Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 18 / Жавоб берамиз

Мақомимизни аниқлаб беринг

 

Бугунги кунда республикамизнинг қонун ҳужжатларида «давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари» деган атамалар кенг қўлланилмоқда. Баъзида муайян корхонага нисбатан ушбу мақомларнинг қайси бири тўғри келишини билмай қоламиз. Корхонамиз ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 19 май 2003 йилдаги «Нефть маҳсулотлари билан таъминлаш тизимини ва уларни сотишда ҳисоб-китоб қилиш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 225-сон қарори асосида ташкил этилган, у шу кунгача фаолият юритиб келади. Юридик шахсларнинг давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномага кўра корхонамизнинг ташкилий-ҳуқуқий шакли коди – 1200, мулкчилик шакли коди – 135, юридик шахс коди – 19032043, асосий фаолият тури коди – 71150.

Нефть базаси негизида ташкил этилган корхонамиз юқоридаги ташкилий-ҳуқуқий шаклларнинг қайси бирига тегишли эканлигини билмоқчи эдик

О.Абдуллаев.

Қорақалпоғистон Республикаси.

 

Корхонангиз юқорида кўрсатилган мақомларнинг ҳеч бирига тааллуқли эмас.

Ҳукуматимизнинг 225-сон қарорига асосан корхонангиз унитар корхона шаклида ташкил этилиб, тегишинча, «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компаниясининг тасарруфига киритилган.

Давлат бошқаруви органларига вазирликлар, давлат қўмиталари, қўмиталар, агентликлар, шунингдек улар ҳузурида ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида ташкил этиладиган давлат бошқаруви тузилмалари киради (ЎзР Президентининг 9.12.2003 йилдаги ПФ-3358-сон Фармони 1-банди). Шунинг учун унитар корхона бу турдаги ташкилотлар қаторига кирмайди.

Таркибига кирувчи корхоналарнинг хўжалик бирлашмасига тегишли бўлган акция пакетлари орқали ана шу корхоналарнинг хўжалик бошқарувини амалга оширувчи акциядорлик компаниялари, шу жумладан давлат-акциядорлик компаниялари хўжалик бошқаруви органлари ҳисобланади (Президентнинг 22.12.2003 йилдаги ПФ-3366-сон Фармонининг 1-банди 1, 2-хатбошилари). Хусусан, корхонангиз бевосита тасарруфида бўлган «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси ҳам хўжалик бошқаруви органи ҳисобланади.

Шу тариқа, унитар корхонангиз хўжалик бошқарув органлари ҳисобланган ташкилотлар қаторига ҳам кирмайди.

Саволингизда корхона ташкилий-ҳуқуқий шаклининг кодини 1200 деб ва мулкчилик шакли кодини – 135 деб кўрсатгансиз. Хўжалик юритувчи субъектларнинг ташкилий-ҳуқуқий шакллари таснифлагичига кўра бу код унитар корхоналарга тегишлидир. Давлат корхоналарининг коди 1110 бўлиб, булар турли хил шаклдаги корхоналар ҳисобланади.

Фуқаролик кодексининг ­70-моддасида унитар корхонанинг таърифи баён қилинган бўлиб, унга биноан ўзига бириктириб қўйилган мол-мулкка нисбатан мулкдор томонидан мулк ҳуқуқи берилмаган тижоратчи ташкилот унитар корхона ҳисобланади.

Давлат корхонаси эса давлат мулкидаги, ўзига тезкорлик билан бошқариш учун берилган мулк негизида ташкил этилган давлат унитар корхонаси шаклидаги тижорат ташкилотидир, у ўзига бириктирилган мулкдан қонунда белгиланган доирада, ўз фаолияти мақсадларига, мулкдорнинг (ёки унинг топшириғига кўра у ваколат берган давлат органи – муассиснинг) топшириқларига ҳамда эгалик қилиш ҳуқуқидаги мулкнинг мақсадига мувофиқ мулкдан фойдаланишни ва уни тасарруф этишни амалга оширади. Бунда давлат бошқарув органи, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари давлат корхонасининг муассиси бўлиши керак (ВМнинг 2006 йил 16 октябрдаги 215-сон қарорига 1-илованинг 2-банди 1, 2-хатбошилари).

Агар юқорида келтириб ўтилган органлардан бири унитар корхонанинг муассиси бўлмаса, корхона давлат корхонаси деб топилмайди.

Шунингдек, давлат муассасалари ва ташкилотлари бюджет ва бюджетдан ташқари ташкилотларга ажратилиб, барчаси нотижорат ташкилотлар ҳисобланади. Унитар корхона эса тижорат ташкилоти бўлганлиги боис уни давлат муассасаси ёки ташкилоти деб эътироф этиб бўлмайди.

 

Жамолиддин ВАККАСОВ, «Norma Online» эксперти.

 

Прочитано: 1618 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика