Қандай ер ва қайси вақт божхона расмийлаштируви учун белгиланмаган деб ҳисобланади? Агар товар шанба куни расмийлаштирилса, нима учун божхонага 10 евро тўлаш керак?
Нима учун шанба куни божхонада ишланмайдиган кун ҳисобланади? Божхона иш тартибини ким белгилайди?
ХК бош бухгалтери.
– Божхона органларининг иш тартиби ДБҚ раисининг ички буйруғи билан тасдиқланган. ТИФ божхона постлари учун 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган. Тегишинча, шанба ва якшанба – дам олиш кунлари.
Божхона расмийлаштируви божхона органлари жойлашган ерда ва уларнинг иш вақтида амалга оширилади. Шунингдек у декларантнинг ёки бошқа ваколатли шахснинг сўровига кўра ва унинг ҳисобидан бошқа жойларда ҳамда божхона органининг ишдан ташқари вақтида амалга оширилиши мумкин. Чунончи, божхона расмийлаштирувининг божхона органлари жойлашган ерларда эмас, балки бевосита ўз ҳудудларида ёки биноларида амалга оширилишидан манфаатдор бўлган шахслар бу органларга хизмат ва маиший биноларни, ускуналарни ҳамда алоқа воситаларини текин асосда фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этади (Божхона кодексининг 247-моддаси).
Бу ўринда манфаатдор шахс – товарлар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштирувини бунинг учун белгиланган ерлардан ташқарида ва божхона органларининг белгиланган ишдан ташқари вақтида ўтказиш илтимоси билан божхона органига ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилган юридик ёки жисмоний шахс.
Товарларнинг божхона расмийлаштируви учун божхона йиғимлари қуйидагича ундирилади:
● уни амалга ошириш ерларидан ташқарида кундузги вақтда (9.00–18.00 иш вақтида) – божхона органининг 1 та ходими ҳар бир иш соати учун 5 евро;
● ишдан ташқари вақтда (18.00–9.00), дам олиш ва байрам кунларида – божхона органининг 1 та ходими ҳар бир иш соати учун 10 евро («Экспорт» божхона режимидан ташқари);
● «Экспорт» божхона режимига жойлаштириладиган, уни амалга ошириш ерларидан ташқарида – божхона органининг 1 та ходими ҳар бир иш соати учун ЭКИҲнинг 10%и (АВ томонидан 11.05.2000 йилда 925-сон билан рўйхатдан ўтказилган Тартибнинг 6-банди).
Маълумот учун. Агар бунинг учун белгиланган ерлардан ташқарида ва божхона органларининг белгиланган ишдан ташқари вақтида божхона расмийлаштирувига 1 соатдан кам вақт сарфланган бўлса, божхона органининг 1 та ходими тўлиқ иш соати учун белгиланганидек божхона йиғимлари ундирилади.
Товарларнинг божхона расмийлаштируви бунинг учун белгиланган ерлардан ташқарида амалга оширилганда вақт ҳисоби божхона расмийлаштируви бошланиши билан юритилади ва буюртма-наряд имзоланиши билан якунланади.
Божхона йиғимлари Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси – сўмда тўланади. Еврони сўмга қайта ҳисоблаш товарнинг божхона расмийлаштируви кунида амалда бўлган Марказий банк курси бўйича амалга оширилади.
Тартиб Божхона кодексининг 291-моддаси ва Вазирлар Маҳкамасининг «Божхона йиғимлари ставкалари тўғрисида»ги қарорига (30.04.1999 йилдаги 204-сон) мувофиқ ишлаб чиқилган.
Божхона брокери ушбу маълумотларнинг ҳаммасини сизга етказиши керак эди. Агар буни уддалай олмаган бўлса, талаб қилинадиган малакага эга эмаслиги эҳтимолдан йироқ эмас. Божхона брокерини алмаштиришингизни тавсия этамиз.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.