Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 39 / Эслатиб ўтамиз!

Солиқлар ўз вақтида тўланиши керак

 

2017 йил учун жисмоний шахсларнинг «мулкий» солиқларни тўлаш муддати яқинлашиб қолди. У тугашига оз вақт қолди – фуқаролар мол-мулк солиғи ва ер солиғини

15 октябрга

қадар тўлашлари зарур.

 

Солиқларни ким тўлаши керак

Мулкида республика ҳудудида жойлашган уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовли иморатлари, гаражлар ва бошқа иморатлар, жойлар, иншоотлар бўлган, шунингдек мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар солиқларни тўлаши керак.

Бироқ ушбу солиқларни тўлашдан аввал уларни тўлаш тўғрисида тўлов хабарномаси келган-келмаганлигини, унда хатолар бор-йўқлигини текшириш лозим. Агар нимадир нотўғри кўрсатилган бўлса, тўлашнинг сўнгги кунини кутмасдан, барча саволларни олдиндан ҳал қилган маъқул.

Мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ДСИ ходимлари солиқ тўловчига ҳар йили 1 майдан кечиктирмай хабарнома топширадилар. Яъни бу солиқларни ҳисоблашингизга ҳожат йўқ, сизнинг ўрнингизга буни солиқ органлари қиладилар. Бунинг устига, солиқ тўловчининг яшаш жойидан қатъи назар, ҳисоб-китоб ва тўлов мол-мулк объекти ёки ер участкаси жойлашган жойда амалга оширилади.

 

Хабарнома олиб келмаган бўлсалар-чи?

Эҳтимол, ДСИ сизда мавжуд мулк ёки ер участкаси ҳақида маълумотларга эга эмасдир. Бу ҳолда ДСИга мурожаат қилиш ва бунинг сабабини аниқлаш даркор.

ДСИ ходимларига солиқларни ҳисоблаб чиқариш учун маълумотларни тегишли ваколатли органлар ҳар йили 1 февралгача тақдим этадилар. Тегишли ҳудудда жойлашган ер участкалари ва бошқа кўчмас мулкнинг мулкдорлари (эгалари) ҳақидаги ахборот рўйхатдан ўтказувчи органлар томонидан 1 январдаги ҳолатга кўра тақдим этилади. Йил мобайнида ер участкаси ёки бошқа кўчмас мулкка ҳуқуқ вужудга келганида солиқ органлари у давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ичида бу ҳақда хабардор қилинадилар. Нотариал идоралар кўчмас мулкнинг олди-сотди шартномаларини, мерос бўйича ёки ­ҳадя қилиниши натижасида фуқаролар мулкига ўтаётган кўчмас мулкларни тасдиқлаганликлари ва унинг қиймати ҳақида 10 кундан кечиктирмай хабар берадилар. Ахборот тақдим этишнинг бундай тизимига қарамай, хатоларга йўл қўйилиши эҳтимоли бор.

Хабарнома олиб келмаган бўлсалар ва қандайдир сабабларга кўра бунинг сабабини сўраб солиқ идорасига мурожаат қилмаган, келаси йил ҳам буни қилишни режалаштирмаётган бўлсангиз, солиқ органлари солиқ даври – календарь йил тугагандан кейин 5 йил давомида солиқларни ҳисоблашга ёки ҳисобланган суммани қайта кўриб чиқишга ҳақли эканликларини ёддан чиқарманг.

 

Хабарномада хатога йўл қўйилган бўлса

Мисол учун, объект манзили, майдони, инвентарлаш қиймати нотўғри кўрсатилган бўлиши мумкин. Шу сабабдан солиқ суммаси ҳам нотўғри ҳисобланган бўлиши эҳтимол. Бу ҳолда ҳам мол-мулк ёки ер участкаси жойлашган жойдаги ДСИга мурожаат қилиш ва хато ҳақида хабардор қилиш зарур. Масалан, энди мол-мулк сизга тегишли эмаслигини маълум қилиб, олди-сотди шартномаси нусхасини тақдим этишингиз лозим.

Солиқ ҳисобланганини текшираётганда – якка тартибдаги тадбиркор ҳисоблансангиз ҳамда турар жой ёки ер участкасидан унда жойлашган уйда истиқомат қилиш билан бир вақтда товарлар ишлаб чиқариш (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш) учун фойдаланаётган бўлсангиз, солиқларни жисмоний шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўлашингизни ҳисобга олинг.

Агар кўчмас мулкингиздан фақат тадбиркорлик фаолиятида фойдаланаётган (истиқомат қилмасдан), юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага бераётган бўлсангиз, у ҳолда солиқларни юридик шахслар учун белгиланган ставкада тўлашингизга тўғри келади. Бу нотурар жойларга ҳам тегишли: агар ана шундай объектни мулк сифатида сотиб олган ёки турар жойлар тоифасидан ўтказган бўлсангиз – солиқни юридик шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўлайсиз. Бунда имтиёзлардан ҳам фойдалана олмайсиз.

 

Хабарномада имтиёзлар ҳисобга олинмаган бўлса

Солиқларни тўлаш чоғида имтиёзларга ҳақли бўлсангиз, уларни тасдиқловчи ҳужжатларни ДСИга мустақил равишда тақдим этишингиз зарур. Акс ҳолда имтиёзлар ҳисобга олинмаган хабарнома оласиз.

