Norma.uz
СБХ / 2017 йил / № 17 / Долзарб мавзу

Нарх ҳамма учун бирдек бўлмаса...

 

Трансферт нархларни тартибга солувчи аниқ қоидаларнинг мавжуд эмаслиги тадбиркорлик субъектлари учун хатарларни юзага келтириб, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқиб келишига тўсқинлик қилиши мумкин

 

Агар иккита ўзаро алоқадор юридик шахс махсус ички нархлар билан битимлар тузса, уларнинг ҳамкорлиги фискал назорат объектига айланади. Бунда қонун ҳужжатларида трансферт нархларни белгилашга доир аниқ қоидалар мавжуд эмас. Битимнинг бозор нархидан солиқларни ҳисоблаш талаби бор, бироқ мазкур ҳолда айни қандай бозор нархи тўғри бўлиши кўрсатилмаган. Бинобарин, ҳар қандай ҳисоб-китоб юзасидан низолашиш мумкин.

Бир томондан, трансферт нархлар очиқ-ойдин бошқарилмаслигига солиқ мажбуриятларини пасайтиришга қарши табиий тўсиқ сифатида қараш мумкин. Бошқа томондан – аффилланганлик ва ички нархлар кўпинча ХИИК билан боғлиқ, хорижий инвесторлар эса иш юритиш қоидаларидаги ноаниқликларни хуш кўрмайдилар.

Ўзбекистондаги «Deloitte» компаниясининг Солиқлар ва ҳуқуқ департаменти менежери Андрей ТЁ ва «Nestle Uzbekistan» ҚК бош бухгалтери Гўзал ИСЛОМОВА муаммони муҳокама қилиб, трансферт нархларни қўлловчи компанияларга тавсиялар беришга розилик билдирдилар.

 

Муаммонинг моҳияти

– Агар аффилланмаган компанияга бозор қийматидан арзонроқ товар сотсак ёки хизматлар кўрсатсак, нима учун бу нормал ишбилармонлик амалиёти ва шартномавий нарх ҳисобланади? Бироқ ўзаро алоқадор шахсга шу нархда ниманидир сотсак, бу хатар саналади?

Г.И.: Трансферт нархлар белгиланиши фақат Солиқ кодексида ­(40-модда) атиги иккита хатбошида қайд этилган. Қоиданинг бутун моҳияти битта жумлада ўз ифодасини топган: «Агар ўзаро алоқадор юридик шахслар ўз тижорат ва молиявий муносабатларида ўзаро алоқадор бўлмаган юридик шахслар ўртасида қўлланилиши мумкин бўлган нархлардан фарқ қиладиган нархларни қўлласа, солиқ солинадиган база товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш нархлари асосида ҳисоблаб чиқариладиган солиқ солиш объектини аниқлашда давлат солиқ хизмати органлари ўзаро алоқадор бўлмаган юридик шахслар ўртасида қўлланиладиган нархлардан фойдаланади». Ва бундан кейин: ўзаро алоқадор юридик шахслар қуйидагилардир: ЎзРда рўйхатдан ўтказилган юридик шахслар ва уларнинг чет давлатлар юридик шахслари бўлган муассислари (иштирокчилари, аъзолари); чет давлатларнинг юридик шахслари ва уларнинг ЎзРдаги муассислари (иштирокчилари, аъзолари); муассислари (иштирокчилари, аъзолари) айни битта шахслар бўлган ўзбекистонлик ва чет давлатларнинг юридик шахслари.

– Муаммони нимада кўряпсиз?

Г.И.: Ўзаро алоқадор шахсларни қандай аниқлаш ва бу масалада нарх белгиланиши билан қай тариқа ишлаш тушунарсиз. Акцияларнинг 1%и – ўзаро алоқадорликми? Аффилланмаган шахс билан худди шу нархдаги битимимиз бозор нархида тузилган ҳисобланадими ёки йўқми? Аслида масала жуда жиддий, сабаби йирик корхоналарда бундай битимлар бўйича айланмага барча солиқлар: ҚҚС, фойда солиғи, пенсия ажратмалари солинади. Йирик бизнес бунга мунтазам тўқнаш келади – кўпчиликнинг хорижда шуъба тузилмалари бор.

