Давлат божхона қўмитасининг «Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига оид қатор қонунбузарлик ҳолатларини фош қилишди.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жисмоний шахслар томонидан товарларни акциз солиғи солинмасдан олиб киришнинг рухсат этилган меъёрларига мувофиқ юртимизга умумий оғирлиги 30 граммдан ортиқ бўлмаган 5 донагача заргарлик буюмларини олиб киришга рухсат этилади.
Қолаверса, божхона чегарасини кесиб ўтаётганда жисмоний шахслар томонидан тўлдириладиган йўловчи божхона декларациясининг 5-бандида ҳар қандай кўринишдаги ва ҳолатдаги қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмларнинг миқдори аниқ кўрсатилиши шарт.
«Тошкент-Деҳли» йўналишидаги парвоз олдидан самарқандлик Ж.А. 11,5 млн сўмдан ортиқ қийматдаги 180 грамм тиллани яширин йўллар билан олиб чиқишнинг антиқа йўлини танлади: у кийган шимнинг тугмалари ясама тарзда олтиндан бўлиб, улар божхоначиларни чалғитиш мақсадида устидан бўялган экан.
«Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари тилла ва заргарлик буюмларини божхона назоратидан четлаб олиб ўтишнинг жирканч усулини танлаган, яъни уларни ички аъзоларига беркитган ҳолда олиб ўтмоқчи бўлган бир қатор аёлларнинг қинғир қилмишларини фош қилишди. Хусусан, «Истанбул-Тошкент» рейси бўйича парвозини якунлаган Ш.М. хоним дастлабки маълумотларга кўра қиймати 3,3 млн сўмдан ортиқ бўлган 54 граммдан ортиқ заргарлик буюмларини худди шу усулда олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.
Шахсий кўрикдан ўтиш давомида божхоначилар ва холислар қаршисида уялиб қолганлардан яна бири – Х.А. хонимдир. У ички аъзоларига яширган салкам 5 млн сўмлик 60 граммдан ортиқ заргарлик буюмларини Бокуга олиб чиқишни режалаштирган экан.
Ҳиндистонга йўл олган Д.Х. ва унинг синглиси Д.М. хонимлар ҳам божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уриниб, йирик миқдордаги қуйма тиллаларни ички аъзоларига яширганча олиб чиқаётган пайтда тўхтатиб қолинди. Шахсий кўрикдан ўтказиш давомида Д.Х. оғирлиги 298 граммга тенг 3 дона қуйма тиллани, Д.М. эса 253 грамм оғирликдаги 3 дона қуйма тиллани ноқонуний равишда олиб чиқишга урингани маълум бўлди.
Бу ҳам етмагандек, ушбу шахслар картошка чипслари ва ярим тайёр угра қадоқлари ҳамда маҳсиларнинг ичига яширганча 2 турдаги 630 қутидан ортиқ сигареталарни ҳам олиб чиқишаётган экан.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.
«Тошкент-Аэро» ИБК ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда 2016 йилда 138 та божхона қоидабузарликлари аниқланган бўлиб, натижада қиймати 2,5 млрд сўмлик 41 кг дан ортиқ тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишининг олди олинди.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида эса мазкур йўналишда 20 та қонунбузарлик ҳолатлари фош қилиниб, қиймати 93,4 млн сўмлик 2,2 кг дан ортиқ тилла ва заргарлик буюмларининг яширинча олиб ўтилишига чек қўйилди.
Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати катта инспектори Ҳусен ТАНГРИЕВ тайёрлади.