Корхонамиз битта савдо комплексида ёнма-ён жойлашган дўконларга эга. Ҳар бирида алоҳида касса аппарати, бироқ битта умумий терминал бор.
Агар корхона битта савдо комплексида бир нечта дўконга эга бўлса, ЯСТ қандай тўланади?
Д.Жабборов, бухгалтер.
– Савдо комплексларига қўйиладиган талаблардан бири – тартиб рақамлари қўйилган турғун савдо шохобчалари (Қоидаларнинг 10-банди, ВМнинг 28.08.2012 йилдаги 253-сон қарорига 2-илова).
Турғун савдо шохобчалари Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширадиган ва банк пластик карточкаларидан тўловлар қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминаллари билан жиҳозланиши шарт бўлган чакана савдо ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари рўйхатига (19.04.2010 йилдаги ПҚ-1325-сон қарорга 2-илова) киради.
Чакана савдо корхоналари учун ЯСТ унинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланади. У чакана савдо билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ суммасидан келиб чиқиб аниқланади.
Агар чакана савдо корхонаси бир нечта турғун савдо шохобчаларига эга бўлса, ЯСТ ҳар бир турғун савдо шохобчаси учун унинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда тўланади (АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 7-банди).
МИСОЛ. Корхона Тошкент шаҳридаги битта савдо комплексида ноозиқ-овқат товарлари сотиладиган 2 та турғун савдо шохобчасига эга.
Тошкент шаҳрида ноозиқ-овқат товарларининг чакана савдоси учун қатъий белгиланган солиқ ставкаси – 10 ЭКИҲ (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарорга 12-илова).
ЯСТнинг энг кам миқдори 2 995 500 сўмни (10 ЭКИҲ х 2 та савдо шохобчаси = 10 х 149 775 х 2) ташкил этади.
Тўланиши лозим бўлган ЯСТ суммасини аниқлаш учун, ЯСТнинг энг кам миқдоридан ташқари, ҳисоб-китоб қилинган ва қўшимча ҳисобланган ЯСТ суммасини ҳам ҳисоблаб чиқариш зарур.
ЯСТнинг ҳисоб-китоб қилинган суммаси унинг энг кам миқдори суммасидан оз бўлса, ЯСТнинг энг кам миқдори ҳисоб-китоб суммасидан ошиши суммасига қўшимча ҳисоблаш амалга оширилади. ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси энг кам миқдорга тенг ёки ундан юқори бўлса, ЯСТ қўшимча ҳисобланмайди ва ҳисоб-китоб бўйича ҳисоблаб чиқарилган сумма тўланади.
Аҳолиси сони 100 минг ва ундан ортиқ кишидан иборат шаҳарлардаги чакана савдо корхоналари учун ЯСТ ставкаси – 4% (ПҚ-2699-сон қарорга 10-2-илова).
Шу тариқа, ЯСТ турғун савдо шохобчалари (тартиб рақами қўйилган) сонини инобатга олиб, ҳудуд ва савдо туридан қатъи назар, қатъий белгиланган солиқ ставкасидан аниқланадиган унинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда тўланади.
Ҳар бир савдо шохобчасида ҳисоб-китоб терминалининг мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) уларнинг сонини ҳисобга олган ҳолда ЯСТнинг энг кам миқдорини аниқлашга таъсир кўрсатмайди.
Марина БОГАЧЁВА,
«Norma Online» эксперти.