Трансферт нархларнинг асосий – халқаро моҳияти – фойдани олиб чиқиш ва халқаро келишувлар ёки бундай мамлакатларда қўллаш мумкин бўлган имтиёзлар ҳисобига юкламаси озроқ мамлакатда унга солиқ солиш эканлиги аён. Шу сабабли қонун ҳужжатларида солиқ солинадиган базани бозор нархида ҳисоблаш талаб этилади. Амалиётда эса қуйидаги ҳолат юзага келади...

Корхона жаҳон бозорларида котировкаланадиган хом ашёдан (қимматбаҳо ва рангли металлар) маҳсулот ишлаб чиқаради дейлик. Корхона солиқ солиш учун қайси нархни таянч нарх сифатида олиши керак? Ташқи бозорнинг нархиними? Ички бозор нархиними? Агар бу йирик корхона бўлса, одатда у маҳсулотнинг қатъий тарифини белгилаган бўлади: агар трансферт нарх белгилаш қўлланаётган бўлса, солиқларни қўшимча ҳисоблаш учун айни у асос бўлади. Бошқа асосланган усуллар йўқ.

Солиқ инспекциясидагилар келиб, битим тузилган пайтда нархлар буткул бошқача бўлган деб ҳисоблаб, солиқ солинадиган базангизни «бозор» нархлари деб ҳисобланган даражагача олиб чиқиши хатари сақланиб қолаверади. Бу жиҳатдан аниқ регламентларнинг мавжуд эмаслиги корхонани солиқлар қўшимча ҳисобланиши хатаридан ҳимояламайди.

А.Т.: Ҳа, бунга қўшиламан, корхона текширув ва эътирозлар билдириш пайтида муайян объектив далилларга таяниши лозим. Солиқ кодексидаги трансферт нархлар белгиланишининг амалдаги формулировкаси эса солиқ органларига исталган вазиятда фақат ўз баҳолашларига таяниш ҳуқуқини беради, компанияларнинг улар юзасидан низолашиши жуда қийин бўлади.

 

Хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ битимлар

А.Т.: Ички ҳисоб сиёсати ва компания ичида белгиланиши мумкин бўлган қандайдир қатъий нархларга келсак, товар битимлари бўйича бу иш бериши эҳтимоли бор: қандайдир ўхшаш битимлар ёки биржадаги нархни топиш мумкин. Агар хизматлар ҳақида сўз борса-чи? Хизматнинг бозор қиймати ҳақида – бунинг устига у ноёб ҳам бўлса – умуман сўз юритиш жуда мушкул: нархингиз бозорники эмаслиги ҳақидаги даъвони қандай тақдим этиш, шунингдек бунинг аксини далил билан исботлаш мумкин.

Г.И.: Аксинча, хизматларнинг ноёблиги борасида нарх ҳақида сўз очилса, айни шунда низолашиш осонроқ, чунки бу ҳолда трансферт нархдан фойдаланиш далилининг ўзини асослаш анча мушкул. Ҳар қандай бошқа ўзаро алоқадор бўлмаган корхонага худди шу нархда ушбу хизматни кўрсатишимиз мумкинлигини айтишим мумкин. Бироқ шуъба корхонамдан бошқа ҳеч кимга бундай хизмат ҳозирча керак бўлмади. Бу ҳолда қиймат баҳосини тасдиқлаш осон эмас. Шартли равишда гапирганда, агар бу хизмат бўйича умуман таннарх шакллантирилса, баҳо таннархдан паст эмас.

Масалан, мен аудит хизматини кўрсатаман, шунга ўхшаш хизматларнинг бозордаги ўртача қиймати маълум. Бироқ аудит қиймати меҳнат сарфидан келиб чиқиб шакллантирилишини ҳаммамиз биламиз. Уларни баҳолаш эса – алоҳида олинган ҳар бир аудиторлик ташкилотининг субъектив услубиятидир: бунда ҳамма нарса аудитнинг муайян тури ва объектга боғлиқ. Ҳатто битта сектордаги корхоналарда ҳам аудит қиймати ҳеч қачон ўхшаш бўлмайди. Шу сабабли хизматлар соҳасида трансферт нарх белгилаш ҳақида сўз юритилса – уни умуман ҳеч бошқариб бўлмайди. Бироқ солиқ органлари бу ерда уни жиддий кўриб чиқмайдилар, сабаби «бозор» қийматини ҳисоблашда уларнинг ўзлари ҳеч нимага таяна олмайдилар.

