Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 18 / Жавоб берамиз

Ҳамхоналар розилигини олиш шартми?

 

Мен 1982 йили Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси томонидан берилган квартирага эгаман. 1993 йилда уни хусусийлаштирдим ва олди-сотди далолатномаси орқали Тошкент шаҳар ҳокимлиги маҳкамасининг коммунал мулкчилик ва хусусийлаштириш бош бошқармасидан сотиб олдим, бош бошқарма менга уй-жой шахсий мулким эканлигини тасдиқловчи давлат далолатномасини берди.

Квартирамни ижарага бериш учун нотариусга мурожаат қилганимда квартирада доимий прописка қилинган фуқароларнинг ҳам унинг хусусийлаштирилишига розилигини олишим кераклигини, шунингдек Тошкент шаҳар уй-жойларга давлат ордерлари ва маълумотномалар бериш марказидан маълумотнома олиб келишимни айтишди. Марказга борганимда улар 75 000 сўмни кассага тўлашим ва 10 кундан кейин келишимни тайинлашди.

1. Квартира 24 йил илгари хусусийлаштириш жараёнида сотиб олинган бўлиб, унга эгалик қилиш ҳуқуқи менда бўлса, юқорида талаб қилинган маълумотларни олиб келишим ҳамда хусусийлаштиришга ўз розилигини берган шахсларнинг розилигини олишим кераклиги тўғрисидаги талаб қонунийми? Агар қонуний бўлса, бу қайси қонун ҳужжатларида белгиланган?

2. Марказга шу турдаги маълумотномани олиш учун 75 000 сўм тўланиши қонунийми, у қайси қонун ҳужжатларида белгиланган? Марказ маълумотномаларни қанча муддатда тақдим этиши керак?

Н.Рўзимуротов.

Тошкент шаҳри.

 

1

Нотариуснинг талаблари қонуний.

Хусусийлаштирилган квартира ёки уй мулкдорининг вояга етган оила аъзолари ва уй-жойнинг хусусийлаштирилишига розилик берган шахслар ҳам уларнинг умумий мулки бўлмиш хусусийлаштирилган квартира ёки уйга нисбатан қонунда белгиланган тартибда тенг ҳуқуқларга эга бўладилар ва тенг мажбуриятларни бажарадилар (УЖКнинг 32-моддаси 5-қисми).

Шунга кўра, хусусийлаштирилган квартира ёки уйни сотиш, айирбошлаш, ҳадя қилиш ёки ижарага, арендага бериш учун квартира ёки уй мулкдорининг вояга етган оила аъзолари ва квартира ёки уйнинг хусусийлаштирилишига розилик берган шахсларнинг розилиги олиниши керак (УЖКнинг 32-моддаси 6-қисми).

Шунга ўхшаш қоида «Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида»ги Қонунда ҳам белгиланган, унга биноан хусусийлаштирилган турар жой эгасининг оила аъзолари ҳамда турар жой майдонига ҳақли бўлиб, уни хусусийлаштиришга розилик берган шахслар шу турар жой майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар, хусусийлаштирилган уй-жойни сотиш ёки ижарага бериш уларнинг розилиги билан амалга оширилади (13-модданинг 4-қисми).

Мулк ҳуқуқи асосида фуқароларга тегишли бўлган кўчмас мулк (уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ва бошқалар) ижарага берилишида ижара шартномасини нотариал тартибда тасдиқлашда нотариус қуйидагиларни талаб қилади:

– кўчмас мулк объектининг кадастр йиғмажилди. Бунда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, Бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда кўчмас мулкнинг умумий майдони ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган тегишли ҳужжатлардан нусха олиниб, кадастр йиғмажилдининг асли қайтариб берилади;

– ижарага берилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида доимий прописка қилинган шахслар ҳақида фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан берилган маълумотнома ёки уй дафтаридан кўчирма;

– мулкдорнинг ижарага берилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида доимий прописка қилинган вояга етган оила аъзоларининг (эри (хотини) ва уларнинг фарзандлари) розилиги.

Агар хусусийлаштирилган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ижарага берилганда, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари (Тошкент шаҳрида – «Тошкент шаҳрида уй-жойга давлат ордерлари ва маълумотлар бериш маркази» давлат унитар корхонаси) томонидан берилган хусусийлаштиришда розилик берган шахслар ҳақидаги маълумотнома ва уларнинг розилиги ҳам талаб қилинади (Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқноманинг 136-банди 8-хатбошиси, АВ томонидан 30.03.2010 йилда 2090-сон билан рўйхатдан ўтказилган)).

 

2

Марказнинг талаби қонуний.

Хусусийлаштирилган квартиралар (квартираларнинг бир қисми), уйлар (уйларнинг бир қисми)ни бошқаларга бериш ва мерос қилиб қолдиришда мулкчилик ҳуқуқининг ўтиши ҳақидаги шартномаларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида низомнинг (ВМнинг 1994 йил 4 апрелдаги 180-сон қарорига 1-илова) 5-банди 9-хатбошисида алоҳида уй (уйнинг бир қисми) ёки квартирани хусусийлаштиришга розилик берган шахслар тўғрисидаги маълумотнома берилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг ярми миқдорида (74 887,5 сўм) йиғим ундирилиши белгиланган.

Бунда Низомда маълумотнома бериш муддати кўрсатилмаганлиги боис, 10 кунлик муддат Марказнинг ички тартиби қоидалари билан ўрнатилган бўлиши мумкин.

 

Жамолиддин ВАККАСОВ, «Norma Online» эксперти.

Прочитано: 1772 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика