Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг кўпчилиги кенг профилдаги асбоб-ускуналар ва товарларни импорт қилиб етказиб бериш билан шуғулланмоқда. Баъзан олиб кирилаётган товарни таснифлаш ва ТИФ ТН бўйича кодини аниқлаш жуда мушкул бўлади. Мутахассислар бунда йўл қўйилган, илк қарашда арзимасдек туюлган хато ТИФ иштирокчилари учун жиддий муаммога айланиши, уни ҳал этиш кўп куч ва маблағ талаб қилиши мумкинлигини яхши биладилар. Шу сабабли Божхона брокерлари уюшмаси (ББУ) «Norma» профессионал ривожланиш ўқув марказида ўтказган навбатдаги семинар «Ўзбекистон Республикаси ТИФ ТН бўйича товарларни таснифлашнинг назарий асослари ва амалий кўникмалари» мавзусига ва БЮДни тўлдириш чоғида кўп учрайдиган хатолар устида ишлашга бағишланди.
Машғулотларни ДБҚ вакиллари – Марказий божхона лабораторияси (МБЛ) бошлиғи Б.Абдуғаниев, Божхона статистикаси ва таҳлили марказининг бош инспектори Д.Исроилхонов ўтказдилар. Семинарда фирмалар – божхона брокерлари раҳбарлари (ББУ аъзолари), божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар, шунингдек МБЛ, Тошкент ва Тошкент вилояти бўйича ДБҚ бошқармалари ТИФ божхона постлари, «Тошкент АЭРО» ИБК ходимлари иштирок этдилар.
ЎзР ТИФ ТН янги таҳрирининг чиқиши мамлакатимиз иқтисодиётида 2017 йилги муҳим воқеалардан бирига айланади. Халқаро товар оқимларининг мунтазам ўзгарувчи тузилмаси, янги товарларнинг пайдо бўлиши, божхона хизматлари ҳамда Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизимидан (УТ) бошқа фойдаланувчиларнинг эҳтиёжлари эволюцияси УТ номенклатураси вақти-вақти билан янгиланишини талаб этмоқда. Шу сабабли Жаҳон божхона ташкилоти ушбу дастакни қайта кўриб чиқиш юзасидан мунтазам иш олиб боради ва ҳар 5 йилда УТ номенклатурасининг янги нашрини тасдиқлайди. УТнинг олтинчи нашри жорий йилнинг 1 январидан амал қилмоқда.
ЎзР ТИФ ТН 2012 йилда кучга кирган УТнинг бешинчи нашрига асосланган. ТИФ ТН янги версияси лойиҳаси устида фаол иш олиб борилмоқда – дея хабар берди ДБҚ Марказий божхона лабораторияси бошлиғи Бахтиёр Абдуғаниев. Кучга киргунга қадар ўтиш жадваллари амал қилади. Бир ТИФ ТН бошқасига алмашаётган пайтда айрим товарларни икки хил таснифлашни бартараф этиш учун шундай қилинмоқда.
Янги УТ ҳақида
ЎзР ТИФ ТН Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизими тўғрисидаги халқаро конвенцияга (Брюссель, 14.06.1983 йил, 1.01.1988 йилдан кучга кирган) асосланган. Конвенция миллий тарифларни ва статистик номенклатураларни қуриш учун асос сифатида дунёнинг қарийб барча мамлакатларида фойдаланиладиган товар номенклатурасини ўз ичига олади.
УТ тўғрисидаги конвенция, уни кўпинча «халқаро савдо тили» деб номлайдилар, товарлар оборотини осонлаштириш ва жадаллаштиришга қаратилган. УТнинг олтинчи нашридаги ўзгаришлар асосан агросаноат сектори, кимё, ёғочга қайта ишлов бериш, тўқимачилик саноати товарлари, шунингдек машинасозлик, қимматбаҳо бўлмаган металлар, транспорт воситалари ва айрим бошқа товарларга дахл этади.
УТ номенклатурасига ижтимоий масалаларни ҳал этиш (масалан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш) ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш учун аҳамиятга эга бўлган товарларнинг халқаро савдоси устидан назорат қилиш заруратини акс эттирувчи қоидаларнинг қўшилиши натижасида ушбу тузатишларнинг асосий қисми киритилди.