Бундан ташқари, бизда нарх эркин белгиланади. Агар бизда нарх келишилган десам, бу ҳақиқатан шундайлигини англатади. Трансферт нарх белгилашда дастлаб битимда қандай томонлар қатнашганини текширадилар. Ҳатто у умуман «нормал» нархда, бироқ ўзаро алоқадор томонлар ўртасида тузилган бўлса – унга доир операциялар бошқа барча ўхшаш битимлардан кўра батафсилроқ кўриб чиқилади. Назорат органи айни хориждаги аффилланган корхона билан тузилган битимнинг қандайдир нуқсонларини топишга уринади.

 

Товар билан боғлиқ битимлар

Г.И.: Энг катта муаммо – товар билан боғлиқ битимлар. Биринчидан, юқорида айтганимиздек, аффилланганликнинг аниқ таърифи йўқ. Ўзаро алоқадор шахс – менинг муассисим холос. Ёки у қандайдир ҳал қилувчи овозга эга бўлиши керакми? Менда шартли равишда гапирганда 3 000 акциядор бор. Биттаси миноритарий, унинг 1 та акцияси 1 000 сўм – у менинг ўзаро алоқадор шахсимга айланадими ёки йўқми? Агар айланса, бу ҳақиқатан катта муаммо, сабаби бу ҳолда юридик ва жисмоний шахслардан иборат кўп сонли персоналий ушбу тоифага киради.

Иккинчиси – ундан ҳамма солиқларни тўлашим керак бўладиган қийматни аниқлаш. Ўз шуъба корхонамга ниманидир белгиланган тарифдан паст нархда сотсам, бир гап. Агар менда товарларга белгиланган нархлар бўлмаса-чи? Ҳамма нархлар келишилса-чи? Улар ҳам бозор нархлари, очиқ нархлар... Бироқ биржада бир нарх, дилерда бошқа, харидорингиз билан сизда – учинчиси... Агар ўз шуъба корхонангизга сотаётган бўлсангиз, солиқ солинадиган базани аниқлаш учун уларнинг қай бирини олиш керак? Нима учун?

А.Т.: Бу ўринда аффилланганлик ўрнига бир субъектни бошқаси назорат қилиши ҳақида гапириш тўғрироқ бўлса керак. Бунда миллий қонунчилигимиз бизга тақдим этадиган аффилланганлик ва ҳатто назорат мезонлари ҳамма вазиятда ҳам реал ҳолатга мувофиқ келмайди. Мисол учун, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 85-моддасига мувофиқ улушли иштирокнинг 20%лик чегараси белгиланган. Сизда барча акцияларим 20%идан ортиқ бўлса – мени назорат қиласиз, 20%идан кам бўлса – назорат қилмайсиз. Бироқ бунинг ҳаммаси шартлику! Масалан, агар сизда 20%, менда эса 80% бўлса, фоизларингиз қарийб ҳеч қанча эмас. Акси ҳам бўлиши мумкин: сизда 20%, 80 та бошқа акциядорлар эса 1% акцияга эга. Бу ҳолда қолган улушлар 1–2%дан иборат бўлса, 15%да ҳам ҳал қилувчи овозга эга бўлишингиз мумкин.

Г.И.: Жаҳон амалиётида назорат қилиш фақат акцияларга эгалик қилишдан иборат эмас. Агар мен бренд компания бўлсам, сизнинг 95% акциянгизга қарши 5% акциялар билан киришим мумкин, бироқ сизга брендни берсам, сиз назоратим остида бўласиз.

А.Т.: Ҳар бир аниқ ҳолатда улуш миқдорига эмас, реал вазиятга ва муносабатлар тизимига қараш лозим.

20%лик чегара аҳамиятга молик деб қайд этиш осон, албатта. Бироқ бу масалани ҳал этмайди.

 

Савдо маркаси

Г.И.: Фуқаролик кодексининг 67-моддасига мувофиқ, УФда эгалик қилиш улушингиз салмоқли бўлса ёхуд муайян келишувлар ва аҳдлашувларга асосан бошқа акциядорлар ёки муассислардан (иштирокчилардан) кўра кўпроқ назоратга ва қабул қилинаётган қарорларни назорат қилиш имкониятига эга бўлсангиз, бундай субъект сизнинг шуъба хўжалик жамиятингиз ҳисобланади. Текширувлар чоғида – трансферт нарх белгилашга нисбатан эмас, балки эгалик қилиш улуши жуда кичик, бироқ савдо маркасига келишув тузилган муассасани норезидент деб тан олишга уринишда назорат органи айни қуйидаги асосда қарор қабул қилган ҳолларни биламан: бу доимий муассаса, чунки сиз барча ишлаб чиқариш жараёнларини назорат қиласиз. Мана назорат нуқтаси!

Ҳақиқатда бундай компания билан қандайдир битим тузган бўлсам, эгалик қилиш улуши жуда кичиклигига қарамай, у трансферт компания деб ҳисобланади. Савдо маркасини бериш ҳақида келишув мавжуд.

Нима қилмоқ керак?

Г.И.: Ноаниқлик солиқлар қўшимча ҳисобланиши учун ҳам, солиқ солишдан қочиш учун ҳам замин яратади, чунки солиқ органлари ўринли даъво билдирганда ҳам «айёр» тадбиркорларимиз: «Нархим бозорники, ҳамма билан шундай келишаман...» дейишлари мумкин.

– Яъни аффилланмаган шахслар билан бир-иккита қўшимча битимларни ўзига алоқадор тузилма билан бўлганидек нархда тузишнинг ўзи кифоя, шу билан хотиржам бўлиш мумкинми?

Г.И.: Ҳа, бу трансферт нарх бўлганлигини исботлаш жуда мушкул бўлади.

– Бундай вазиятда ўзини тутишнинг хатарсиз шакллари борми?

А.Т.: Бундай операцияларни ўтказадиган компанияларнинг манфаатини кўзлаб юзага келиши мумкин бўлган эътирозларга олдиндан тайёргарлик кўриш лозим. Бунинг йўлларидан бири – ички сиёсатларни ишлаб чиқиш ва мажбурий қўллаш воситасида компаниямизда бозор нархларини белгилашнинг халқаро ёндашувларини жорий этиш.

– Агар компания битимнинг реал нархидан қатъи назар эҳтимолий энг юқори бозор нархидан солиқларни тўласа, хатар сақланадими?

А.Т.: Энг юқори деганингиз нимаси? Бу бизнесингиз манфаатларига мувофиқ келадими?

Яна бир гап, нарх максимуми – бу ҳам бозор қиймати эмас, бунинг устига, юқорида айтганимиздек, ҳар қандай нарх юзасидан низолашиш мумкин. Сиз 50 ш.б.га сотишингиз, 200 ш.б.дан бўлганидек солиқ тўлашингиз мумкин, бироқ истасам, бу нотўғри бозор нархи дейишимга ҳеч нима халал бермайди. Сизнинг эса менга ниманидир исбот қилиб келтиришингиз қийин бўлади.

Солиқ кодексига мувофиқ, барча ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин қилинади. Бироқ бунда солиқчилар доим қуйидаги позицияни эгаллайдилар: бизга ҳеч қандай ноаниқлик кўринмаяпти, ҳаммаси жуда аниқ! Солиқ идораси ўз баҳоларини қўллаши мумкин дейилган, шундай қиляпмиз ҳам.

Афсуски, биргина маҳсулотнинг ички бозордаги, МДҲ бозоридаги ва, айтайлик, Европа бозоридаги нархи турлича бўлади. Биржа нархи дейсизми? Интернетдаги нарх? Жаҳон биржаларидаги нарх? Қайси бирини мўлжал қилиш керак?

Бизда аффилланганлик нима учундир асосан резидентлар ва норезидентлар ўртасидаги битимларга боғланган – бу ҳам жуда катта савол. Ҳар қандай ҳолда ҳам бу – ё экспорт, ё импорт. Бизда эса ички нарх ва экспорт нархи анча фарқланади... Бу ерда маҳаллий валютага сотилади, экспортга – қатъий валютага...

Мен доим аффилланганлик мавзусига қайтавераман, сабаби мустақил компаниялар ўртасидаги битимларда бозор нархи каби параметр қўлланмайди. Фуқаролик, Солиқ кодекслари, аудиторликка доир норматив ҳужжатлар – уларнинг бари аффилланганликка турлича таъриф берадилар. Солиқчилар улар учун Солиқ кодексининг устувор эканлигини айтадилар, албатта. Бироқ Солиқ кодексидаги 3 банддан иборат рўйхат компаниялар ўзаро алоқадорлигининг барча вариантларини қамраб олмайди. Ҳа, эгалик қилиш – ҳали назорат омили эмас, бироқ бу бошқа поғона. Биз ҳеч бўлмаганда илк поғонани кенгайтиришимиз, биринчи навбатда солиқчиларга барчани унга киритиш имконини беришимиз зарур.

– ИҲРТнинг Трансферт нархларни белгилаш бўйича қўлланмасидан1 андоза олишни таклиф қиляпсизми?

А.Т.: Бу амалий тавсия эмас... Кўпгина мамлакатлар риоя этадиган халқаро ҳужжат.

Г.И.: Вақти келиб бизда трансферт нархларни белгилаш тўғрисида қонун пайдо бўлади. Бироқ бугунги кунда Солиқ кодекси 40-моддасининг трансфертга доир нормалари 2010 йилдан буён норматив жиҳатдан амал қилмоқда, у қандай шарҳланиши кераклиги ҳақидаги йўриқнома ёки низом кучга кирса – солиқчилар буни бутун давр учун қўллайдилар.

Ҳа, юридик жиҳатдан қонун орқага қайтиш кучига эга эмас, бироқ Солиқ кодексидаги норма амал қилмоқда.

Амалиётда – айниқса бу корпоратив бошқарув тизими ва тузилмаси ўта жиддий бўлган акциядорлик жамиятларига тегишли, – аффилланган тузилмалар бўйича барча шартномалар кузатув кенгаши ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши орқали ўтиши керак. АЖ тўғрисидаги Қонуннинг 88-моддаси шуни талаб этади.

Шунингдек ҳар бир битим юзасидан бозор нархини мустақил белгилаш ва шартнома келишиладиган умумий йиғилиш баённомасида: «бозор нархи шунча бўлишига қарамай, фалон аффилланган шахсга нисбатан мана бундай бошқа нархни қўллаймиз, бунга ҳамма рози» – дея қайд этиш керак. Компания раҳбарияти битим юзасидан қарор умумий йиғилиш ёки кузатув кенгаши даражасида қабул қилинганлиги билан ҳимояланган бўлиши керак.

Агар катта бўлмаган компаниялар ҳақида сўз юритилса – ўрта бизнес бугунги кунда Қозоғистон ва Россияда шуъба корхоналарни фаол ташкил этмоқда. Унча катта бўлмаган тўқимачилик корхоналарини олайлик – уларнинг аксарияти яқин хорижда ўз савдо уйлари ёки ваколатхоналарига эга бўлиб, уларга пасайтирилган нархларда ўз маҳсулотларини жўнатадилар. Бунда «келинг, аффилланган нархларни тасдиқлаймиз» – дейиш жуда мушкул. Фикримча, аксарият раҳбарлар бундай модда борлигидан мутлақо бехабарлар.

Йирик компаниялар трансферт муаммоси билан тўқнаш келганлар, уни биладилар ва ўз стандарт шартномалари нархларини белгилаш йўли билан амалиётда ҳал этадилар. Уларда аудиторлар, маслаҳатчилар, малакали юридик хизматлар, ўз касбининг устаси бўлган бухгалтерлар бор... Кичик бизнес бундай ресурсларга эга эмас. Уларнинг кўпчилиги экспортчи бўлса ҳам, трансферт ҳақида умуман ўйламайдилар.

Улар учун тавсия сифатида қуйидаги хавфсизлик чизиғини белгилаш мумкин: АЖ тўғрисидаги ва МЧЖ тўғрисидаги қонунларда келтирилган корпоратив бошқарув қоидаларига риоя этинг. Аффилланган шахслар билан ишлашда қонунда белгиланган тартибни ўрнатинг. Бундай шартномаларга йиғилиш баённомаси ёки қарорини расмийлаштиринг. Ва – табиийки! – солиқларни тўланг. Ана шунда назорат ўтказилишига ҳозирлик кўрган бўласиз, битим юзасидан қандай солиқ солиш даражаси белгиланишини биласиз.

