Президент девонининг Фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати масъул ходимларининг Қашқадарё вилоятида ўтказган сайёр қабулларида Ғузор, Деҳқонобод, Нишон туманларидан Виртуал ва Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган фуқаролар иштирок этди.
Мурожаатларнинг катта қисми бевосита учрашув давомида қаноатлантирилган бўлса, айримлари бўйича асослантирилган тушунтиришлар берилди. Айрим мурожаатлар кўриб чиқиш, ҳал этиш учун тегишли давлат ва хўжалик органларига юборилди.
Суд, ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари, банк тузилмалари раҳбарлари сайёр қабулида жами 4 806 нафар фуқаро қатнашиб, учрашувлар давомида 2 751 та мурожаат кўриб чиқилди. Аҳолидан тушган мурожаатлар соҳалар бўйича ўрганилганда уларнинг асосий қисми таълим, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, уй-жой, бандлик ва иш ҳақи, нақд пул, моддий ёрдам, валюта амалиётлари, электр, газ ва ёнилғи таъминоти, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, банкдан кредит олиш масаласи, коррупция, раҳбар ходимлар хатти-ҳаракатидан норозилик, ҳуқуқий идоралар ва суд қарорларига эътирозлар, молия, солиқ, қарздорликни ундириш, «паспорт-виза масалалари», объектларни қуриш, кўчириш ва реконструкция қилишга оид масалалар эканлиги ойдинлашди. Шундан Ички ишлар вазирлигига 159, Давлат божхона қўмитасига 68, Давлат солиқ қўмитасига 95, суд идораларига 402, Адлия вазирлигига 138, банк мутасаддиларига 727 ва Бош прокуратурага 1 162 ариза, таклиф ва шикоятлар берилиб, 765 та масала жойида ҳал қилинди.
Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Назарали Норбоев қабули ҳам самарали ўтди. Масалан, ғузорлик С.Қобилованинг ўғли ва турмуш ўртоғини ишга жойлаштириш тўғрисидаги мурожаати асосида мазкур фуқарони тумандаги «Чаноқ парранда» МЧЖга ишга жойлаштириш чоралари кўрилиши тушунтирилди. Қамашилик А.Нодиров эса «Шаҳло Абдураҳимовна» хусусий корхонаси фаолиятини кенгайтириш учун 1 гектар ер майдони ажратиб беришда ёрдам сўраган. Бу масала ечимини таъминлаш туман ҳокимлигига вазифа этиб топширилди.
– «Алоқа банк» Қарши филиалига 2017 йил февраль ойида бориб, паррандачилик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит сўрагандим, – дейди Косон туманилик И.Турдиқулов. – Бироқ ресурс тугаган, деб қайтариб юборишди. Шундан бери банкка қатнайман. Бугун шу масалада Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосарига мурожаат қилдим. Банк мутасаддилари тез орада муаммони ҳал қилишни ваъда беришди.
Косон тумани Нартибаланд маҳалласидан Юсуф Жўраев томонидан эса ем маҳсулотларининг баҳоси гўшт нархига таъсир кўрсатаётгани, заводдан 600–800 сўмга чиқаётган ем «қўл»да 1 800–2 000 сўмдан сотилаётгани туфайли гўшт қимматлашгани айтилиб, шу бўйича тегишли идоралар ҳамкорлигида назорат тадбирларини кучайтириш таклифи билдирилди.
Фуқаролар томонидан билдирилган бошқа мурожаатлар ижроси назоратга олинди.
Ҳудудий давлат солиқ бошқармалари маълумотлари асосида М.НАЗАРОВ тайёрлади.