ТИФ ТН бўйича товарларни таснифлаш хусусиятлари
Товарларни эркин муомалага чиқариш режимида жойлаштираётганда божхона тўловлари ва солиқларни тўлаш учун ТИФ иштирокчилари товарлар биринчи навбатда таснифланиши кераклигини билишлари лозим. Яъни товарларнинг ЎзР ТИФ ТН бўйича коди (кодлари) белгиланади.
ТИФ ТН – товарлар таснифлагичи бўлиб, рақамли белги ёки рақамли белгилар (кодлар) гуруҳи кўринишидаги товар гуруҳлари, позициялари, ёрдамчи позициялари, кичик ёрдамчи позицияларини ўз ичига олади. Таснифлашнинг исталган даражасидаги позицияларга изоҳлар, шунингдек ТИФ ТН Талқинининг асосий қоидалари унинг ажралмас қисми ҳисобланади.
У божхона божи ставкаси тўғрилигини аниқлаш; товарнинг мазкур тури учун нотариф бошқарув чораларини қўллаш; ҚҚС, акциз ҳисоблаб ёзиш ва ундириш масаласини ҳал этиш; ташқи савдо статистикаси ва божхона статистикаси; божхона ҳуқуқбузарлиги ҳолатида ваколатли органлар қарор қабул қилиши мақсадида кўрсатилган код тўғрилигини назорат қилиш учун керак.
ТИФ иштирокчиси декларацияланаётган товарларни: номи, техник ва асосий тижорат тавсифлари, миқдори ва сифатини белгиловчиларни (стандартлар, навлар, маркалар, русумлар, артикллар, фирма номи ва ҳ.к.) қанчалик аниқ баён этса – божхона мақсадларида уларни идентификациялаш ва муайян ТИФ ТН 10 белгили кичик ёрдамчи позициясига аниқ киритиш имкони бўлади.
Б.Абдуғаниев семинар иштирокчиларига ТИФ ТН шаклланиш тузилмасини батафсил тушунтириб берди.
Маълумот учун. Божхона тўловларини асосли равишда ҳисоблаб ёзиш ва ундириш муайян товар кодининг тўғри белгиланишига боғлиқ. Бироқ декларацияланаётган товарларни ТИФ ТНда келтирилган товар позициясининг умумий номи билан кўрсатишга йўл қўйилмайди. Шунингдек товар номини, агар бу ном товарни аниқ тавсифламаса, ТИФ ТНда кўрсатиладиган номга мувофиқ кўрсатишга ҳам.
Талқин қилишнинг асосий қоидалари
Жаҳон бозорида муомалада бўлган замонавий товарларни ТИФ ТНга мувофиқ бир хилда таснифлаш қийин. Айтайлик, ПВХ плёнкасидан тайёрланган, натрий тузининг заҳарсиз эритмаси билан тўлдирилган, бир томонида металл пластина – «активатор» бўлиб, уни босганда иссиқлик ажралган ҳолда кристаллашув жараёни бошланадиган, кўп марта ишлатиладиган ўз-ўзидан исувчи термокимёвий грелкани қандай таснифлаш мумкин? Бир томондан, бу маиший электр ускуна (85-гуруҳ), бошқа томондан – кимёвий экзотермик реакция бошланиши учун алоқага кириши керак бўлган кимёвий реагентлар (38-гуруҳ) бўлса керак. Агар бундай товарларни таснифлаш босқичлари алгоритми тартибга солинмаса, ушбу аниқ товар ҳақидаги умумий базавий билимларимиз ва тасаввурларимизга қараб турли натижаларга эга бўламиз.
УТ ва ЎзР ТИФ ТН таркибий қисми бўлган Талқин қилишнинг асосий қоидалари (ТҚАҚ) – товарларни таснифлашда хатти-ҳаракатларнинг ўзига хос кетма-кетлиги деса бўлади. ТҚАҚ ёрдамида ТИФ ТНда товарларни таснифлаш гуруҳларига бир хилда киритиш принципига аниқ риоя этилади.
Олтита асосий қоида аниқ товар муайян товар позициясига, кейин – тегишли ёрдамчи позицияга, ундан сўнг – кичик ёрдамчи позицияга изчил киритилишини назарда тутади. Бу ЎзР ТИФ ТНга мувофиқ товарларни таснифлаш ва уларнинг кодини белгилаш операцияларининг принципиал чизмаси бўлиб, унга риоя этмаган ТИФ иштирокчилари декларациялашда кўпинча Ўзбекистон Божхона кодексида божхона қоидаларининг бузилиши деб баҳоланадиган хатога йўл қўядилар.
Товар кодини тўғри белгилаш учун товар аниқ номланиши ва тавсифланиши, таснифлагичнинг тузилишини билиш зарур.
ТҚАҚда товарларни таснифлашнинг асосий қоидалари шакллантирилган, бунда дастлабки 5 та қоида товар позициясини, олтинчиси эса – кичик ёрдамчи позицияни белгилаш учун мўлжалланган.
Товарни таснифлашда мазкур бўлимга кирувчи барча гуруҳларга тааллуқли бўлган Бўлимга изоҳларни албатта ўқиб чиқинг. Сўнгра Гуруҳларга изоҳлар билан ҳам албатта танишиб чиқинг.
Изоҳлар турли товар позициялари ўртасида аниқ чегарани белгилаш ва уларнинг устувор жиҳатларини аниқлаш имконини беради. Ушбу функцияга кўра Изоҳларнинг қуйидаги турлари ажралиб туради: товарни чиқариб ташлаш, товарни қўшиш, тушунчаларни белгилаш ва ҳ.к.
1-қоида товарни таснифлаш товар позицияси кодини излашдан бошланади, коднинг номида товар коди тилга олинган бўлади. Бунда бўлимлар ва гуруҳлар номлари фақат қидирув йўналишини белгилашга хизмат қилади.
Биринчи Қоидага асосланган ҳолда товарни таснифлаб бўлмаган ҳоллардагина кейинги Талқин қилиш қоидалари қатъий кетма-кетликда қўлланади.
Мисол учун, товар:
● турли материаллардан ташкил топиши ва ТИФ ТНда ўзининг мустақил рақамли кодига эга бўлган товарларни ўз ичига олиши (коньякли қаҳва, қумнинг цемент билан аралашмаси);
● қисмларга ажратилган ҳолда ёки тўлиқ бутланмаган бўлиши (қисмларга ажратилган мебель);
● турли функцияларни бажариши (қандил-вентилятор, кулон-соат);
● ТИФ ТНда ўз кодига эга бўлган товар бўлиши мумкин бўлган ўрамда ташилиши (шиша идишда газланган ичимлик, футлярдаги скрипка) мумкинлиги сабабли жуда кўп ҳолларда товар позициясини (товар рақамли кодининг дастлабки 4 белгисини) оддий усул билан (Изоҳлар ва товар позициялари номларидан фойдаланиб) аниқлаб бўлмайди.
Бу ҳолларда товар кодини белгилаш учун 2, 3, 4, 5-Қоидалар қўлланади.
Б.Абдуғаниев товарни тўғри таснифлаш учун уни тўғри идентификациялаш зарурлигини ҳам қайд этди. Яъни фақат товар номини эмас, балки аниқ вазифаси, таснифлари, таркиби ва бир турдаги товарларнинг муайян тоифасига киритиш учун етарли бўлган шу сингари маълумотларни ҳам аниқлаш лозим.
Агар товар позициялари номларида ёки Изоҳларда махсус кўрсатмалар бўлмаса, таснифлаш Талқин қилишнинг асосий қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
* * *
Б.Абдуғаниев, ТИФ постлари ходимлари семинар иштирокчиларининг айрим товарларни таснифлашга тааллуқли саволларига жавоб бердилар. Хусусан, МБЛ бошлиғи янги ТИФ ТН–2017 лойиҳасида «селфи-таёқ («ўзини ўзи суратга олиш» учун монопод)» товари, ТИФ ТН–2012 версиясида у 9006-товар позициясида кўрсатилган, ва шунга ўхшаш товарлар учун янги – 9620-товар позицияси жорий этилиши ҳақида хабар қилди. «Новвот» миллий ширинлиги эса 1704-товар позициясига киради.
ТИФ иштирокчиларида «домкратлар ва транспалетлар» товар кодини белгилаш юзасидан анчадан бери саволларни юзага келтираётган ТҚАҚга тўлиқ тушунтиришлар, шунингдек ТИФ ТН ўтиш жадваллари ББУ сайти – atb.uz да жойлаштирилади.
Хатолар устида ишлаш
ДБҚнинг «Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 2016 йил 21 апрелда кучга кирган. Унинг 2017 йил I чорагида қўлланиши таҳлили божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар БЮДни расмийлаштиришда айрим графаларни тўлдириш чоғида энг кўп хатога йўл қўйишларини кўрсатди, дея хабар берди ДБҚ Божхона статистикаси ва таҳлили марказининг бош инспектори Дилмуродхон Исроилхонов.
«Эркин муомалага чиқариш» божхона режими остида жойлаштирилаётган товарларга юк декларациясини тўлдираётганда қуйидаги графаларда хатоларга йўл қўйилади:
● 20-графа «Етказиб бериш шартлари» – 35 та хато (аниқланган барча хатолар ва камчиликларнинг 5,3%и);
● 31-графа «Юк жойлари ва товар тавсифи. Маркировка ва миқдор – Контейнерлар рақами – Товар тавсифи» – 59 та (8,9%);
● 34-графа «Келиб чиқиш мамлакати коди» – 167 та (25,2%);
● 37-графа «Процедура» – 40 та (6%);
● 40-графа «Умумий декларация/аввалги ҳужжат» – 87 та (13,1%);
● 44-графа «Қўшимча маълумотлар/тақдим этилаётган ҳужжатлар» – 119 та (17,9%);
● 46-графа «Статистик қиймат» – 123 та (18,6%);
● 47-графа «Божхона тўловларининг ҳисоби» – 6 та (0,9%).
БЮДни қандай қилиб тўғри тўлдириш мумкин
Божхоначи БЮД графаларини тўғри тўлдириш тартибини батафсил тушунтириб берди. У Йўриқномага мувофиқ 42-графада кўрсатилган фактура қиймати бўйича қайта ҳисобланган ва «CIP (CIF) – Ўзбекистон Республикаси чегараси» етказиб бериш шарти нархларига мослаштирилган 46-графадаги товарнинг статистик қиймати минг АҚШ долларида (вергулдан кейин 3 белгигача аниқлик билан яхлитланган) кўрсатилишини эслатиб ўтди.
37-графани тўлдиришда аввалги режим коди нотўғри кўрсатилган. Мисол учун – агар аввалги режим «Вақтинча сақлаш» режими бўлган бўлса, 70 ўрнига 74. Графада товарларни Ўзбекистон божхона чегараси орқали олиб ўтиш таомилининг 7 белгили коди кўрсатилади. Ушбу код учта таркибий қисмдан иборат:
дастлабки 2 та рақам – Божхона режимлари таснифлагичига (Йўриқномага 3-илова) мувофиқ арз этилаётган божхона режими коди;
иккинчи 2 та рақам – аввалги божхона режими коди. Агар аввалги божхона режими бўлмаса, «00» қўйилади;
охирги 3 та рақам – Товарларни олиб ўтиш хусусиятлари таснифлагичига (Йўриқномага 11-илова) мувофиқ декларацияланаётган товарларни олиб ўтиш хусусияти коди. Агар товарларни олиб ўтиш хусусияти белгиланмаган бўлса, «000» қўйилади.
Географик пункт мамлакат ичида (иккала мамлакат чегарасида эмас) жойлашган ҳолларда 20-графа иккинчи кичик бўлимидаги мамлакатнинг ҳарфли кодини электрон декларациялашда ҳарфли код учун ажратилган иккинчи катакда эмас, биринчи катакда кўрсатиш зарур.
40-графада аввалги режимлар ёзувларининг тартиб рақамлари кўрсатилади.
31-графани тўлдиришда ўнгдаги пастки бурчакда (кичик бўлимда) товар қўшимча ўлчов бирликларига эга бўлмаса ҳам, товар сони хато равишда кўрсатилган (41-графада код – «166»). Бу ҳолда 31-графанинг ўнгдаги пастки кичик бўлими тўлдирилмайди!
44-графада экспорт мамлакати БЮД рақамини кўрсатаётганда у тўлиқ ва аниқ қайд этилиши шарт.
34-графа «Келиб чиқиш мамлакати коди» тўлдирилаётганда товарнинг келиб чиқиш сертификатида кўрсатилган мамлакат коди нотўғри акс эттирилган. Дунё мамлакатлари таснифлагичига (Йўриқномага 5-илова) мувофиқ графанинг чапдаги кичик бўлимида 31-графада декларацияланадиган товарнинг келиб чиқиш мамлакати рақамли коди кўрсатилади.
Агар божхонада расмийлаштириш пайтида келиб чиқиш мамлакати номаълум бўлса, «000» коди қўйилади. Агар товарнинг келиб чиқиш сертификатида Европа Иттифоқидаги аниқ мамлакат кўрсатилмай, балки товарнинг келиб чиқиш мамлакати сифатида Европа Иттифоқи кўрсатилган бўлса, «EU» лотинча ҳарфлари билан 2 белгили ҳарфли код қайд этилади.
22-графани тўлдиришда энг танқидбоп хатоларга йўл қўйилган. Божлар, шу жумладан комбинацияланган божлар ставкаларининг миқдорлари нотўғри қўлланган, шунингдек валюта курсининг Ўзбекистон миллий валютасига нисбати нотўғри кўрсатилган. Графанинг чапдаги кичик бўлимида Валюталар таснифлагичига (Йўриқномага 8-илова) мувофиқ ташқи савдо контракти (шартномаси, битими) валютасининг рақамли коди кўрсатилади. Ташқи савдо контракти (шартномаси, битими) валютаси деганда етказиб берилаётган товар баҳоланган валюта тушунилади. Агар товар ташқи савдо контрактини (шартномасини, битимини) бажариш учун олиб ўтилмаётган бўлса, валюта коди товарга илова қилинувчи ҳужжатлар асосида кўрсатилади.
Ўнгдаги кичик бўлимда БЮДнинг 42-графасида кўрсатилган фактура қийматлари суммаси сифатида олинган товарларнинг декларацияланаётган туркуми умумий фактура қиймати рақамлар билан кўрсатилади.
Бошқа жиҳатлар
Д.Исроилхонов БЮДни тўлдиришдаги айрим муҳим жиҳатларга семинар иштирокчиларининг эътиборини қаратди. Экспорт божхона режимида декларация расмийлаштирилаётганда юк жўнатувчининг ўзи ишлаб чиқарган ёки ўзи ишлаб чиқармаган маҳсулотни экспорт қилаётганлиги ҳақида (тегишинча «1» ёки «0»), эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимида эса – юк олувчининг ўз эҳтиёжлари учун мўлжалланган ёки мўлжалланмаган маҳсулот олиб кириши ҳақида кўрсатма («1» ёки «0») 1-графанинг учинчи кичик бўлимида эмас, БЮДнинг 43-графасида қайд этилади.
Товарлар вақтинча сақлаш (ИМ70) ва божхона омбори (ИМ74) божхона режимлари остида жойлаштирилаётганда товар импортчиси (молиявий тартибга солиниши учун масъул шахс, пировард истеъмолчи) ҳақидаги маълумотлар номаълум бўлиши мумкин. Шу сабабли БЮДнинг 8-графасида товар импортчиси тўғрисидаги маълумотларни кўрсатиш шарт эмас.
54-графани тўлдираётганда брокер билан топшириғига биноан БЮД тақдим этилаётган шахс ўртасидаги шартнома рақами ва санасини кўрсатиш зарур. У ёки бу товар хато равишда бир нечта БЮД билан расмийлаштирилишининг олдини олиш ва бундай ҳолатларни бартараф этиш учун мутахассис қайд этган БЮДнинг тартиб рақамини ҳам кўрсатиш талаб этилади.
ДБҚ Божхона статистикаси ва таҳлили марказининг бош инспектори семинар иштирокчиларининг бошқа саволларига, шу жумладан божхона қийматини аниқлаш ва БЮДни қайта расмийлаштиришга доир саволларига ҳам жавоб берди.
Гулнора АБДУНАЗАРОВА,
махсус мухбиримиз.