А.Т.: Трансферт нархларни белгилашга доир халқаро усуллар ва таърифларни қўллашга келсак... Тўғри, бу ҳам 100 фоиз кафолат бермайди. Бироқ, ҳар ҳолда, ушбу нархни қандай белгилаганингиз ҳақида сўрасалар: «Мен буни барча ривожланган мамлакатларда бўлганидек қилдим, нотўғри бўлса, исботланг!» – деб жавоб беришингиз мумкин бўлади. Бундай позиция сизни муайян даражада ҳимоялайди.

 

Инвестор учун акциялар

Г.И.: Ўзбекистонда сўнгги 2–3 йил ичида қабул қилинган қонунларнинг қарийб барчаси бу ерга хорижий капитал келиб, ишлашига йўналтирилган. Ривожланаётган иқтисодиёт – инвесторлар учун энг қизиқарли материал бўлиб келган, бу ердан ҳар қандай ривожланган иқтисодиётдан кўра кўпроқ наф олинади. Модомики хорижий капитал келар экан, барча халқаро миқёсда ишлаш қоидаларини ўзи билан олиб келади, сабаби бутун жаҳон бизнинг стандартларимиз бўйича ишламайди. Инвесторлар капитал энг кам хато билан ишлашининг якуний натижасини олдиндан кўриш имконини берувчи стандартлар доирасида ишлайдилар.

А.Т.: Аввало инвестор ўзи учун муайян модель қуриб олади: даромадлар, харажатлар, натижа. Ҳар қандай қарор ҳисоб-китобга асосланиши лозим. Агар у «мана бу солиқ ундирилиши мумкин, балки ундирилмас» деган шартларга тўқнаш келса, бошқа барча афзалликлар ва кафолатлар унинг назарида ўз қадрини йўқотади. Халқаро амалиёт ишлаб чиққан трансферт нархларни белгилаш принциплари ИҲРТнинг трансмиллий корпорациялар ва солиқ органлари учун трансферт нархларни белгилаш бўйича қўлланмасида ҳамда иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш ҳақида халқаро битимлар имзоланишига асос бўладиган ИҲРТ Модель конвенциясининг 11-моддасида мустаҳкамланган.

ИҲРТ аъзолари – иқтисодиёти ривожланган 35 давлат2. Уларнинг аксарияти мазкур принциплар ва қоидаларни ўз қонун ҳужжатларида акс эттирганлар.

Аффилланганликка келсак, фикримча, Халқаро молиявий ҳисобот стандарти (IAS) 24 «Ўзаро алоқадор томонлар тўғрисидаги ахборотни очиш» ўзаро алоқадор томонларга тўлиқ ва аниқ таъриф берган. Айни унга таяниш мумкин, бунинг устига Ўзбекистонда бошқа масалалар юзасидан ХМҲСга яқинлашмоқдалар.

Халқаро стандартлар аффилланганлик мезонларини миқдор параметрлари (акцияларнинг 20%и, овозларнинг учдан бири ва ҳ.к.) билан чекламайдилар. Бу уни алоқанинг асл моҳиятини ҳисобга олувчи сифат тавсифларига асосланиб таснифлаш имконини беради.

– Трансфертни бошқаришга халқаро ёндашувлар Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятга монандми?

А.Т.: Трансферт билан боғлиқ муаммонинг энг муҳим жиҳатларидан бири – қиёсланаётган компаниялар нархлари ва рентабеллиги ҳақидаги ахборот манбаларидан фойдалана олмасликда. Кўпгина ривожланган мамлакатларда солиқ тўловчиларнинг молиявий ахбороти барча учун очиқ. Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишда дадил қадамлар қўйиб, биз ҳам бунга эришамиз деб ўйлайман.

 

Юлия ЯШИНА суҳбатлашди.

 


1Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг (ИҲРТ) трансмиллий корпорациялар ва солиқ органлари учун трансферт нархларни белгилаш бўйича қўлланмаси.

2ИҲРТга аъзо мамлакатлар. 

http://www.oecd.org/about/membersandpartners/#d.en.194378 ҳаволаси орқали кириш мумкин.

Прочитано: 2301 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика