Ташкилотимиз дори-дармон воситалари билан улгуржи ва чакана савдо қилиш соҳасида фаолият юритади. Янги қоидаларга кўра улгуржи савдо учун 15% ва чакана савдо учун 20% миқдоридаги чекланган савдо устамасини белгилашга рухсат берилган. Мисол учун, дори-дармон воситаларини ишлаб чиқарувчилардан 1 000 сўмга сотиб оламиз ва 1 150 сўмлик қийматда (1 000 + 15%) улгуржи сотамиз. Ушбу маҳсулотни чаканага 1 380 сўмдан (1 150 + 20%) сотишимиз мумкинми?
Ёки уларни 1 200 сўмдан (1 000 + 20%), яъни харид қийматига 20%лик устамани қўллаган ҳолда сотишимиз керакми?
Агар корхона дори-дармон воситалари билан ҳам улгуржи, ҳам чакана савдо қилса, чакана савдо учун энг юқори устамани қандай ҳисоблаб чиқариш мумкин?
Ш.Ҳусанов,
МЧЖ раҳбари.
– Ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситаларини қайд этилган нархда сотиш зарур (Рўйхат, 31.10.2016 йилдаги ПҚ-2647-сон қарорга 1-илова).
Рўйхатга киритилмаган медикаментлар нархини шакллантиришда иккала устамани (тартибга солинадиган нарх) қўллашингиз мумкин.
Дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотувчи корхоналар, башарти харажатларнинг ҳисобини алоҳида-алоҳида юритсалар, ҳар бир бўғин – улгуржи ва чакана устамаларни қўллаган ҳолда чакана савдони амалга оширадилар (Низомнинг 17-банди, ПҚ-2647-сон қарорга 4-илова).
МИСОЛ. Корхона дори-дармон воситаларининг улгуржи савдоси билан шуғулланади, шу билан бирга чакана савдо тармоғи мавжуд. Корхона маҳаллий ишлаб чиқарувчидан дори-дармон воситасининг битта бирлигини 1 000 сўмдан сотиб олди. Ушбу дори-дармон воситаси Рўйхатга киритилмаган, тегишинча, уни тартибга солинадиган нархда сотиш мумкин, у қуйидагича ҳисоблаб чиқарилади:
улгуржи нарх: 1 000 х 1,15 = 1 150 сўм.
Чакана тармоқда дори-дармон воситасининг нархи қуйидаги миқдорни ташкил этади:
чакана нарх: 1 150 х 1,2 = 1 380 сўм.
Яъни улгуржи нархга чакана устама қўлланади.
Дори-дармон воситаларининг улгуржи ва чакана савдоси ҳисобини алоҳида-алоҳида юритиш, шунингдек корхона фаолиятининг иккала йўналиши бўйича харажатлар ҳисобини алоҳида-алоҳида юритиш зарурлигига эътиборингизни қаратамиз.
Дарина Абухович,
«Norma Online» эксперти.