Солиқ тўловчи имтиёзларга ҳақли эканлигини билмаган, тегишинча, ҳужжатларни тақдим этмаган бўлса-чи? Бу ҳолда солиқ даври – календарь йил тугагандан кейин 5 йил давомида ортиқча тўланган солиқларнинг ҳисобга олиниши ёки қайтарилишини талаб қилишга ҳақли бўлади. Масалан, агар бу йил имтиёзларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилса, 2012–2016 йиллар учун солиқлар қайта ҳисобланади.

Имтиёз олиш ҳуқуқига эга ёки эга эмаслигингизни Солиқ кодекси: мол-мулк солиғидан – 275-моддаси, ер солиғидан – 290-моддаси бўйича текширишингиз мумкин.

 

Ахборот – Интернет орқали

«Электрон солиқ хизматлари» солиқ органлари электрон давлат хизматлари порталида (my.soliq.uz) тўланадиган солиқларнинг ҳисобланган суммаларини аниқлаштириб олиш мумкин. Бунинг учун «Шахсий кабинетлар» – «Жисмоний шахслар учун» бўлимида «Кабинетга кириш» тугмачасини босамиз. Фақат ЭРИ (электрон рақамли имзо) калити бўлганда ушбу интерактив хизматдан фойдаланиш мумкин. Уни прописка қилинган жойидан қатъи назар исталган ДСИда олиш мумкин. ЭРИ калитининг қиймати тўлов кунида белгиланган ЭКИҲнинг 10%ини (бугунги кунда – 14 977,5 сўм) ташкил этади.

Ҳозирча электрон калити бўлмаганлар ҳам сайтда айрим хизматлардан фойдаланиши мумкин. Масалан, ўша бўлимда «Хизматлар» тугмачасига, кейин эса «Жисмоний шахсларнинг солиқлари бўйича маслаҳатчи» иловасига босиб, жисмоний шахслар тўлайдиган барча солиқлар юзасидан берилган ахборот билан танишиб чиқиш мумкин.

 

Электрон калькулятор эса ҳисоблаб беради

Худди шу «Шахсий кабинетлар» – «Жисмоний шахслар учун» бўлимида ўз солиқларини мустақил равишда ҳисоблаш ва бу билан улар тўғри ҳисоблаб чиқарилганини назорат қилиш мумкин. Бунда «Мол-мулк солиғи калькулятори» ва «Ер солиғи калькулятори» ёрдам беради. Бунинг учун катакларга солиқ тўловчига доир ахборотни қайд этиш лозим. Калькуляторларда солиқ имтиёзларини автоматик чегириш имкони ҳам назарда тутилган. Имтиёзни киритиш учун уни рўйхатдан танлаб олиш керак.

Мол-мулк ёки ер участкасига доир зарур бошланғич ахборотни қайд этиш учун «Ҳисоблаш» тугмачасини босасиз – тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси, шунингдек унга доир имтиёз суммаси акс этади.

 

Солиқларни тўлаб, хотиржам бўлинг

Солиқларни тўлаш учун банкка бориш шарт эмас – уй ёки офисдан туриб ҳам тўғридан-тўғри унинг хизматларидан фойдаланиш мумкин.

Бугунги кунда Ўзбекистондаги деярли барча банклар юридик ва жисмоний шахсларга Интернет орқали ўз банк ҳисобрақамини бошқариш имконини берувчи «Интернет-банкинг» сервисини тақдим этмоқда. Ушбу сервис билан тўлақонли ишлаш учун тегишли илова юклаб олинган компьютер ёки уяли алоқа телефонига эга бўлиш, Интернетга уланиш ва хизмат кўрсатувчи банкдан электрон калитни олишнинг ўзи кифоя.

Уяли алоқа телефони ва муайян тўлов сервислари – Click (www.click.uz), Mbank (www.mbank.uz), U-Pay (www.u-pay.uz) ёки Payme (www.payme.uz) орқали ҳам солиқларни тўлаш мумкин.

Агар муайян сабабларга кўра солиқларни белгиланган муддатдан кечроқ тўласангиз, солиқ органлари тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,033% миқдорида ­пеня ҳисоблайдилар.

Масалан, 25 500 сўм миқдоридаги мол-мулк солиғи бўйича хабарнома олгач, солиқни 30 октябрда, яъни 16 кунга кечиктириб тўладингиз (15–30 октябргача). Бунда солиқ бўйича асосий қарз – 25 500 сўмдан ташқари пеня – 134,64 сўмни (25 500 х 0,033% х 16 кун) ҳам тўлашингизга тўғри келади. Бироқ бошқа солиқларингиз бўйича ортиқча тўлов мавжуд бўлса, ушбу ортиқча тўловга тенг суммага пеня ҳисобланмайди.

Солиқ органлари солиқларни ўз вақтида тўламаган жисмоний шахслар устидан солиқ қарзини, агар унинг суммаси йил бошида 5 ЭКИҲдан ошса (2017 йилда – 748 875 сўм), ундириш тўғрисидаги аризаларни судга беришга ҳақли. Бироқ 5 ЭКИҲдан кам миқдордаги қарз суммаси тўлаш муддатидан кейин йил давомида сўндирилмаса, бу суммага ҳам шу чора қўлланади.

 

Ирина АХМЕТОВА, «Norma Online» эксперти.  

Прочитано: 1832 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика