекват ҳолатда тутганда қон таркибида алкоголь борлигини аниқлаш учун қон намуналарини олишнинг шартлиги қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган.

Ҳайдовчининг қонида алкоголь борлиги ҳақида экспертиза хулосасининг йўқлиги, фикримизча, ДЙҲХХ ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан судда низолашиш чоғида, айниқса ҳайдовчининг позициясини тасдиқловчи холис гувоҳлар бўлса, ҳайдовчининг маст бўлмаганлигини исботлашда катта афзаллик беради.

 

Эркин Ҳосилов,

«Norma Online» эксперти.

Прочитано: 2898 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика